Бош саҳифа / Сиёсат / Иқтисодий процессуал кодекс

Иқтисодий процессуал кодекс

тадбиркор ҳуқуқ ва манфаатининг ишончли ҳимоячиси

Мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талабларидан бири бу суд-ҳуқуқ тизимини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришдан иборат.

Шу маънода 2018 йил 2 январдан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги  Қонун бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини Кодексга мувофиқлаштириши, давлат бошқаруви органлари Кодекс- га зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаши белгиланди.

Қайд этиш керакки, амалдаги Хўжалик процессуал кодекси 1997 йил қабул қилинган бўлиб, орадан 20 йил ўтди. Бу даврдаги бозор иқтисодиётининг ривожланиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги нормалар билан тўлдирилган Иқтисодий процессуал кодексини қабул қилиш  заруратини пайдо қилди.

Иқтисодий процессуал кодекси 5 бўлим, 37 боб ва 347 моддадан иборат. Эътиборли жиҳати, Кодекс кенг жамоатчилик муҳокамаси, жумладан, турли соҳа вакиллари билан учрашувлар, олимлар, адвокатлар, тадбиркорларнинг фикрлари, шунинг- дек, илғор хорижий тажриба ва амалиётни чуқур таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилди.

Кодексдаги энг аҳамиятли янгиликлардан бири, судда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, одил судлов фаолиятининг сифат ҳамда самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайлик  яратиш мақсадида суд ишларини юритишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади. Жумладан, судларга электрон мурожаат этиш, суд ҳужжатларини тарафларга электрон юбориш, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда ўтказиш  билан бирга суд мажлисини аудио ва видео қайд этиш белгиланди.

Суд мажлисини аудио ва видео қайд этиш суд мажлисини батафсил ва узлуксиз қайд этиш имкониятини яратиб, тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиради. Жумладан, тарафлар суд мажлисининг аудио ёки видео ёзувлари билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар. Шунингдек, бу уларнинг вақт ва маблағларини ҳам  тежайди.

Яна бир янгилик, суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди, яъни эндиликда назорат инстанцияси судида ишлар нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протести асосида, балки назорат шикояти асосида ҳам кўриб чиқилади, бу эса жисмоний ва юридик шахсларнинг юқори инстанция судига ҳам тўғридан тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлаб, суд иш юритуви иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Низоларни самарали ҳал қилиш, тарафлар ўртасидаги ижобий муносабатни сақлаб қолиш мақсадида Кодексга тарафларни келиштиришга оид “келишув битими” тузиш бўйича алоҳида боб киритилди.

Умуман айтганда, Иқтисодий процессуал кодексининг қабул қилиниши натижасида иқтисодий судларда ишларни юритиш тартиби, энг асосийси, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш механизмлари такомиллашади. Бу эса мамлакатда тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ихтиёр ҲАКИМОВ,
 вилоят иқтисодий
суди раиси в.б.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун логистика маркази ташкил этилади

БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун Ўзбекистонда логистика марказини ташкил этади. Бу ҳақда БМТ расмийси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan