Бош саҳифа / Жамият / Хатони ким қилаяпти?

Хатони ким қилаяпти?

Юртимизда “Ўзбекистон Республикаси Давлат тили тўғрисида”ги қонуе қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам 28 йил тўлди.

Шунингдек, бу мақом Конституциямизда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Демакки, биз уни қадрлашимиз, ўз ўрнида тилимизга бўлган муҳаббатимизни намоён эта олишимиз лозим. Бироқ, бунга ҳар доим ҳам амал қиляпмизми?

Баъзан оммавий ахборот воситаларидаги афиша, баннер ва ёрлиқларда имловий ёки услубий хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари учрайди. Мисол учун, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилган кўп сўзларда шундай хатолар учраяптики, баъзан кўчадаги пано ва баннерларда нима ёзилганини тушунмай қолади киши.Масалан, „Oshhona Shahlohon“, „dorihona“ каби сўзларда имловий хатолар, “Девятка тандир гўшт” каби ёзувлар ҳали-ҳамон кўчаларимизни «безаб» турибди.

Кўпчиликка аёнки, умумтаълим мактабида таҳсил оладиган ўқувчилар кундалик дафтари тутишади. Унда дарслар жадвали, ўтилган мавзулар ҳамда ўқувчиларнинг фанлар бўйича олган баҳолари қўйилади. Лекин, бугун турли наш- риётлар томонидан чоп этилаётган аксарият кундаликларнинг биринчи бетида “Ҳурматли ота-она” деб бошланувчи матн имловий хатолар билан тўлиб тошган. Қизиқ, кундалик дафтардан фойдаланиш тартибида унга тўғри ва хатосиз ёзилиши керак, деб эслатма берилгану, аммо лотин алифбосидаги „to’g’ri“ сўзи „togri“ деб ёзилганини қандай изоҳлаш мумкин? Ёки  „baxo“ (baho), „ikkta“ (ikkita),„soraladi“ (so‘raladi), „kopayadi“ (ko‘payadi) сўзлари хато ёзилган. Энди ўйлаб кўринг, ўқувчига ўрнак бўладиган кундаликда шунча хатога йўл қўйилган бўлса, бу унинг саводига салбий таъсир кўрсатмайди, деб ким кафолат беради?

Бундан ташқари, телевизор экранларида биз томоша қилаётган рекламаларнинг аксарияти хорижий тилларда яратилгани боис ўзбек тилига ўгирилиб, намойиш этиляпти. Айниқса, уларда рус тилидан сўзларни тўғридан-тўғри кўчирилиб, ўзбек тили қоидаларини бузган ҳолда услубий хатоларга йўл қўйилмоқда. Масалан, ҳаммамиз учун таниш бўлган «Сникерс» шоколадининг рекламаси намойишида қаҳрамон аллақандай махлуқлардан қочиб қутулади-да, шоколад ейди. Кадр ортидан эса «Синиб қолдингми? «Сникерс»ни тўхтатма!» дея изоҳ берилади. Аслида рекламани тушуниш учун унинг русча матнини эслаш лозим бўлади. Унда «Сломался? Не тормози! «Сникерс»ни!” дейилади. Аввало, «Сломался?» — бу рус ўспиринлари тилидаги жаргон сўз. «Чарчадингми, ҳолдан тойдингми?», деган маънони билдиради. «Не тормози!» (жаргон) — тўхтама, «Сникерс»ни!» (бу ҳам жаргон) — «Сникерс»га тўйиб ол», деганидир. Мана сизга, саводсизларча ўзбекчалаштирилган реклама!

Афсуски, бу каби рекламалар салмоғи кундан кун ошса-да, лекин  унинг мазмунига келганда бироз эътиборсизлик қилинаётгандек, назаримда.  Реклама тараққиётни белгиловчи мезон, ахборот тарқатиш, савдо маданиятини ўргатиб, истеъмолчини доимо ахборот билан таъминлаш билан бирга у руҳий ҳолатимизга ва нутқ маданиятимизни оширишга ҳам таъсир қилади. Шу боис, улар ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши учун унинг мазмуни ва матнига адабий тил меъёрларига амал қилган ҳолда тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

У. АБДУРАЗОҚОВА,
Термиз шаҳридаги 11-мактаб ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan