Хусусий мулк – давлат ҳимоясида

0
46

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ва бу ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қилади. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Мулкдор ўз ваколатларини амалга ошириши бошқа субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги лозим. Агар мулкдор вазият тақазосига кўра, муайян ҳудудда ёхуд бозорда устун мавқега эга бўлсада, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситадиган ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас.

Мол-мулкдан ҳуқуқий-тарғибот ва ахлоқ асосларига номувофиқ равишда фойдаланиш муайян ҳолатларда жиноят ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Мол-мулклардан фойдаланиш жараёнида ёнғин ва санитария хавфсизлиги давлат назоратида бўлади.

Айни пайтда мулкдор мол-мулкидан фойдаланишда ҳар хил сунъий тўсиқларга дуч келмаслиги шарт. Бугунги кунда мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили амал қилади. Унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ зиддият ва ноаниқликлар мулк- дорнинг фойдасига талқин этилади.

Давлат  мулкий муносабатларнинг барқарорлигини, мулкдор ҳуқуқларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Бу кафолат Жиноят ва Маъмурий кодексларда ҳам ўз аксини топган. 2012 йил 24 сентябрда тасдиқланган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдор ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ҳам белгилаб қўйилган. Эндиликда хусусийлаштирилган мол-мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда суд томонидан ташаббус билан чиқишга йўл қўйилмайди.

Мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ўзига юкланган мол-мулк солиғи, мажбурий тўловларни тўлаш, мулкни суғурталаш, белгиланган тартибда жорий ва капитал таъмирлаш каби мажбуриятларни бажариши лозим.

Мулкдорнинг мулк ҳуқуқидан ғайриқонуний мақсадда, бировнинг зарарига фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Д. АЛМУРАТОВА,
фуқаролик ишлари бўйича
вилоят суди судьяси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг