“Хазинага йўл”

0
36

Ҳар бир халқнинг, миллатнинг миллий қиёфасини аниқ белгиловчи буюк шахслари бўлади. Халқимизнинг атоқли ва ардоқли фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай буюк шахслардан бири.

Бобур ҳақида сўз борганда, кўз ўнгимизда буюк темурийлар наслининг ҳақиқий давомчиларидан бири бўлган шоҳ, бобурийлар сулоласининг асосчиси, нозик қалб соҳиби бўлган соҳибдевон лирик шоир, ўз хато ва камчиликларинида оддий халқдан яширмасдан мардона айта олган ҳақиқатгўй носир, назариётчи адабиётшунос, бадиий таржимон, санъатшунос, янги ёзув кашфиётчиси, фиқҳ олими, табиатшунос, географ, ҳайвонот ва наботот олами билимдони кўз олдимизда гавдаланади. Бобур шахси ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун биргина “Бобурнома” асарининг ўрни беқиёс.

“Бобурнома” асарини ўрганиш учун умумий ўрта таълим мактабларининг IХ синф дарслигида Андижон ва Самарқанд шаҳарлари тасвиридан намуналар берилган. Айниқса, Бобурнинг болалиги кечган Андижон тасвири асарда ниҳоятда ажиб тасвирланган. Шаҳарнинг географик ўрни, табиати, қалъа тузилиши, мелиорацияси, тили, урф-одатлари ҳақидаги фикрларини ўқир экансиз, Бобурнинг нақадар кенг қамровли билим соҳиби эканини яна бир бор англайсиз. У ҳар бир мавзу юзасидан қалам юритар экан, оддий кузатувчи эмас, балки шу соҳанинг етук билимдони сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади. Бобур шахсига хос хусусиятларни асардан келиб чиққан ҳолда ўқувчи онгига тўлақонли сингдира олиш моҳир педагог олдидаги мураккаб вазифалардан биридир. Фаолиятим давомида “Бобурнома” асарини ўрганиш жараёнида турли педагогик технологиялардан фойдаланаман.

Хусусан, Андижон тасвири мавзусини ўрганаётиб “Сирли харита” усули қўлланганда, мавзу ўқувчи онгида чуқур из қолдириши билан бирга, унинг хотирасида ҳам узоқ вақт сақланиб қолиши шубҳасиз. “Бобурнома”дан олинган Андижон тасвири матни ўқитувчи томонидан ўқилгач, ҳар бир жумладаги мазмун доскадаги харитада акс этиб боради. Дейлик, “Шарқи Қошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг сарҳади тоғлар… Мухтасар вилоятдир” жумласи ўқилгач, доскада тахминий харита чизилиб Фарғона музофотининг сарҳадидаги шаҳарлар, тоғлар белгилаб олинади.

“Гирдо-гирди тоғ воқе бўлубтур. Ғарби тарафиким Самарқанд ва Хўжанд бўлғай, тоғ йўқтур, ушбу жонибтин бошқа ҳеч жонибтин қиш ёғий кела олмас” парчасига мос тарзда “харита”га янги чизгилар киритилиб, гирдогирди, ёғий сўзларининг мазмуни изоҳланади. “Сайхун дарёсиким, Хўжанд суйиға машҳурдур, шарқ ва шимоли тарафидин келиб, бу вилоятнинг ичи бирла ўтуб, ғарб сори оқар. Етти пора қасабаси бор: беши Сайхун суйининг жануб тарафида, икки(си) шимол жонибида. Жанубий тарафидағи қасабалар(дан) бири Андижондурким, васатта воқе бўлубтур, Фарғона вилоятининг пойтахтидур” жумласидан сўнг эл орасида Хўжанд номи билан аталгувчи Сайхун (Сирдарё) ирмоғи музофотнинг шимолий шарқидан келиб ғарбига қараб оқишини, музофотдаги етти қасаба (шаҳар)нинг бештаси дарёнинг жануб томонида, иккиси шимол тарафида эканлигини, Андижон жануб тарафидаги шаҳарларнинг ўртасида жойлашган бўлиб, Фарғона вилоятининг пойтахти эканлиги изоҳлангани ҳолда харита тўлдириб борилади.

Матн билан ишлаб бўлингач, ўқувчи шахсини ривожлантирувчи қуйидаги саволлар билан мавзу мустаҳкамланади:

— Ўзингиз яшаётган жойнинг географик жойлашувини қай даражада биласиз?

— Сиз, деярли ўзингиз билан тенгдош ўспирин Бобурнинг географик, этнографик, топонимик, ҳайвонот ва наботот борасидаги билимларини қандай баҳолайсиз?

— Сиз яшаётган ҳудуд аҳолисининг урф-одати, маданияти ҳақида нималарни биласиз?

Ёинки Андижон тасвири матнини ўрганиш жараёнида тўпланган тажрибалар асосида Самарқанд тасвирини тахминий харитада яратиш дарс жараёнида гуруҳларга топшириқ сифатида, ўқувчининг яшаш ҳудуди географик жойлашувини акс эттириш топшириғи уйга вазифа сифатида берилиши мақсадга мувофиқдир.

Ҳар бир маҳоратли педагог илғор педагогик технологияларни ўзлаштириш билан биргаликда ҳар бир жараёнда ўзига хос услуб ва ёндашувга эга бўлмоғи, пировард мақсад эса ўрганилаётган мавзунинг ўқувчи хотирасида ёрқин из қолдирмоғи лозимдир.

Бахтинисо ЖУМАЕВА,
ТДТУ Термиз филиали академик
лицейи ўқитувчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг