Бош саҳифа / Жамият / Ҳарбий хизматга чақирув бошланди

Ҳарбий хизматга чақирув бошланди

Ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигитнинг Ватан олдидаги муқаддас ва шарафли бурчидир. Шу боис, ёшларимизни бўлажак хизматларга тайёрлаш, уларнинг шайлигини ошириш муҳим саналади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 апрелдаги қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қатор қулайликлар яратилдики, бундан юртдошларимиз бениҳоя мамнун.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган янги қарор соҳадаги ислоҳотларнинг бир қисми бўлиб, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ушбу танлов тадбирларини ўз вақтида, холисона ва шаффоф ўтказиш имконини яратади. Қарорга мувофиқ, танловларни чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар уч босқичда ўтказиш белгиланган. Айни пайтда танлов муддати бошланиб, чақирилувчилар мудофаа бўлимларига мурожаат этишмоқда.

Айтиш жоизки, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар дастлаб умумжисмоний тайёргарликдан ўтказилиб, сўнгра касбий танловда билим савияси ва интеллектуал қобилияти синовдан ўтказилади. Якуний босқичда улар билан якка тартибда суҳбат ташкил этилиб, унда мамлакатимиз тарихи, Амир Темур тузуклари ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти бўйича савол-жавоблар ўтказилади. Эътиборлиси, барча жараёнларнинг очиқ, ошкора ҳамда шаффоф ўтказилиши таъминланиб, ота-оналар фарзандларининг иштирокини мониторлар орқали кузатиш имкониятига эга. Туман мудофаа ишлари бўлими томонидан ҳам бу йилги танловга пухта тайёргарлик кўрилди. Масъуллар бириктирилиб, улар учун семинарлар ташкил қилинди. Танловнинг биринчи босқичи, яъни умумжисмоний тайёргарлик ва билим даражасини аниқлаш синовлари туманимиздаги “Чароғон” боғида бўлиб ўтади. Тест синовлари 3-умумтаълим мактабида ўтказилади. Синовларни кузатишга ота-оналар учун махсус жойлар тайёрланиб, мониторлар ўрнатилган. Якка тартибдаги суҳбатлар туман мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмасида ўтказилади.

Мақсадимиз — Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш учун ҳар жиҳатдан соғлом, бақувват, маънан етук бўлган ёшларимизни танлаб олишдир. Яратилаётган қулайликлар эса танлов тадбирларининг сифатли ўтказилишини таъминлайди.

Жамшид ЖУМАЕВ,
Шўрчи туман мудофаа ишлари
бўлими бошлиғи, майор,
Фаҳриддин РАҲМАТОВ,
чақирув бўлинмаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan