Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига 296 минг тонна сара дон етказиб берилди. Кекса ва тажрибали деҳқонларнинг эътирофича, охирги беш йил орасида далаларимизда бу мавсумдагидек ғалла мўл бўлмаган.

Ўтган йилнинг кузидан то апрель ойигача ғаллазорларда зўр ғайрат билан ишлаган деҳқонларга Яратган ҳам барака нурини ёғдирган экан. Бу жараён, айниқса, ўрим пайти яққол кўринди. Комбайнлар қайси фермернинг ғаллазорига кирмасин, ҳосилнинг ярмини йиғиштирмай, давлатга дон сотиш режалари бажарилаверди. Бу ҳам деҳқонларни лол қолдирган бўлса, ҳам қувонтирди. Ахир, даладаги ҳосилнинг ярми ўзлари ихтиёрида қоладиган бўлиб тургандан кейин шодланмай бўладими? Бу қувончлар,тонна-тонна яратилган дон чин кўнгилдан қилинган меҳнатнинг самарасидир. Бу мавсум ғалла ўстирганнинг хирмони ва уйи донга тўлди. Масалан, Ангор туманида фаолият кўрсатаётган “Абдиева Сафаргул” фермер хўжалиги ҳар гектар майдондан 65 центнердан хирмон кўтарди. Йиғиб олинган 287 тонна буғдойнинг 131,2 тоннасини давлатга топширган бўлса, қолганини ғалла етиштирувчиларнинг ўзлари тақсимлаб олишди.

Энг муҳим жиҳат шундаки, ерларимиз ҳали унумдор экан. Агар ўсимликка вақтида маъданли ва маҳаллий ўғитини бериб, ўз вақтида суғорилса, экиш ишлари муддатида бажарилса, далаларимиздан хирмон-хирмон ҳосил олиш мумкинлигини кўпчилик фермерлар исботлашди. Бу мавсум олтмиш центнерчилар ютуғи етмиш, саксон, тўқсон, ҳатто, юз центнерчилар соясида қолиб кетгандек. Мисол учун Шеробод туманидаги “Ойбек” фермер хўжалиги даласида буғдой шу қадар серҳосил бўлиб ўсдики, азаматлар ғалвир сувдан кўтарилаётган паллада 40,2 гектар даладан режалаштирилган 216,9 ўрнига 410 тонна сара дон йиғиб олишди. Ҳосилдорлик эса 102 центнерга чиқиб борди.

Қизириқ туманидаги “Ойбек Чоршанбиев” фермер хўжалиги миришкорлари 89 центнердан, Шеробод туманидаги “Сухроббек барака”, “Акмал Нурбек Ойбек”, “Абдунор Ўралбек” фермер хўжаликлари ҳар гектар ғаллазордан 81 центнердан, Шўрчи туманидаги “Қоржов Тошмиров”, Бойсун туманидаги “Тангимуш лочини”, Қизириқ туманидаги “Ашурбобо Амиров”, “Бектош Бўриев” фермер хўжаликларининг аъзолари 75-77 центнердан дон йиғиб олдилар. Ғаллачилик билан шуғулланган 2075 та фермер хўжалигининг 1610 таси вилоят ғаллакорлари зафар қучган кунда мажбуриятларини ҳам бажаришди ва бу жамоаларда энг паст ҳосилдорлик 55 центнердан кам бўлмади. Ана шу пешқадам жамоаларнинг ҳиссаси эвазига вилоят бўйича қўшимча 14,2 минг тонна дон омборларга етказиб берилди.

Вилоятимизнинг Музработ, Шеробод, Қизириқ ва Денов туманларида энг кўп ғалла етиштирилади. Шу туманлар далаларида ҳосил мўл бўлса, вилоятнинг режаси ҳам ортиғи билан уддаланиши аён. Бу мавсум шу тўрт туман ғаллазорларига барака келгани эвазига воҳамизда ғалла тайёрлаш режаси барвақт бажарилди. Айниқса, Музработ даштларида ғалла серҳосил ўсгани учун деҳқонлар аввалги йилги қарзларидан ҳам қутулишди ҳисоб. Музработликлар 64,7 минг тонна дон йиғиб олиб, 44,3 минг тоннасини қабул масканларига топширишди. Қизириқликлар эса 78 минг тонналик хирмон бунёд этиб, 47,2 минг тонна донни шартнома режаси ҳисобига сотишди. Шерободликларнинг йиғиб олган ялпи ҳосили 58 минг тоннани ташкил қилди. Деновлик миришкорлар эса 40 минг тонна буғдой йиғиб олиб, шунинг 30 минг тоннасини давлатга сотдилар. Шунингдек, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Узун, Ангор, Шўрчи туманларининг ғаллакорлари ҳам воҳамиз хирмонига ўзларининг салмоқли улушларини қўшишди.

Соҳада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Президентимиз ва ҳукуматимизнинг ғаллачилик тармоғига беқиёс ғамхўрлиги эвазига ғаллакорлар ҳар томонлама манфаатдор бўлишаяпти. Ғалланинг харид нархи оширилгани эвазига ғалла етиштирувчи деҳқонларнинг манфаатдорлиги ошиб бораяпти. Бу йилги ғалла ҳосилидан вилоят бўйича 745 миллиард сўмдан зиёд даромад олиниши кутилмоқда. Рентабеллик эса вилоят бўйича 33,8 фоизга чиқди.

Ғаллакорларимиз майдонларни бўш қолдирмоқчи эмаслар. 84,7 минг гектар майдонда сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар етиштириб, келгусида бу маҳсулотларнинг бир қисмини экспортга жўнатишади.

Саидвафо БОБОЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE