Бош саҳифа / Таълим / Ҳоким дарс ўтди

Ҳоким дарс ўтди

Ватанимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимиздаги таълим муассасаларида янги – 2019-2020 ўқув йили “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида Мустақиллик байрами ва Билимлар куни тадбирлари билан бошланди.

Ангор туманидаги 18-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этиб, билимга чанқоқ ўқувчилар, устозлар, маҳалла фаоллари ва ота-оналарни мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан қизғин қутлади.

Жорий йил 23 августда давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритди.

Тумандаги 18-умумтаьлим мактабида бўлиб ўтган тадбирда 1-синфга қабул қилинган 103 нафар ўқувчининг ҳар бирига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғаси тантанали топширилди. Мустақиллигимизни, жонажон Ўзбекистонимизни, ёшларга кўрсатилаётган эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Шундан сўнг, биринчи қўнғироқ чалиниб, мустақиллик дарслари бошланди.

Ўзи ўқиган мактабнинг 9-синф ўқувчиларига вилоят ҳокими Тўра Боболов “Мустақиллик дарси”ни ўтиб, ёшларга Ватанни севиш, унинг тинчлигини асраб-авайлаш, тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчига айланиши, асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида ўқувчилар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Вилоятда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган улуғвор ишлар, эришилган ютуқ ва марралар ҳақида ҳаётий мисоллар воситасида сўзлаб берди.

Ўқувчилар нафақат қизиқарли маълумотларга эга бўлишди, балки вилоят ҳокимига ўз саволлари билан мурожаат этишди.

Маълумот учун таъкидламоқчимизки, Сурхон воҳасидаги 911 та умумтаълим мактабида 497 минг 935 нафар ўқувчига 39 минг 651 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Имконияти чекланган 1419 нафар бола ўз уйида якка тартибда таълим олади. Жорий йилнинг 4 сентябрида 52 минг 932 нафар ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Анъанага кўра, уларга янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғалари — ўқув-қуроллари топширилди.

ЎЗ МУХБИРИМИЗ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan