Бош саҳифа / Таълим / Ҳоким боғчага бир гектар ер ажратди

Ҳоким боғчага бир гектар ер ажратди

Илм-фан фидойиси, таълим жонкуяри, тажрибали ўқитувчи Бобораҳим Мирзаевни вилоятда кўпчилик яхши билади. Нафақага чиқиш остонасида турган Бобораҳим Мирзаев умрининг асосий қисмини меҳнаткашларнинг фарзандлари таълим-тарбиясига бағишлаган, ёшларнинг билимдон, салоҳиятли кадрлар бўлиб вояга етишига ўзидаги бор билим ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган тажрибали устозлардан.

Тожикистон педагогика олийгоҳининг математика факультетини битиргач, меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Бобораҳим Мирзаев аввалига мактаб директори, сўнгра Тожикистон нодавлат-нотижорат институтининг Сариосиё филиали ректори бўлди. Бир муддат вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатди. Сўнгра туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабдан ташқари “Биоэкосан” муассасасига раҳбарлик қилди. Ўн йилдирки, Сариосиё туманидаги 1-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида директор.

Айтиш керакки, Бобораҳим Мирзаевнинг оиласида ҳамма ўқитувчи. Турмуш ўртоғи Майрам Ҳожиева олий тоифали математика фани муаллими. Узоқ йиллардан бери ўқувчиларга математика фани сирларини ўргатиб келмоқда. Ота-она ўқитувчиларга ҳавас қилган фарзандлари — Хусрав, Хуршид, Манучеҳр, Фирдавс, Шаҳноза, Фархундалар ҳам ўқитувчилик касбини танлаб, халқ таълими соҳасида самарали ишлаб келишаяпти.

Қирқ бир йилдан бери таълим тизимида баракали меҳнат қилиб, ўқувчиёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиб келаётган Бобораҳим Мирзаев, эрта-индин нафақага чиққанда ҳам болалар оғушида бўлишни ният қилиб, хайрли ташаббус бошлади. Оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, ўзлари яшайдиган “Янгишаҳар” маҳалласи таркибидаги “Баҳори тожик” қишлоғида давлат шерикчилиги асосида “Шанс+” мактабгача таълим муассасасини барпо этди. Тўққиз хонали бино, гимнастика зали, сунъий қопламали спорт майдончаси, бассейн, аттракцион ва ўйинлар майдони, ошхона ва қўшимча биноларни бунёд этишга сарфланган 1 миллиард 152 миллион сўм маблағнинг асосий қисми оила аъзолари йиллар давомида тўплаган сармоя ҳисобидан бўлди.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan