Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ҳисоб рақами очиш учун 30 дақиқа кифоя

Ҳисоб рақами очиш учун 30 дақиқа кифоя

Мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини янада ошириш, маҳаллий ва чет эллик тадбиркорлар учун бизнес юритиш шароитларини яхшилаш мақсадида жорий йил 5 февралда давлатимиз раҳбарининг “Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг “бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Сўнгги бир неча йил давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини тартибга солиш жараёнларини такомиллаштиришга, қулай бизнес муҳитини ва халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. Охирги 5 йил давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146 ўриндан 76 ўринга кўтарилди.

Ушбу қарорда “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатнинг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чоралар кўриш, шунингдек 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида — банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиши мумкин этиб белгиланди.

Хусусан, эндиликда тадбиркорлар ўз бизнесларини Давлат хизматлари марказлари ёки ўзлари масофадан туриб, “bo.birdarcha.uz” портали орқали рўйхатдан ўтказишда, шу жойнинг ўзида банк ҳисоб рақамларини очиш имконияти яратилди. Ҳозирда тизим орқали 20 га яқин банклардан ҳисоб рақам очиш имконияти яратилган.

 Шунингдек, жорий йил 1 апрелидан бошлаб давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари томонидан экстериториал принцип асосида кўрсатилади. Бу нима дегани? Энди фуқаролар республиканинг исталган вилоятидаги исталган туман, шаҳарда жойлашган Давлат хизматлари марказларига мурожаат этиб, исталган хизматдан фойдаланиши мумкин. Бу ҳам, албатта, фуқароларнинг оғирини енгил қилиш учун амалга оширилган ислоҳотлар сирасига киради.

Шунингдек, қарорга кўра 2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб қилиш тартиблари бекор қилинди.

Илгари тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиб, банкдан ҳисоб рақами очгунича бўлган жараён 3 кундан 5 кунгача чўзилган бўлса, қабул қилинган қарор билан ҳозирда ушбу жараён 30 дақиқада амалга оширилмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда республикамизнинг барча туман ҳамда шаҳарларида қад кўтараётган Давлат хизматлари марказлари учун қурилаётган янги, замонавий биноларнинг барчасида инвесторлар учун алоҳида жиҳозланган хоналар мавжуд бўлиб, бу ерда чет эллик тадбиркорларга бизнесни рўйхатдан ўтказиш тартиб-тамойиллари, инвесторлар учун қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилади.

Зафар АКРОМОВ,

Давлат хизматлари агентлиги

вилоят бошқармаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муқобил энергия-даромад манбаи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика Вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекцияси» Сурхондарё ҳудудий бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE