Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Иқтисодиётда ўсиш кузатилмоқда

Иқтисодиётда ўсиш кузатилмоқда

Мамлакатимизда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли республикамиз иқтисодий қудрати барча соҳаларда мустаҳкамланиб, халқ фаровонлиги юксалиб бормоқда.

Бу борада асосий кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2018 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноатнинг ўсиши 124,1, қишлоқ хўжалиги 106,5, пудрат ишлари ҳажми 105,3, чакана савдо 103,6 ва умумий хизматлар ҳажми 107,6 фоизни ташкил қилди.

Хусусан, вилоятда саноатни ривожлантириш, самарали ва ихчам ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни бунёд этиш, шу йўл билан иш ўринларини кўпайтириш бўйича аниқ дастурлар асосида ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида саноатда 1280,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2017 йилнинг январь, июнь ойларига нисбатан 129,9 фоиз ўсишга эришилган. Бунда жами ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 751,5 миллиард сўми йирик корхоналарга, 285,0 миллиард сўми кичик корхона ва микрофирмаларга, 243,8 миллиард сўми уй хўжалиги ҳисобига тўғри келди, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 517,1 миллиард сўмни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш вилоят иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан ҳисобланади. Шу сабабли ҳам экспортнинг салмоқли қисми мазкур соҳа маҳсулотлари ҳисобига амалга оширилмоқда. 2018 йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотлари ҳажми 3804,3 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,5 фоизга ўсган. Ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 3171,6 миллиард сўми деҳқон хўжаликларига, 632,7 миллиард сўми эса фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари улушига тўғри келади. Ҳозирги пайтда вилоятда чорвачиликка ихтисослашган 942 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. 2018 йилнинг биринчи ярмида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан жами 82,8 минг тонна гўшт, 414,6 минг тонна сут ишлаб чиқарилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йилида ташқи савдо айланмаси 317700,4 минг АҚШ долларини, шу жумладан, экспорт 98291,4 минг АҚШ долларини ташкил қилди. Вилоятнинг экспорти таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 84536,4 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, жами экспортдаги улуши 86,0 фоизга етди.

Айни пайтда мева-сабзавот маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш экспортида асосий ҳамкорлар Қозоғистон, Афғонистон, Россия, Покистон, Вьетнам ҳисобланади. Бунда асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаб, рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилди. Натижада бугунги кунда 33 дан ортиқ мамлакатга маҳсулот экспорт қилинди. МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Украина ва Тожикистон давлатлари ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 34,9 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Германия, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Латвия, Вьетнам, Швейцария давлатларининг улуши 58 фоизни ташкил қилди.

Хусусан, вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳамда эришилаётган натижалар хизматлар соҳасининг ҳам катта истиқболга эга эканлигини кўрсатмоқда. 2018 йилнинг 6 ойида умумий хизматлар ҳажми 2504,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,6 фоиз ўсишга эришилди. Бундай юқори кўрсаткичлар тармоқнинг қарийб барча йўналишларида қайд этилди. Масалан, молиявий хизматлар 143,8, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 113,3, яшаш ва овқатланиш хизматлари 107,5 ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 107,9 фоизга бажарилди.

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилаётганлиги боис, биргина жорий йилнинг 6 ойида 1584 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти рўйхатга олиниб, уларнинг 425 таси савдо, 260 таси саноат, 247 таси қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари, 205 таси қурилиш ва 447 таси хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этиб, бу соҳа вакилларининг умумий сони12 мингдан ошди. Энг асосийси, вилоятда ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб 73 фоизи айнан кичик бизнес субъектларининг ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларнинг яна бир фаоллиги шуни кўрсатмоқдаки, вилоятимизга киритилган 2 триллион 258,9 миллиард сўмлик капитал қўйилмаларнинг 30,7 фоизи кичик бизнес субъектлари томонидан жалб этилди.

М. РАҲМОНОВ,
вилоят статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари
А. ШОБЕРДИЕВ,
бўлим бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сохта чипталар…

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Олтинсой туман бўлими тумандаги электр таъминоти корхонаси ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE