Бош саҳифа / Таълим / Ибратли ташаббус

Ибратли ташаббус

Нигора Халиярова Жарқўрғон туманидаги 36-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси. Айни пайтда мактаб яқинидаги маҳалланинг иқтидорли болалари учун қўшимча бепул тўгаракларни ташкил этган. Шунингдек, туман марказидаги 2-умумтаълим мактабида ҳам худди шундай тўгарак фаолиятини йўлга қўйган. Мақсад элга, унинг фарзандларига беминнат хизмат қилиш. Педагогнинг айнан бепул тўгараклар очиш ғоясини онаси Раъно Гаипова қўллаб-қувватлаган эди.

— Фарзанд тарбиясида таътилда эдим, — дейди Нигора Халиярова. — Онам бекор ўтиргандан кўра, “Сурхон соҳили” маҳалламиздаги тил ўрганишга қизиқиши бор болаларга инглиз тилидан сабоқ беришимни маслаҳат берди. Дастлаб, уйда, сўнгра маҳалла идорасининг бўш турган хонасида қишлоғимизнинг иқтидорли, аммо эҳтиёжманд оила фарзандларига бепул тўгарак машғулотларини олиб бордим. Илмга қизиқиши бор ўқувчига нафақат бепул таълим, балки борингизни бергингиз келади. Айрим болаларда буни кузатмайсиз. Аммо уларни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Педагог ҳамма болалар билан ишлайди, уларнинг қалбига йўл топмоғи лозим.

Н. Халиярова фаолият юритаётган мактабда бўлиб, ушбу тўгарак фаолияти, ўқувчиларнинг қизиқиши билан яқиндан танишдик. Қисқа суҳбатимизда аён бўлдики, тўгарак аъзолари тасодифий болалар эмас. Масалан, мактабнинг 6-синф ўқувчиси Қувончбек Норбоев ўтган йили билимлар беллашувининг туман босқичида инглиз тили фанидан фахрли учинчи ўринни эгаллаган. У келажакда инглиз тилини мукаммал ўрганиб, Италияда таҳсил олмоқчи. Рухшона Тоштемирова, Самандар Норбоев устозидек инглиз тили ўқитувчиси бўлишни орзу қилади. Бобомурод Бердиев, Зуҳра Нормаматовалар эса шифокорлик касбини эгалламоқчи. Ҳаммаси келажакдаги орзуларига етишмоғи учун тил ўрганишни биринчи вазифа деб билади.

Ибратли ташаббуслар қанот ёзаётган мактаб фаолияти билан ҳам қизиқдик. Панжи Ҳайдаров раҳбарлик қилаётган ушбу таълим муассасаси туман мактаблари рейтингида ҳам пешқадамлар сафида экан. 745 нафар ўқувчи таълим олаётган мактабда 60 нафар педагог фаолият юритмоқда. Йилнинг энг яхши фан ўқитувчилари кўрик-танловида эса М. Тўрақулова, М. Шобердиева, З. Қобилова, Б. Чориев каби фан ўқитувчилари ҳам алоҳида эътироф этилган. “Умид ниҳолллари” спорт мусобақалари дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича ҳам натижалар ёмон эмас.

Б. ИБРОҲИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE