Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Хирмонимиз 246 минг тоннадан ошди

Хирмонимиз 246 минг тоннадан ошди

Деҳқонларимизнинг машаққатлари эвазига бунёд этилган ҳосилни йиғиштириб олиш мақсадида эълон қилинган “зарбдор 30 кунлик” қизғин давом этмоқда. Бепоён пахтазорларда ҳар куни 120-130 минг нафар ҳашарчи пешона тери эвазига етиштирилган “оқ олтин”нинг йиғиштириб олинишида фаоллик кўрсатишаяпти. Пахтакорларимиз ва ҳашарчиларнинг кўмаги билан бугунгача далалардан 246 минг тоннадан ошиқ жавоҳир йиғиб олинди. Жорий йилда ғўза ўстириш билан машҳур бўлган 4396 та фермерлик жамоаларининг бугунгача 1900 таси шартнома режасини бажариб, мажбурият ҳисобига меҳнат қилишаяпти. Теримда қатнашаётганларга қулай иш шароити яратилганлиги ҳамда терган пахтасининг пули пешма-пеш бериб борилаётганлиги туфайли иш суръатини оширишга хизмат қилаяпти.

Уч туман пахтакорлари зафари

Айни саратон пайти кунларнинг ҳаддан зиёд исиб кетиши ва зараркунандаларнинг ғўза ҳосили хуружига қарши амалий чора белгилаган Термиз тумани меҳнаткашлари деҳқончилик қилинган 3,500 гектар майдонда мўл ва сифатли ҳосил бунёд этишди. Туман деҳқонлари ёрдамчиларнинг кўмагисиз ўзлари мавсум бошидан сафарбарлик билан меҳнат қилишди. Ҳар бир хонадондан икки-уч киши теримда иштирок этиши таъминланди. Элнинг ҳамжиҳатлик ила қилган меҳнати туфайли далалардан бугунгача 9533 тонна сифатли хомашё йиғиб олиниб, давлат буюртмаси вилоятда биринчи бўлиб адо этилди. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини оширишга мудом эътибор бериб келинаётганлиги туфайли туман бўйича ҳар гектар пахтазордан 27,2  центнердан ҳосил йиғиб олинишига эришилди.

Термизлик деҳқонларнинг меҳнат ютуғига “Амударё Гулбаҳор”, “Сурхон Намуна”, “Сурхон Дўстлик”, “Сурхон Янгиариқ” сув истеъмолчилари уюшмаларининг аъзолари қўшган ҳисса салмоқли бўлди. Анчадан бери қолоқликка юз тутган “Амударё Гулбаҳор” уюшмаси деҳқонлари ҳам биринчилар қатори давлат шартномасини бажаришга муваффақ бўлдилар. Бугунгача юзта фермерлик жамоасида режа ортиғи билан бажарилди. Қолган меҳнат жамоалари ҳам режани бажариш учун даладаги ҳосилни йиғиштириб олишга сафарбарликни кучайтиришмоқда. Туман пахтакорларининг меҳнат ғалабасига “Сурхон сарвари”, “Фаровон Янгиариқ”, “Янгиариқ Сурхон Саховати”, “Қорахон Янгиариқ”, “Зуҳриддин Намуна”, “Бойчибор Намуна”, Рўзибой Хўжанов, “Сурхон воҳаси”, Бердиев Асқарали, “Шарафли Гулбаҳор” сингари фермер хўжаликлари аъзолари ҳар гектар майдондан 30-34 центнердан хирмон кўтариб, барака киритдилар.

х х х

Жарқўрғон тумани деҳқонлари бу йилги мавсумда ҳосилдорлик бўйича вилоятда пешқадамлик қилишаяпти. Бугунгача туман далаларидан йиғиб олинган ялпи ҳосил хирмони 25200 тоннага етди. Ҳар гектар майдондан йиғиб олинган “оқ олтин” миқдори қарийб 30 центнерни ташкил этмоқда. Режани пешқадамлар сафида уддалаган жарқўрғонлик миришкорлар далаларда мўл ҳосил тўпланганлигини ҳисобга олиб, йиғим-терим суръатини сусайтирмаяптилар. Ҳар куни туман пахтазорларида 10 минг киши теримда иштирок этмоқда. Икки юзта фермерлик жамоаси мажбурият ҳисобига хомашё топшираётир.

Туман меҳнаткашларининг бу йилги хирмони юксалишида “Оққўрғон миришкори”, “Исмоилтепа зироатшуноси”, “Лойқанд чинори”, “Минор Сурхон Гавҳари” каби сув истеъмолчилари уюшмалари жамоаларининг миришкор деҳ- қонлари қўшган улуш салмоқли бўлди. Йиғим-теримда 30 зарбдор кунлик ташаббусига қўшилиб меҳнат қилаётган тумандаги корхона, ташкилот, муассаса ишчи-ходимларидан уюшган ҳашарчилар бригадаси пахтакорларга бор ҳосилни йиғиштириб беришга амалий ёрдам беришаётир.

х х х

Вилоятда ўзига хос ўринга эга қумқўрғонлик пахтакорлар бу йил ҳам давлатга пахта сотиш шартнома режасини пеш қадамлар сафида адо этишди. Далалардан 25,7 минг тонна сифатли хомашё саранжомлаб олинди. Туман бўйича ҳар гектар пахтазордан олинган ҳосил ўрта ҳисобда 29,2 центнерга тўғри келмоқда.

Қумқўрғонлик миришкор пахтакорларнинг меҳнат зафарига айниқса, С. Бойматов номли фермерлар уюшмаси деҳқонларининг қўшган ҳиссаси салмоқли бўлди. Азаматлар 8 минг тонна пахта етиштиришга муваффақ бўлиб, ҳосилдорликни 33 центнерга етказишди. “Ўзбекистон”, “Бешқаҳрамон”, Ш. Мирзаев номли сув истеъмолчилари уюшмаси деҳқонлари ҳам режаларини ошириб бажариб, туман деҳқонларининг хирмонига барака киритдилар. “Қорсоқли”, “Бехзод Хўжамбердиев”, “Гўзал чаманзор”, “Тойлоқ олмазори”, “Сайхон” фермер хўжаликлари меҳнаткашлари ҳар гектар майдондан 38-40 центнердан хирмон кўтариб, мажбуриятларини ортиғи билан бажаришди.

Ҳар учала туман деҳқонлари йиғим-теримни сусайтирмаган ҳолда келгуси йил ҳосили учун ғалла экишга ҳам алоҳида эътибор беришаётир.

Ҳашарчилар ҳиммати

Бу йил деҳқонларимиз ғалла ва пахта етиштиришда астойдил меҳнат қилдилар. Шунга яраша ҳосил мўл ва баракали бўлди. Деҳқонларимизнинг пешона тери, қалб қўри эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмаслик учун  биз ҳам терим бошиданоқ ўз ҳиссамизни қўшишга қарор қилдик.

Туман “Нуроний” жамғармаси фаолларининг ташаббуси билан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордик. Бунинг учун маҳалламиз раиси С. Қаршиев ва маҳалла фаоллари  сайъи ҳаракати билан ҳашарчилар бригадаси ташкил этилди. Бунда нафақадаги эркак ва аёллар кўнгилли бўлиб, пахта далаларига чиқишди. Айниқса, ҳожи ота, ҳожи оналарнинг катта ҳашарда иштирок этиши кўпчиликни руҳлантириб юборди.

Баҳоли қудрат Д. Эргашева, Ҳ. Бегматова, М. Чориева, Т. Раҳимова, Т. Сатторова, Г. Абдурахмонова, С. Ғозиева, Ғ. Чориева, Ж. Эргашева, Х. Нурматова, С. Бегматова, О. Маматраҳимова, Г. Абсаматова, З. Раҳимова, Н. Қаршиева, Б. Раҳимов, А. Абдухолиқов, Т. Оқбоев каби ўнлаб нуронийларимиз туманимиз, қолаверса Ватанимиз “оқ олтин” хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Биз ёшларга ибрат бўлаётган бундай нуронийларимизга қўлингиз дард кўрмасин, деб қоламиз.

Т. КАРИМОВ,
Шўрчи туманидаги “Оқтумшуқ” маҳалласи “Нуроний”лар бўлими бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Катта карвон хирмони

Вилоятда энг кўп ғалла етиштирадиган туманлардан бири ҳисобланадиган Музработ тумани ғаллакорлари давлатга дон сотиш режасини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan