Бош саҳифа / Адабиёт / Икки қулоч ер

Икки қулоч ер

“Бу қишлоққа энди қайтмасам керак” дея кечагина узоқ юртдан ҳарбий хизматни ўтаб келган ўғил отаси билан хайрлашишга тушди:

—Отажон, ўрис командирларимнинг айтишича, мендан зўр офицер чиқар эмиш. Мерганликда моҳир эканман.  Чап қўлим билан осмонда учаётган қушнинг кўзини нишонга ололаман… Ҳали биз томонлардан мендай пишиқ, алп келбатли,  полвон  йигит совет армиясида бўлмаган экан. Армияда олган мақтовлару медалларим сон-саноқсиз, ҳисобидан адашасиз… Ўша олисдаги ҳарбий қисмда ишда қолишга аҳд қилганман.  Дуо беринг, мен кетаман..!

—Эе-е, улим! Менинг ёлғизгина болам бўлсангиз… Билмадим бу дунёда яна неча кунлигим қолди… Сиз ўёққа кетсангиз, елкамга чим кўкаради-ку! Ортимда қолиб, дуо қиладиган, чироғимни ёқиб ўтирадиган сиз эмасми?

—Отажон, ўзингизни кўп уринтириб юрманг: қўй-қўзиларни камайтиринг… Қишлоқ адоғидаги узумзорни ҳам бировга беринг! Ҳовлига жиянларимдан бирини кўчириб келинг. Мен барибир кетмасам бўлмайди… Катталаримнинг олдида уятли бўламан. Юзим ерга қарайди. Уларга ваъда берганман. Совет армиясига керак эканман, у ерда мен офицер сифатида хизмат қилмасам бўлмас экан..! –дея қатъий гапирди ўғил.

Чол ҳовли бошидаги толнинг тагига ўтирди. Ҳассасини ерга қўйди. Бўғзига нимадир тиқилгандай бўлди. Навқирон йигитлик чоғлари кўз олдидан ўта бошлади…  Бир бўй-басти келишган ўғлига қаради, бир қишлоқ бошидаги тоғларга боқди… Сукунатга чўмди. Ўйланиб қолди. Отанинг гапига қулоқ солмаган ўғлининг кўнглига қаради…

—Ҳа, улижоним-а! Бизам сиздай жигит эдик. Билагимизда тоғни урса талқон қилгудек кучимиз бор эди.   Шу ҳовли-жойни, ота-онамизни, қавму қариндошни деб жанг  кечканмиз…  Берлинга байроқ қадаганлар орасида мен ҳам бор эдим.  Аммо, бир зум ҳам қишлоғимни, киндик қоним тўкилган жойни унутганим йўқ!  Ўзим олисда бўлсам-да, томирларим шу ердан куч олиб,  сув ичиб турарди. Қишлоққа қайтмайман деманг болам..!

Ота ўғлининг йўлини тўсмади…

—Майли, болам! Сенинг ҳам, ўшаёқдаги ўрис командирларингнинг ҳам жонларинг соғ бўлсин..! Қаерда бўлсанг-да, шу тупроқни унутма! Ой бориб, омон қайтгин, дея дуога қўл очди…

… Пешонасида бор экан, ўғил муносиб ҳарбий бўлди. Садоқат билан хизмат қилди. Эгнига катта-катта юлдузлар қўнди. Тарбияси пишиқлигидан обрў-эътибор топди. Баднафс бўлмади. Хиёнат кўчасидан ўтмади. Бировнинг ҳақига бурилиб  ҳам қарамади.  Уйли-жойли, болали-чақали бўлиб кетди…

Вақт деган олий ҳакам ўз ҳукмини ўқийдиган фурсат етди. Отаси дунёдан ўтди… вақт уни отасидан ажратди. Ўзи айтганидай қишлоқдаги обод боғга ҳам, ҳовли-жойларга ҳам кимлардир эгалик қилди… Йўли кексалик томон бурилди. Қирдай келадиган елкалари ихчамлашди… Қадди букилди. Туғилган жойини, ота-онасини тез-тез эслайдиган, ҳатто тушларига кириб чиқадиган бўлиб қолди…

Бир куни ўғилларини тўплади:

—Болаларим, сизларга бир илтимосим бор, агар қўлларингдан келса, -дея сал хижолат тортгандай бўлиб ерга қаради.

Шунда катта ўғил бироз ажабланди-да:

—Дадажон нималар деяпсиз. Бизга ҳеч қачон илтимос оҳангида гапирманг, буюринг!.. Нима керак бўлса ҳаммасини муҳайё қиламиз. Истаган нарсангизни олиб келишимиз мумкин!

Ўғлининг бу гапи отанинг кўнглига таскин бера олмади. Дардини баттар қўзғади. Ўз юртидан олисда ўтаётган умрининг бир лаҳзасида айтилган шунчаки, оддий гап бўлди. Бу сўзлар меҳрибон фарзандлар наздида қадри баланд бўлса-да,  аммо ота учун залворсиз, юки енгил туюлди. Унда Ватан соғинчи йўқ эди…          

—Йўқ, ўғлим! Бу илтимосимни олиб келиб бўлмайди…  Бу илтимосим бозорда сотилмайди.  Уни ясаб ҳам бўлмайди, уни қуриб бўлмайди. У кўкка тегиб турган қаср ҳам эмас, у осмонда учадиган кемага-да қиёсланмайди..! Ҳа, ўғлим уни ҳеч қачон олиб кела олмайсизлар!  Аксинча, унга мен боришим керак… мени олиб боришларинг лозим!  Сизларга айтмоқчи бўлган энг катта илтимосим шу эдики:  агар вақти келиб, бир кун  жон омонатимни топширсам,  қишлоғимга,  ота-онам ётган жойга..,  икки қулоч ерга қўйсаларинг мен сизлардан рози бўлардим..!

Салоҳиддин Норқобилов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги шеърлар

Билиб бўлмас Яхшилар ҳеч эсдан чиқмас, ёмонотни билиб бўлмас, Турфа феълу, турфа аъмол, одамзотни билиб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan