Бош саҳифа / Таълим / “Хитой девори” қаердан бошланади?..

“Хитой девори” қаердан бошланади?..

Тарбияланувчилар сони — 62 нафар.
Шундан: ўғил болалар — 42, қиз болалар — 20 нафар.
Тарбиячилар — 12, ёрдамчи тарбиячи — 5, тўгарак раҳбарлари — 5 нафар.

Дилбар СУВОНОВА, Термиз шаҳридаги 12-сонли  Меҳрибонлик уйи директори:— 2016-2017  ўқув йилида Меҳрибонлик уйини 7 нафар тарбияланувчи (2 нафар қиз ) битирди. Шундан, 1 нафари Термиз академик лицейига, 1 нафари Термиз санъат коллежига, 2 нафари Термиз тиббиёт коллежига ва 3 нафари Термиз ахборот технологиялари коллежига ўқишга ҳужжат топширишган.Улар доимо назоратимиз остида. Чунки, бу ердагиларнинг барчаси бир чимдим меҳрга ташна.

Уларни ҳали бола, гўдак, деб янг- лишамиз. Аслида “бир кун”да ул- ғайиб қолган бундай болаларнинг кўзларида, юрагида гап кўп бўлади. Ҳарчанд меҳр улашманг, улар ота-онасининг меҳрига ташналигича қолаверишади. Вақти келиб, улғайиб, бу ерни тарк этишгач, ҳам ўша меҳрга ташналиклари сабаб иймонсиз одамларнинг ширин сўзи, ёлғон ваъдаларига учиб қолмасликлари учун ҳозирданоқ уларга кўникма бериб борамиз .

Биз бу ерда, тўрт девор ичида болаларга фақат меҳр бериб, “мўрт” қилиб қўймасдан, уларни қатъият, қаттиққўллик билан, кези келганда ундан ҳам қаттиқроқ туриб,  “девор орти”даги ҳаёт кўникмасига ҳам тайёрлашимиз керак.

Муассасамизга келган болаларнинг келажагини таъминлаш борасида, таълим-тарбия бериш билангина чекланиб қолмасдан, жойлардаги мутасадди ва масъуллар билан иш олиб борамиз. Чунки ўша болаларнинг ота-оналари ва боболари меросларида ҳам ўз улушлари бор. Яқинда шу йўсинда ( давомий  тортишувлардан сўнг) тўрт нафар болага 5 сотихдан ер майдонини олиб беришга эришдик.

Нодира УЗОҚОВА, психолог:— Бола ташлаб кетаётган отаси ёки онасининг оёғига йиғлаб, ёлвориб ёпишади. Бундай аянчли манзаранинг гувоҳи бўлиш жуда оғир. Ташлаб кетилиши бола руҳиятига жуда ёмон таъсир қилади; ўзгариб қолади. Бола ўз номи билан бола. Ташлаб кетилган бўлса-да, суҳбат чоғида ота-онасини қатъий туриб ҳимоя қилади.

Мазкур муассасада таълим-тарбия олаётган тарбияланувчиларнинг фикрларини билиш мақсадида, тарбиячи Ш. Жўраева ва психолог Н.Узоқовалар кўмагида икки саволдан иборат варақалар тарқатилди:

“Агар ота-онангиз рўпарангиздан чиқиб қолса, уларга нима деган бўлардингиз?”

“Фарзандингизни ҳам шу масканда тарбияланишини истармидингиз?”

Қуйида  саволларимизга тарбияланувчилар томонидан берилган  жавоблар билан танишасиз.

“Онамни айбламайман, кечираман!”

МАҲМУДОВ Ҳумойиддин: — Она — бу дунёдаги энг буюк зот! Она — бу ердаги фариштадир! …Мени бу ерга ташлаб кетгани учун онамни айбламайман, кечираман! Балки, уни бунга тақдир мажбур қилгандир! Балки, мени боқишга пули бўлмагандир? Мен ўсиб, улғайиб, комил инсон бўламан ва онамни топиб, ўзим боқаман. Чунки, мен онамни жуда яхши кўраман. Онамни ва директоримиз Дилбар аямни бирга ҳаж сафарига олиб бораман!

“Мен бошқача йўл тутардим…”

СУЮНОВА Моҳичеҳра: —…Ўзим кўрмаган бахтни уларга беришга ҳаракат қилардим!

“Мен барибир онамни яхши кўраман!..”

АЛМУРОДОВ Жаҳонгир: — Онам мени бу ерга ёмон кўрганидан эмас, шароити бўлмаганидан ташлаб кетган. Дадам ва онам ажрашди, балки, шунинг учундир. Мен буни тўғри қабул қиламан.

“Ота-она ёнида бўлишга нима етсин?!”

МУСУРМОНҚУЛОВА Маржона: — Бу ерда қийналаётганимиз йўқ. ҳамма нарса муҳайё. Бунинг учун Юртбошимизга, тарбиячи опаларимизга раҳмат. Аммо, фарзанд учун ота-она қучоғида бўлишга нима етсин?

“Кечирмасдим…”

АБДУСАЛИМОВА Шоҳиста: —…Бизни ташлаб кетгани учун отамни икки дунёда ҳам кечирмайман!

“Онамга мингдан минг раҳмат айтаман!”

АМОНОВ Сардор: — Мен келажакда олий тоифали спортчи ёки катта корхона раҳбари бўламан. Йўлда онамни учратсам, мингдан-минг раҳмат айтаман. Чунки, онам ҳар сафар келганида, “Болам, яхши ўқи, катта одам бўл, чунки келажакда сен мени боқасан!” дейди.

“Отамга айтар сўзим бор!..”

АБДУСАЛИМОВА Шабнам: — Отам бизни онамиздан ажратиб, она меҳрига зор қилиб, ўзи эса бошқа аёл изидан кетди… Мен Аллоҳимдан такрор-такрор ҳеч кимнинг оиласи бузилмаслигини сўрайман. Ҳеч кимнинг фарзанди хор бўлмасин!..

“Уларга керак эмаслигимни ҳис қилиб яшаганман…”

БОБОҚУЛОВА Маржона: — Ота-онам менга на меҳр ва на эътибор беришган. Улар мени ўз боласидек кўришмасди. Ҳар доим уларга керак эмаслигимни ҳис қилиб яшаганман. Бир оғиз, “қизим” дейишларига, эркалашларига зор бўлдим. Келажакда мен уларни кечирмайман, иложи бўлса, ўзимни кўрмаганга олиб ўтиб кетаман. Менинг болаларим… болаларим бу ерга тушишмайди, нима керак бўлса, ҳамма-ҳаммасини бераман: эътиборни ҳам, меҳрни ҳам…”.

Биз, башар аҳли, дунё мўъжизаларидан ҳайратланамиз. Мўъжиза аслида инсоннинг ўзи  эмасми? Шунингдек, инсон яратиқларининг нечоғлик улканлиги, ҳайбатлигидан ҳайратланамиз. Аслида меҳр-оқибатдан ҳам улуғворроқ, ҳайратлироқ тағин нима бор?

Айтишларича, коинотдан инсон қўли билан бунёд этилган мўъжизалардан фақат Буюк Хитой деворигина кўринар экан. Азалда 10 минг километрга чўзилган, шу кеча-ю кундузда 5 минг километрга яқинигина сақланиб қолган ўша деворнинг қолган-қутганини биз, башар аҳли кўз-кўз қилишу асраб қолишга уринаяпмизу ботинимизда бошқа бир “Хитой девори” соат сайин қад кўтариб бораётганини фаҳмламаяпмиз. Буюк Хитой девори хитойликлар томонидан аждодларимиз хуружидан асраниш учун қад кўтарилган эди, аммо ҳар биримизнинг ботинимизда қад кўтараётган “Осмонўпар Хитой девори” нимадан куч олаяпти? Ҳақиқат шундаки, биз худбинлигимиз, турли  қарашларимиз сабаб ўзимизни, борлиғимизни  Хитой деворидан ҳам ҳайбатлироқ девор билан ўраб, бир-биримиздан ажратиб ташлаётганимизни моддиятга ружу қўйганимиз боисидан фаҳмлаш неъматидан маҳрум бўлдик.

Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ҳақли савол туғилади. Хўш, “Хитой девори” аслида қаердан бошланар экан? Термиз шаҳрида жойлашган 12- Меҳрибонлик уйи мавзесиданми? Ёхуд ўз маҳалламиз, кўчамизданми?

“Хитой девори” кўнгиллардан бошланади! Буюк Хитой девори  башарият  учун тарихнинг  аччиқ сабоғи бўлиб қолаверсин. Бундан бош қа “Хитой девори”га эса ҳожат йўқ. Бу “девор”нинг бизни, яқинларимиздан, борлиқдан, ўзлигимиздан ажратиб қўйишига йўл қўймайлик. Буюк Хитой девори эса ўз жойида азиз!

Эркин НОРСАФАР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Илғор тажриба – таълим сифати самарадорлиги омили

Яқинда вилоятимиздан бир гуруҳ рус тили ва адабиёти ўқитувчилари вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш …

Битта изоҳ

  1. Insoniyat hamisha yaxshi narsani tanlashga intiladi. Ota ona va millat inson tanloviga bo’ysunmaydi. Hech qaysi ota ona farzandiga yomonlik tilamaydi deyishadi…hayot esa paradokslarga boy.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan