Иқтисодий ўсиш

0
113

янги креатив ғояларга таянади

Бозор муносабатларига ўтишнинг асосий шарти кўп томонли иқтисодиётнинг ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитларини вужудга келтиришдан иборат. Шу боис, мустақиллик арафасидаёқ мамлакатимизда одамларнинг ўзини чинакам мулкдор деб ҳис этиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий майдон яратиш чоралари кўрилди.

Бозор иқтисодиёти тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлайдиган, иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни, жумладан, давлатнинг бандлик ва даромадлар сиёсатини амалга оширадиган, ялпи миллий маҳсулот таркиби ва сифатини белгилайдиган ҳамда ижтимоий кескинликни юмшатишга қаратилган етакчи секторга айланди.

Бу борада Сурхон воҳасида ҳам сўнги йилларда анча силжиш юз берганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, вилоятимиз иқтисодий салоҳияти, табиий имкониятлари билан мамлакат иқтисодий ривожланишида ўз ўрнига эга.

Кейинги йилларда вилоятдаги “Тўпаланг” гидроэлектростанцияси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, “Шарғун кўмир”, “Хўжаикон туз” акциядорлик жамиятлари, “Хонжиза” кон-бойитиш мажмуаси, Шеробод керамика бадиий буюмлар, Сариосиё тош саралаш каби завод ва корхоналар фаолияти самарали йўлга қўйилди. Бундан ташқари, воҳада 40 га яқин қўшма корхона, жумладан, “Намаф”, “Афрўз”, “Сурхонтекс” каби халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам вилоят иқтисодиёти ривожига улуш қўшаяпти.

Вилоятда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётганлиги натижасида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш кенг йўлга қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотни қайта ишлаб чиқариш имкониятларига ҳам йўл очиб берди.

Вилоятдаги “Gold Agro Fresh” агрофирмаси ҳам сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилиш борасида сезиларли ишлар олиб бормоқда. Мазкур агрофирма йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш билан биргаликда, 2 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаб, шунча оиланинг рўзғорига ризқ улашаяпти. Шунингдек, бундай корхоналар қаторига Ангор туманидаги “Angor Gold Fruitc”, Жарқўрғондаги “Фабулло строй сервис” масъулияти чекланган жамиятларини ҳам қўшиш мумкин. Термиз туманидаги Навоий кон металлургия комбинати “Дўстлик” агрофирмасига қарашли “Термиз” паррандачилик фермаси, Термиз шаҳридаги “Сурхон ипаги”, Шўрчи туманидаги “Мўмин текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда Сариосиё туманидаги “Сурхон текстиль кийимлари” фабрикаси нафақат вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда, шунингдек, қанчадан қанча одамларни иш билан таъминлаб, халққа саховатли хизмат қилиб келмоқда.

Аммо воҳада ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун вилоятда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, саноат корхоналарини техник ҳамда технологик янгилаш, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этиш юзасидан бажарилиши лозим бўлган муаммолар мавжуд. Уларни ечиш учун эса вилоятнинг мавжуд имкониятларидан кенг фойдаланиш, туманларда ишлаб чиқариш корхоналари сонини кўпайтириш, хориж тажрибаси ҳамда инвестициясини жалб қилиш лозим. Бу борада яқинда вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация Австрияда бўлиб, у ердаги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қорамолчиликка ихтисослашган ҳамда қурилиш билан шуғулланадиган йирик саноат корхоналари раҳбарлари билан қиймати 50 миллион долларга тенг шартномаларни имзолагани айни муддао бўлди.

Яна бир гап. Вилоятда туризмни ривожлантириш учун ҳам имкониятлар кўп. Хусусан, Бойсун туманидаги Омонхона, Дарбанд, Зовбоши, Сариосиё ва Узун туманларидаги Хонжиза, Сангардак, Шеробод туманидаги Шалқон қишлоқларини, Хўжаикон туз кони ҳудудини ўз ичига оладиган туризм зоналарини ташкил этиш истиқболли режага киритилган. Бу ҳам туризмнинг жадал ривожланишига, натижада воҳанинг иқтисодий ўсишига ижобий таъсир кўрсатади ҳам.

Бугунги эришилаётган муваффақиятлар келажакда ёшларнинг тўғри йўлдан бориб, юртимиз, хонадонимиз равнақи учун шижоат билан меҳнат қилишига замин ҳозирлайди. Шу боис, биз — ёшлар билимимизни, бор куч-ғайратимизни мақсадли сарфлашимиз, янги ғоялар ташаббускори сифатида халқимизга ҳалол ва пок хизмат қилмоғимиз даркор.

Элдор ҚОДИРОВ,
Олий ҳарбий божхона
институти курсанти

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг