Бош саҳифа / Жамият / Ҳарбий бўлишни орзу қиламан

Ҳарбий бўлишни орзу қиламан

Вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардияси вилояти бўлинмаси, ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар“ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир” шиори остидаги тадбирлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Миллий гвардия вилоят бўлинмасида бўлиб ўтган тадбирда ёшлар иттифоқи фаоллари, 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, Термиз шаҳридаги умумтаълим мактаблари ва коллежлар ўқувчилари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар“ ташкилоти ўқув курси тингловчилари, Термиз тумани ва вилоят марказида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Миллий гвардиянинг вилоят бўлинмаси “хавфсиз шаҳар” ва “хавфсиз ҳудуд” концепцияларини рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшаётир.

— Ҳар бир йигит болалигида ҳарбий либос кийишга, ҳарбий техникага жуда қизиқади, — дейди офицер Ф.Равшанов. – Жумладан, менда ҳам ана шундай қизиқиш бўлган. Лекин ўша даврда бизнинг ҳақиқий ҳарбий техникалар билан яқиндан танишишимиз учун бундай шароит ҳам, имконият ҳам бўлмаган. Фақат ўйинчоқлар билан овунганмиз. Энди ёшларнинг замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни катта қизиқиш билан томоша қилаётганини кўриб, ҳавасим келади. Шу боис, уларга замонавий техника ва қурол-яроғларимиз ҳақида кенг тушунча беришга ҳаракат қилаяпмиз. Тадбир қатнашчилари Миллий гвардия бўлинмаларида фойдаланилаётган ҳарбий техника, қурол-аслаҳа ва бошқа махсус воситалар билан яқиндан танишишди.

— Келажакда ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлиш, менинг орзуим, — дейди Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси А.Панжиев. — Бунинг учун ҳозирдан аъло баҳоларга ўқиб, жисмонан чиниқаяпман. Бугунги тадбирда турли қурол-яроғларни ўз қўлларим билан ушлаб кўрдим. Ҳарбий техникалар билан танишдим. Жуда шарафли касбни танлаётганимдан фахрланиб кетдим. 

Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларини ёшлар катта қизиқиш билан кузатди. 

— Ҳарбий акаларимизнинг чаққонлиги ва жисмонан бақувватлигини кўриб, қойил қолдик, — дейди Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Д.Раҳматов. — Айниқса, қўл жанги бўйича кўрсатган маҳоратларига ҳавасим келди. Мен ҳам ҳарбий бўлсам, шундай кучли бўлишимни кўз олдимга келтирдим. Ҳозирдан бўш вақтимда спорт билан шуғулланиб, келгусида Ватан ҳимоячиси бўлишга қатъий аҳд қилдим. 

Тадбир доирасида 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда Термиз шаҳри ва Термиз туманидаги кам таъминланган оилалар фарзандлари учун байрам дастурхони ёзилди. Янги йил байрами совғалари топширилди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, вилоят қўғирчоқ театрининг эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна чиқишлари ўқувчиларга ўзгача байрам шукуҳи улашди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan