Бош саҳифа / Сиёсат / Хатосини тан олди

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон комилликка, чин маънодаги инсонга айланса, диний билимсизлик эса кишини ўзлигидан айириб, гуноҳларга, кечириб бўлмас хатоларга бошлаши ҳеч гап эмас.

Сариосиёлик (исми шарифи ўзгартирилган) Салим Сотиболдиевнинг диний билимсизлиги боши берк кўчага бошлади. 8 синфда ўқиётганда “Мен ҳам намоз ўқийман” номли китоб қўлига тушиб, намоз ўқишга киришди.

Мактабни тамомлагач, бекор юргани сабаб отаси М. Саидов ўз ёнига Россия Федерациясига чақириб, ишли қилмоқчи бўлди. Шундай бўлди ҳам, Салим Россиянинг Тула вилоятида қурилиш материаллар базасида ишлай бошлади. Бир ўзи бўлса, топгани барча эҳтиёжларига етар, тўқликка шўхлик деганларидек, бекор пайтларида интернетда ўтиришни одат қилган Салим бора-бора виртуал ҳаётда яшай бошлади. Интернетдаги “Odnoklassniki.ru”, “Facebook”, “Instagram”, “Telegram” мессенжерларига кириб, профиллар очиб, диний билимини оширмоқчи бўлдими, хуллас, турли амру маъруфларнинг видео ва аудио вариантларини кўчириб ола бошлади. Ўзича
дунёқараши ўзгарган, гуноҳдан савобни, қорадан оқни ажрата оладиган бўлиб қолгандек, Сариосиё туманидаги синфдош дўстлари, қариндошларига ҳам турли диний мазмундаги роликларни жўната бошлади. Уларнинг бунақа ишлардан узоқроқ юр, деган маслаҳатлари Салимнинг ғазабини келтирарди. У энди онаси ва сингилларини ҳижобга киришини талаб қилиб, гуноҳдан қайтармоқчи бўлди. Онаси ўқитувчи, зиёли аёл эмасми, ўғлининг бу хатти-ҳаракатларидан қўрқувга тушди.

Салим Сурияда бўлаётган воқеа-ҳодисалар туширилган лавҳаларни томоша қилаётиб, наҳотки ўша ерда бўлишни орзу қилди экан-а? Бунинг акси бўлганида “Тавҳид ва жиҳод” котибаси бошлиғи Абу Салоҳнинг “Муҳожир.уз” канали админи билан ёзишмаларида Сурияга бориш учун қанча маблағ кетишини сўрармиди? Вайроналар ичра қолган шаҳарда нима қилишни ўйлади экан? Ёки ўзини қурол кўтариб, кимнидир жонига суиқасд қилиш хаёли билан роҳатландимикан? Қайси мўмин-мусулмон ўзгалар жонига қасд қилиш гуноҳ эканини билиши учун қандайдир билим керак бўлса?

Ахир, виждон поклиги аслида эътиқод эмасми? Мана шундай жавобсиз сўроқларга 20 ёшли Салимнинг жавоби қандай экан? Наҳотки, Сурия кўчаларида она бағрига ета олмай, меҳрга зор мурғак қалбларнинг қонга беланган таналари унинг музлаган қалбини эрита олмади. Яқинларидан ажралган аёлларнинг зор қақшаётган ҳолатичи? Уларнинг ўрнида ўз яқинлари бўлиши мумкинлиги уни тўғри йўлга солишга етарли эмасми?

Ўзику тўғри йўлдан озиб, ўзгаларни ҳам алдашга уринган Салимнинг ўйлаганлари яхшиямки амалга ошмади. Бебош бола юртига қайтгач онаси, маҳалла-кўй, ҳар бир фарзанд тақдирига бефарқ бўлмаган давлатимиз ва қонунларимиз ҳақиқатни англаши учун керакли ишни қилди. Салим Сотиболдиев адашганини, нотўғри йўлда эканини тушуниб етди ва авф сўради. Яхшиямки, ўз фуқаролари тақдирига бефарқ бўлмаган, қонунлари фуқаролари манфаати учун хизмат қиладиган давлатда яшаймиз, акс ҳолда Салимнинг ҳолига маймунлар йиғлаши ҳеч гап эмас эди.

Х. Қудратов,

жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Элчи билан учрашув

Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг олий даражадаги учрашувлари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, айниқса, савдо айланмаси-нинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE