Бош саҳифа / Сиёсат / Икки халқ ҳамкорлиги

Икки халқ ҳамкорлиги

Вилоят ҳокими бошчилигида Тожикистонга ташриф буюрган воҳамиз делегацияси Президентимиз ташаббуси билан бошланган ишлар ижроси ва самарадорлигини яна бир карра кўздан кечиришди.

Воҳамиз вакиллари Турсунзода шаҳар ҳокими Абдуқодир Вализода, деҳқон хўжалиги раҳбари Неъмат ҳожи Усмонов билан учрашиб, истиқболли лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, турли йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ўзаро тажриба ва фикр алмашишди.

Маълумки, муҳтарам Юрт- бошимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентябрь ойида Тожикистонга ташрифи чоғида “Неъмат ҳожи” ва “Боғи Сомон” деҳқон хўжаликларида бўлиб, Ўзбекистонда ҳам шундай ҳосилдор узум навлари етиштиришни йўлга қўйиш таклифини билдирганди. Юқоридаги деҳқон хўжаликлари раҳбарларига юртимизда ишлаб чиқарилган “Captiva” машинасини совға қилганди.

Бу таклиф икки мамлакат деҳқонлари учун ҳам маъқул бўлди. Натижада вилоятимизда “Exclusive Golden Garden” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, Олтинсой ва Сариосиё туманларида интенсив усулда узум етиштириш, қуритиш, қайта ишлаш, совутгичли омборхона ташкил этиш учун 500 гектар ер ажратилди. Яна 500 гектар ҳудудда доривор хусусиятга эга амаранта ўсимлигини ўстириш, қайта ишлаш ва маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шундай қилиб, Сурхон воҳаси ҳудудида 1000 гектар унумдор ерда юрт фаровонлиги учун боғ-роғлар бунёд этилади.

Икки халқ, икки миллат ҳамкорлиги, дўстлиги ва биродарлиги минг йилларга бориб тақалади. Маълумки, Тожикистоннинг Варзоб дарёси суви Катта Ҳисор канали орқали Қоратоғ дарёсига, ундан “Жанубий Сурхон” сув омборига қуйилади. Икки давлат ҳудудидан ўтувчи, узунлиги 55 километрни ташкил этадиган канал орқали ўтган йили вилоятимизга 250 миллион кубга яқин сув олинган.

Айни пайтда вилоятимизнинг пудратчи ташкилотлари томонидан Катта Ҳисор каналини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари жадал олиб борилаяпти. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов бошчилигидаги делегация аъзолари каналнинг 20 километрдан ортиқ қисмида амалга оширилган тозалаш ва таъмирлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Президентимиз ташаббуси билан бошланган икки халқ орасидаги эзгу ҳамкорлик Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, мустаҳкам қўшничилик ва фаровонлик манбаи бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқдир.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Электрон рўйхат афзаллиги нимада?

Бугун давлат ва жамият ҳаёти ахборот технологияларидан айри ҳолда ривожлана олмайди. Замонавий ахборот техноло-гияларидан фойдаланиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan