Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Хорижникидан қолишмайди

Хорижникидан қолишмайди

Ўзбекистон аталмиш улуғ ва улкан карвон жаҳон саҳнида тараққиёт довонларидан шиддат билан одимлаб бормоқда. Ватанимиз тараққиётини таъминлаш, энг илғор давлатлар қаторига олиб чиқишда беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси мамлакат ва миллатнинг маёғи ҳисобланади.

Ана шу қутлуғ мақсад йўлида юзлаб, минглаб ватандошларимиз бор куч ва имкониятларини ишга солиб, астойдил меҳнат қилишмоқда. Улардан бири Дурбек Шоймардоновдир.

Ҳадисларда мамлакат тижорат ила ободдир, деган гап бежиз айтилмаган. Дурбек Шоймардонов ҳам ишни савдодан бошлаган. Қумқўрғон туманидан одмигина дўкон олиб, савдо ишларини йўлга қўйди. Савдо ва тижоратнинг захматини кўриб, тартиб қоидаларини ўзлаштирди. Ўзича бирорта ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этишга қарор қилди. 2016 йил ноябрда маҳаллийлаштириш дастури бўйича рўйхатдан ўтиб, “Фаровон текстил экспорт-импорт”  масъулияти чекланган жамия тини ташкил этди. Ўз маблағи ҳисобига 18 та тикув машинаси ва керакли матоларни олиб келиб иш бошлади. Бир ой ичида 12 нафар киши ишли бўлди. Аввалига одеял ва кўрпа ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Ҳаракатда баракат, дейдилар. Янги корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга ички бозорларда талаб ва эҳтиёж ортиб борарди. Даромад ҳам ёмон бўлмади.  Бундан руҳланган Дурбек Шоймардонов корхонани кенгайтиришга, замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатишга қарор қилди. Бундан икки йил олдин Қизириқ туманидан рўйхатдан ўтган “Фаровон текстил экспорт-импорт”  масъулияти чекланган жамияти қисқа фурсатда эътиборга тушди. Жамият раҳбари корхонанини ўтган йили февраль ойида Жарқўрғон туманига кўчириб олиб келди. Бу ерда қаровсиз ҳолда қолган икки қаватли бинони олиб, фабрика учун қайта таъмирлатди.

Ўз маблағи ҳисобидан тадбиркор Дурбек Шоймардонов турли русумдаги тикув машиналарини сотиб олди. Бугунги кунда замонавий тикув машиналари 200 тага яқин.

Жарқўрғон туманининг “Янгиобод” маҳалласида жойлашган корхонада айни пайтда пар ёстиқ ва кўрпалар, жинси шимлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Кўрпа ва ёстиқларга пахта эмас, сунъий пар солинади. Бу ҳам енгил, ҳам маҳсулот таннархини арзонлаштиришга олиб келади. Ҳар куни 250 та  турли бичимдаги жинси шимлар ишлаб чиқарилади. 50 га яқин ишчи-хизматчи кийимларни бичиш, тикиш, махсус тамғаларни ёпиштириш, дазмоллашдан тортиб, токи харидорга етказишгача бўлган вазифани бажаради. Ўтган йили 170 минг долларлик жинси шимларни ювадиган ва ранг берадиган янги мосламани шартнома асосида Туркиядан олиб келишиб, Термиз шаҳрида ўрнатишди.

— Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни Тошкент, Бухоро, Қарши, Самарқанд каби вилоятлардаги мижозларимизга шартнома асосида етказиб бераяпмиз, — дейди корхона раҳбари Дурбек Шоймардонов. — Воҳанинг деярли барча туманлардаги бозорларга ҳам жинси шимлар, пар кўрпа, пар ёстиқлар етказиб бераяпмиз.

Қайд этиш лозимки, “Фаровон текстил экспорт-импорт”  корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар мамлакатнинг деярли барча вилоятларида хорижникидан кўра кўпроқ харидоргир бўлмоқда. Бундай бежирим, сифатли ва харидорбоп маҳсулотни ишлаб чиқаришда Адолат Суюндуқова, Дилноза Султонмуродова, Гулбаҳор Донабоева, Гулбаҳор Турсоатова, Озода Рақамбоева, Робия Чориева каби моҳир бичувчилар ҳамда чевар тикувчиларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Корхона жамоаси келгусида маҳсулот сифатини яхшилаш ва ишлаб чиқариш турларини кўпайтиришга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Ўзбекистон ТИФ Миллий банки Термиз филиалидан 978 минг доллар кредит олиш учун ҳужжат қилишган. Бу масала ҳал бўлса, Германиядан “Брувзер” русумли тикув машиналари олиб келинади. Натижада хорижий давлатларга бемалол экспорт қилинадиган, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилади. Шунингдек, янги технология асосида кунига  2 мингта жинси шим ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Муҳими, Жарқўрғон тумани “Янгиобод” маҳалласида коллежни битирган яна ўнлаб ёшлар ишли бўлади.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш ўз-ўзидан ижтимоий соҳанинг юксак тараққиётини белгиловчи омил ҳисобланади. Аслида барча-барча ютуқлар, бунёдкорлик ишлари иқтисодиёт таъмаддуни билан боғлиқлигини бугун етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ватандошларимиз яхши анг лаб етишган, десам муболаға бўлмайди. Асосийси,  барча интилиш ва ҳаракатлар замирида юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги турганлиги қувонарлидир.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE