Бош саҳифа / Жамият / “Хонжиза”га бир боринг!

“Хонжиза”га бир боринг!

Биз, бир гуруҳ ота-оналар фарзандларимизни соғиниб, уларнинг ҳолидан хабарлашиш мақсадида болалар оромгоҳида бўлганимизда, қуйидаги манзараларга шоҳид бўлдик.

Денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган, чор-атрофи баланд-баланд дарахтлар билан ўралган “Хонжиза” болалар оромгоҳи ўз бағрига шўх-шодон ўғил-қизларни чорлабди. Бу ерда биринчи босқичда вилоятимизнинг барча туманларидан келган 260 нафар ўғил-қиз мириқиб дам олаяпти. Ўтган йил қурилиб, фойдаланишга топширилган оромгоҳнинг сўлим гўшалари, ҳаммаёқнинг озода-саришталиги кишининг ҳавасини келтиради. Ёзги палаткалар, ётоқхоналар замонавий мебеллар билан жиҳозланган, расамади билан жойлаштирилган каравотлар, кўрпа-ёстиқлар яп-янги. Ювиниш, дам олиш учун барча шароит ва қулайлик муҳайё.

 Болаларни зериктирмаслик ва қувнаб-яйраб дам олиши учун бош тарбиячи Фотеҳ Хидиров, етакчи Абдураҳмон Маматқуловлар ёрдамчилари билан махсус дастур асосида ҳар куни турли кўнгил очар тадбирлар уюштиришаяпти, қизиқарли ўйинлар, машғулотлар, мусобақалар, мушоиралар ташкил этиб, ёшларнинг ёзги таътил онлари кўнгилҳушликда ўтиши учун бор маҳоратларини ишга солишмоқда.

Қуюқ дарахтлар соя-салқинида мириқиб дам олиш, тоғнинг тоза ҳавосидан баҳраманд бўлиб, ҳар хил машғулотларда қатнашган кишининг иштаҳаси очилади, овқат еган сайин егиси келаверади. Шуни ҳисобга олиб, оромгоҳ маъмурияти 300 ўринли замонавий ошхонада болалар учун кунига беш марта ҳар хил таомлар тайёрлатмоқда. Бош ошпаз Марғуба Акбарова ва унинг ёрдамчилари Шаҳноза Бердиева, Муҳибилло Зубайдовларнинг қўли қўлига тегмайди. Улар пишираётган ширин таомлар, тайёрлаётган хушхўр салатлар ва мева шарбатлари ўғил-қизларга хуш ёқмоқда.

Оромгоҳда болалар учун ташкил этилаётган тадбирларнинг бир қисми Президентимиз ташаббуси билан бошланган беш тамойилга асосан ташкил этилаяпти. Гуруҳлар етакчиси ва тарбиячилари — Шаҳло Қурбонова, Гулшан Кароматова, Гулчеҳра Абдураҳмонова, Замира Кароматова, Лола Мирзаевалар ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун компьютер технологиялари ва хорижий тилларни ўргатишмоқда, китобхонликка қизиқтириш учун ўқиган китоблари юзасидан савол-жавоб, викторина ўйинларини ташкил этишмоқда. Оромгоҳ кутубхоначиси Манижа Исматова эса чин маънода китобхонлик тарғиботчиси.

Оромгоҳ спорт майдончалари “Хонжиза” оромгоҳи тасвири туширилган кийим-кечаклар билан таъминланган дам олувчилар билан доимо гавжум. Спорт йўриқчиси Тошпўлат Норовга осон бўлмаяпти. Мини футбол майдончасида ҳуштагини чалиб ўйинни бошлаб қўядида, беллашувни бошқаришни ёрдамчисига юклаб, ўзи ё волейбол ёки баскетбол майдончаси томон чопади. Бир қарасангиз сузиш ҳавзасида ўғил-қизлар билан нима ҳақдадир баҳслашиб турганини кўрасиз. Болалар шифокори Саидмурод Зарипов эса ошхона билан спорт майдончалари орасида қатнайвериб чарчамайди. Тайёрланаётган таомлар сифатига жавобгар шахс, боз устига, мусобақаларда қатнашаётган ўғил-қизларнинг назоратчиси, хуллас, дам олувчиларнинг соғлигига масъул.

Оромгоҳ ходимлари болаларни шарқираб оқаётган сойларнинг зилол сувига чўмилтириш, чор-атрофни сайр қилдириб экотуризмга қизиқтиришни ҳам унутишмаяпти.

— Ёзги таътил даврида оромгоҳимизда болаларни беш босқичда қабул қилишни режалаштирганмиз, — дейди оромгоҳ директори Раҳматулло Соҳибов. — Жами 1250 нафар ўғил-қиз дам олдирилади.

Насиба Набиева,

Термиз шаҳридаги

11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE