Бош саҳифа / Жамият / Иймон хиралашган кўздан кетмагай…

Иймон хиралашган кўздан кетмагай…

Кўк ва замин орасидаги ҳаёт гулшанида боқийроқ ҳеч нарса йўқки, иймондан бўлак. Эҳтимол, бани башар фарзандининг бор бисоти ҳам шудир. Очлик, муҳтожлик, ноиложлик, чигал муаммолар қуршовидаги одам оқибат Яратганига юкунади, унга юз буради. Иқрор шу томонга юз бурмоққа мажбур этади. Одам боласига қўйса, мушкул ҳолатга тушмаса, Роббисини ёдламайди. Гўё ҳамма иш ўз-ўзидан юришиб кетаётгандек.

Истакларининг охир-адоғи кўринмайдиган зотнинг хоҳишлари бисёр. Негадир менга кейинги пайтларда бу чексиз истакли одамзотнинг орзу-ҳаваслари ортиши баробарида худбинлиги ҳам чунон ортаётгандек туюлади. Бу хасталикка ўхшайди кўпроқ. Хасталик бўлганда ҳам кичикроқ эмас, нафс йўлидаги оворагарчилик, кўп бўлгандан кўпроқ бўлишини истаётган кишимизга энди бир бунчаси оз, етарли бўлмаётир. Очкўзлик ортидаги маънавий фожиалар қандай оқибатларга олиб келаётганини билгани ҳолда тағин шу хоҳишидан воз кечмаётган замондошимизни қай балолар домига тортмоқда. Ўзни назорат, тафтиш этиш мушкулотга айланмоқда. Замондош шоиримиз Эшқобил Шукур суҳбатлардан бирида “киши ўзини ўзи тафтиш этмоғи керак, ичимда нималар бор: улар шайтонийми ёхуд Раҳмоний? Бир ёмон фикр, ёмон назар, оний лаҳзада инсон вужудидаги 360 минг ҳикматдан 99 тасини ҳалок этади”, дея мулоҳаза этганди.

Атрофимизда бутун ҳикматларни ўлдириб, демакки, маънавиятини ҳам ҳалок этаёганлар қанча? Инсон ўз қисмати, ҳаёти олдида масъул, ҳисобдор экан, албатта, ўзини тергаши, ўзига вақти-вақти билан ҳисоб бериши лозим.

ШОИР ВА ПУЛ

Ҳамкасбларимиздан бири шошилганча хонага кириб келдию кўрсаткич бармоғини кўрсатиб, ҳазиломуз деди: “Шоирнинг пул топаман деб югурганининг оқибати мана шу. Оқибат қалам тутмоқни одат қилган бармоқлар пул санайман деб жароҳатланди…”.

ИНСОФ

Жамиятдаги оғир муаммоларга йўл, имконият излаётирмиз. Виждонида кемтиклиги бўлган кишилар билан учрашув — фожиа. Инсоф ҳам иймондан бир белги.

ЧЕҲРАЛАРДАГИ
ҲАҚИҚАТ

Зулматни мавҳ этмиш ёруғликни, тонгни шарафламоққа, Яратганга шу ҳаётни кўрмоқ неъматини берганига беадад шукроналар айтмоққа ҳозирланаман… Ҳаётжоннинг гавжум манзилига шу истаклар билан шўнғийман. Йўл бўйи ўйларим билан келдим, ён-веримдан минглаб одамлар шитоб билан ўтгани-ўтган. Шаҳарнинг шовқинзорига қандай етганимни билмасдан сергакланаман. Шу йўлда бирга келганларнинг энди юз-кўзларига боқаман. Ичимда бир иқрор уларни асло билолмаслигимни, буларнинг бари ўзини шу алфозга соз- лаган ёхуд шу кўйда ўз ҳолига ҳам ҳайрон эканлигига ишона бошлайман. Эҳ, бу одамнинг ҳолига тушмоқ, уни англамоқдан мушкулроқ иш бўлмаса керак. Шундай бўлсада, қандайдир сезимлар бу чеҳраларнинг муддао сини тилсиз сўзлаётгандек, фош этаётгандек. Ҳа, манов одамнинг фалон дардда безовталиги, бунисининг умидсизликдан, ниятсизликдан айрилган бир бечораҳол эканини пайқайман. Барча нарсаси бор, аммо умидидан ўзи юз ўгираётган, охир оқибат ҳеч вақоси йўқдай қолаётган кишининг ҳоли ажабланарли. Бошқа бир томонда “арзийдиган ҳеч нарсаси йўқ, ҳеч нарсадан-да ками ҳам бўлмаган” фақирнинг юзидаги шукроналик, собитлик, таваккаллик, мамнунлик розини чеҳраси сўзлаб турган кишилар кўринаётир. Барча синовларини тақдирдан деб билгувчи марднинг аҳволидан қувонаман, ундан ибрат олмоқ кераклигини англайман. Аслида ҳар иккисидан ҳам ибрат олмоқлик зарурроқ, муҳимроқ. Яна бошқа томонда турфалардан алоҳида қиёфаларга кўзим тушади. Алҳол, уларнинг орасида ҳам турфаларини кўраман. Ҳамон унинг истакларида сирлироқ, яширинроқ, эҳтимол қоронғироқ бир нарсалар бормикан, деб ўйга толаман. Шу оний лаҳзаларда негадир юрагимда “тавба, тавба, тавба” деган сўзлар айланади. Ҳайронлик калимаси бу. Умидворлик нидоси бу. Эҳтимол, кўрганларимдан, сезганларимдан бу…

Тавбага мудом ҳозиру нозирман. Бу унутгувчингнинг (инсонни шундай атайдилар) гуноҳларини ўзинг билгайсан, Парвардигор. Узримни сўрмоққа, юрагимни бир равишга солмоққа, мадорлиман. Ҳаётжоннинг ажаб бу кенгликларида инсон фарзанди эканимни ботин овозимнинг борича истаган розимни юрагимдан, қалбимдан, бор вужудимдан ўтказаман…

 ЁЛFОН

Одамнинг қалбини, шубҳасиз ҳаётини ҳам бузадиган бир офат бор. Ёқимсизлиги, бадбўйлиги юрагингни ҳам беҳузур қилади. У бир хатарлик душманки, асло муроса қилиб бўлмас. У билан мудом курашмоқ, жанг қилмоқ фарз. Энг сўнгги кучинг, мадоринг, охирги сўзинг қолса-да у билан кураш. Ёлғон! Алдов! Қачонлардан уни нимагадир ўхшатмоққа, қиёсламоққа сўз топмоққа уринаман. Хаёлимга келган биринчи фикр: “Ёлғоннинг уйи зулумот, ёлғончининг пири шайтондир”.

 СИНИҚЛИК

Юлдуз кўрмаган одамлар ҳали ҳам кўп орамизда. Улар ҳалол ризқ излаб далаларни, қирларни кезиб, сув кечиб юрибди. Улар мудом ер билан сўзлашмоқнинг нафи кўпроқ, деб биладилар. Одамларга ризқ яратмоққа сабабчи бўлишга тақдири қўшилмиш уларнинг. Ҳеч кимга ишонмас сирларини, ҳасратларини ҳам шу заминга айтарлар. Ернинг эса одамлар билан ёвлашмоққа, зиддиятлашмоққа хоҳиши йўқ. Аммо нафс билан, кераксиз истаклар билан, ўз-ўзи билан айтишар, ўзидаги бегоналар билан олишар, йиқилар, йиқар. Буни кураш демоққа асосим бор, кўринмас кураш у. Аммо ёлғон кураш эмас, асло! Бу курашга олмосдайин ўткир сўзлар, ул вужудни кирлантирмиш нарсалардан сақлагувчи дуолар, санолар, таваллолар бор.

Менинг вужудимда ҳам парча-парча бўлиб қолган, синиқроқ тилакларга бутунлик беришини сўрайман Ўзидан. Илло, синиқликда ҳам бир ҳикмат бордек, азизлар. Гарчанд бу ҳол кишига афзалроқ туюлмаса-да, ундан руҳимизга бир ойдинлик, ёруғлик, таскин ва умид бордек туюлади менга.

 ОЗОДЛИК
ОДИМЛАРИ

Ҳаётингда нималар содир бўлаётганига тушунолмайсан баъзан. Хаёлингда нималар кечаётганига ҳайрон бўласан. Сен бир зум барча кўраётганларингу кечинмаларингдан баландроқда, юксакроқда бўлишни истайсан. Шунчаки истайсангина эмас, шундай бўлишини юрак-юракдан тилайсан. Негаки, сен бу эркнинг, бу туйғунинг таъмини ҳис эта бошлаганингдан шундай. Аввалроқ замондош шоирлардан бири суҳбатларда “руҳинг юксакроқда бўлиб турган кезларда сени бирпасда ерга, эҳтимол ундан ҳам пастроққа олиб тушадиганлар бор” дея хитоб этганида унинг маъносига тушунмагансан, англамагансан. Бугун тансиқроқ эҳтиёжнинг аслида камёброқ ҳодиса эканини тушуна бошлаяпсан. Баландроқ туйғулар билан озод одимламоқ, шундай нафас олмоқлик қанчалар тотли. Буни англаганлар билан ёнма-ён эканинг сенинг ягона бахтинг, омадингдир.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE