Бош саҳифа / Жамият / Хуш кайфит улашамиз

Хуш кайфит улашамиз

Наврўз сўзини тилга олишингиз билан улкан сайилгоҳ манзараси, карнай-сурнай садоси, шодиёна сари ошиқаётган одамлар, улар чеҳрасидаги бахтиёрлик кўз олдингизга келади.

Яна дошқозонларда осилган сумалак, баҳорий таомларга тўла файзли дастурхонлар, қадим оҳанглар жўрлигида куйланаётган қўшиқ ва алёрлар байрам шукуҳини ёдингизга солаверади. Юртбошимизнинг Наврўз умумхалқ байрамини ўтказишга доир қарорлари ва вилоят ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари туфайли бу йилги айёмга ўзгача ҳозирлик кўрилди.

Хусусан, байрам тадбирини юқори бадиий савияда ўтказишга профессионал ва тажрибали сценаристлар, режиссёр ва балетмейстрлар, саҳна рассомларидан иборат вилоят ижодий-ишчи гуруҳи жалб этилди.

Отчопар мажмуасидаги иккита саҳнада байрам дастурларини намойиш қилиш мўлжалланаяпти. Асосий катта саҳнада вилоят мусиқали драма театри актёрларининг Алишер Навоий, Собир Термизий, Бобур, Нодира, Чўлпон сингари улуғларимизнинг сиймолари акс эттирилган чиқишлар, фольклор жамоалари ва ёш эстрада хонандаларининг Наврўз ҳақидаги ва янги кунни мадҳ этувчи қўшиқлари ижро этилади.

Байрам дастуридан шарқона йил боши муносабати билан бошланадиган дала юмушлари, ҳашарлар, “Қозон тўлди” удуми, ўтганлар хотирасини ёдлаш, кексалар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, аҳил қўшничилик, меҳр-мурувват кўрсатишга чорловчи саҳнавий кўринишлар, театрлаштирилган томошалар ҳам ўрин олган.

Асосий саҳнадаги байрам дастури эрталаб 9.00 дан 16.00 га қадар бўлиб ўтади. Унда шунингдек, вилоятимиз туманларидан турли бадиий жамоалар, яккахон хонандалар, бахшилар, болалар, дорбоз ва цирк гуруҳлари томонидан алмашинув тариқасида концерт дастурлари намойиш этиб борилади. Иккинчи саҳнада эса “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими хонандалари, олий ўқув юртлари ҳамда шаҳар, туманлар бадиий жамоаларининг концерт дастурлари намойиш этиб борилади. Отчопар мажмуаси бўйлаб халқ амалий санъати намуналари, ҳунармандчилик буюмлари, бадиий жамоаларнинг байрам дастурлари, халқ ўйинлари ташкил этилади.

Байрам тадбирларида вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган бахшиларнинг чиқишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Куйланажак термаю достонларда элимизнинг кўп асрлик орзуси, бугунги бунёдкорлик, юксак инсонпарварлик намунаси тараннум этилади. Наврўз сайли доирасида миллий либослар, ҳунарманд ва рассомлар асарлари, миллий қўғирчоқларнинг кўргазмалари ҳам бўлиб ўтади. Халқимиз севиб томоша қиладиган дор ўйинлари, масхарабозлар ижросидаги қувноқ чиқишлар, жонглёр, тош кўтариш ва фокус, қўғирчоқ театри томошалари барчага хуш кайфият улашади, деган умиддамиз.

Умид НОРБОЕВ,
вилоят маданият бошқармаси,
бошлиғи вазифасини бажарувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE