Бош саҳифа / Жамият / ХАЙРЛИ ИШНИНГ ХАЙРИХОҲИ КЎП

ХАЙРЛИ ИШНИНГ ХАЙРИХОҲИ КЎП

Дўст-душманнинг қандайлиги оғир кунда билинади, дейишади. Оғир кунларда эса фақат дўстлар ёрдам қўлини узатишади. Қувонарлиси, бугунги синовли кунда орамизда ана шундай саховатли, хайрли ишга бел боғлаган инсонлар кўп экан.

Карантин эълон қилингач, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши, уларни кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат, дори-дармон воситалари билан таъминлаш мақсадида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилди. Бу ерда давлатимиз томонидан, шунингдек, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва саховатпеша ҳамюртларимизнинг ҳомийлиги асосида маҳсулотлар тўпланиб, эҳтиёжманд хонадонларга тарқатилмоқда.

Айни дамда бу эзгу ташаббус жадал суръатларда амалга оширилаяпти. Жумладан, вилоятимиздаги шаҳар ва туманларда ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларида ҳам иш қизғин. Термиз шаҳридаги «Алпомиш» кураш мажмуасида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида 9 турдаги озиқ-овқат  маҳсулотлари, дори-дармон воситалари тақсимланган ҳолда махсус ажратилган автомашиналарда жойларга етказиб берилаяпти.  

— Шу кунгача 40 тоннадан зиёд картошка, пиёз, ун, ёғ, гуруч, макарон, шакар каби озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек 1100 донадан зиёд антисептик воситалар, тиббий ниқоб ва бошқа дори-дармонлар тўпланди, — дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ижтимоий бўлими ходими Умид Қодиров. — Хайрия маҳсулотлари санитар-гигиеник талабларга мувофиқ кўрикдан ўтказилиб, қабул қилинмоқда. Тегишли тартибда тақсимланиб, манзилга етказилгунга қадар санитар-гигиеник талабларга мувофиқ равишда сақланиши таъминланмоқда.

Яқинда марказга Республика ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказидан 35 тонна, яъни 10 тонна картошка, 5 тоннадан ун, ёғ, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари келтирилди. Бундан ташқари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан 5 тонна сабзи, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан 1160 дона дори-дармон воситалари, “Хўжаикон туз” АЖдан эса 5 тонна туз келтирилди. Ушбу маҳсулотлар ҳар бир ҳудудга 2,5 тоннадан тарқатилди.

Марказларда колл-центрлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, “1197” қисқа телефон хизмати орқали ёрдамга муҳтож шахслар, хайрия қилмоқчи бўлган тадбиркорлар ва бошқа саховатпеша инсонлар мурожаатлари узлуксиз равишда қабул қилинмоқда.

Марказда ишчилардан ташқари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг 15 нафар етакчиси ҳам кўнгилли сифатида ишлашмоқда. Уларнинг барчаси махсус кийимлар, гигиеник воситалар билан таъминланган бўлиб, алоҳида ювиниш хоналари ҳам ташкил этилган.    

Кўриниб турибдики, имкон қадар аҳолига етарлича қулайлик яратишга ҳаракат қилинмоқда. Фақат биз бунга жавобан, уйимизда ўтириб, талаб қилинаётган барча қоидаларга қатъий амал қилсак, бир-биримизни қўллаб-қувватласак, тез орада карантинни ҳам, коронавирусни ҳам ортда қолдирамиз.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan