Бош саҳифа / Жамият / Хорижда ишлайдиганларга пенсия тайинланади

Хорижда ишлайдиганларга пенсия тайинланади

2016 йил 22 февралда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий Бюролардан чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олган фуқароларимизга ҳам пенсия олишлари учун имконият яратилди.

Яъни чет элда ишлаётган фуқаролар ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартиби, шунингдек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартибига оид  Низом тасдиқланиб, унинг тартиблари белгилаб қўйилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларида чет элда ишлаётган фуқаролар томонидан суғурта бадалларини тўлаш, уларнинг ҳисобини юритиш, пенсия ҳисоблаш учун олинадиган меҳнат стажи ва иш ҳақини ҳисобга олиш механизми йўқлиги боис, ушбу Низом Солиқ кодексининг 311-моддаси ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36- ва 40-моддаларига асосан ишлаб чиқилди. Унга кўра, чет элда ишланган даврлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан хорижий давлатларда ташкил этилган савдо уйлари, ваколатхоналар, ташкилотларда ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали юборилган шахслар иш ҳақи тарзидаги даромадларидан суғурта бадалларини тўлашлари лозим. Айтиш керакки, ваколатли органлардан рухсатнома олмасдан чет элга кетган шахслар бундай суғурта бадалларини тўлаш ҳуқуқига эга эмас.

Тасдиқланган Низомга мувофиқ, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс суғурта бадалларини якка тартидаги тадбиркор томонидан тўланадиган суғурта бадали миқдорида яъни энг кам иш ҳақининг 1 баробари (172 240 сўм) миқдорида тўлайдилар. Тўловлар фуқаронинг оила аъзолари ёки ишончли вакили томонидан ҳар ойда, чоракда ёки Ўзбекистон Республикасига келгандан сўнг 3 ой ичида бир йўла тўлаш орқали амалга оширилади. Қолаверса, тўлов бошқа давлатлар ҳудудидан хорижий валютада Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисоб рақамларига ўтказилганда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори белгиланган миқдордан кам бўлган тақдирда, тегишли давр учун зарур маблағларни қўшимча киритиш имконияти ҳам мавжуд.

Яна бир жиҳати, пенсия ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган даромад ва пенсия миқдори тўланган суғурта бадали суммаси пенсия миқдори ҳам мутаносиб равишда ошади. Аммо, эсдан чиқармаслик лозимки, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 31-моддаси 6-қисмига асосан  пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Айтиш керакки, авваллари, кўрсатиб ўтилган шахслар томонидан суғурта бадалларини тўлаш турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган, бу эса ўз навбатида уларни қўллашда Пенсия жамғармаси ходимлари ва фуқароларда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқарган. Эндиликда эса бу ягона тизимга солингани, ҳар иккала томонга ҳам қулайлик яратди.

О.КАРИМОВ,
Қумқўрғон туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
пенсия ва нафақаларни тайинлаш гуруҳи раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan