Бош саҳифа / Таълим / Ҳарбийлар ёшлар ҳузурида

Ҳарбийлар ёшлар ҳузурида

Президентимизнинг 2018 йил 13 декабрдаги фармойишига асосан маҳаллаларда, мактаблар ва бошқа таълим муассасаларида ҳарбий “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари ташкил этилаётир.

Термиз туманидаги 6-умумтаълим мактабида ҳам ойлик муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Куни кеча Термиз шаҳридаги “Н”-қисм ҳарбий хизматчилари — лейтенант Равшан Шокиров, шартнома асосида ишлаётган сержант, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Умар Қодиров, оддий аскарлар Темурбек Йўлдошев, Ҳусниддин Қурбоновлар мактабга ташриф буюриб, ўқувчиларга ҳарбийлик шарафли касблардан бири эканлиги, ҳарбий қисмларда зобит ва аскарларга яратилган шароит, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва берилаётган имтиёзлар хусусида ўртоқлашишди. Мароқли кечган учрашувда ёшлар ҳарбий соҳага оид саволларига тўлақонли жавоб олишди.

Шунингдек, илм даргоҳида вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси РКМБ бошлиғи, кичик сержант Жўрабек Вапаев, қутқарув отряди бошлиғи Фарҳод Қосимов, қутқарувчилар Баҳодир Абдиев, Нодир Жовлиевлар иштирокида ўтказилган тадбирда эса ўқувчилар фавқулотда вазиятлар рўй берганда қандай чоралар кўриш кераклигини мутахассислар томонидан асбоб-анжомлар ёрдамида бажарилган амалий машғулотларда тўлақонли англаб етишди.

Мактабнинг собиқ ўқувчилари — чегара қўшинлари капитани Ҳамид Хратов ва авиация майори Улуғбек Норовлар билан бўлган учрашув янада ҳаяжонли кечди. Ҳар икки зобит кечагина шу мактаб партасида ўтириб таҳсил олишганию бугунги мавқега эришиш жараёнида босиб ўтган ҳаёт йўлларини ҳикоя қилиб беришди. Ёшлар собиқ мактабдошлари билан юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига лўнда ва аниқ жавоб топишди.

Ўқувчиларни ҳарбий соҳага қизиқтириш ниятида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши бўлимларига тез-тез саёҳат уюштираяпмиз. Ҳаво ёрдамида отувчи қуроллар билан ўтказилган машғулотларнинг бирида мутахассислар битирувчи синф ўқувчиси Гулзода Обидованинг мерганлик маҳоратини кашф этишди. Айни пайтда мерган ўқувчи қиз “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши қошидаги “Биатлон” тўгарагига аъзо ва машғулотларида мунтазам қатнашиб, маҳоратини ошираяпти.

Габбар Хратов,
ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan