Бош саҳифа / Жамият / Ҳамшираларни ишга жойлаштириш муаммоси

Ҳамшираларни ишга жойлаштириш муаммоси

Кўплаб ёшларимиз тиббиёт коллежларини ҳамширалик йўналиши бўйича битирган бўлиб, туманда ҳозирги кунда 170 нафар тиббиёт ҳамшираси бўш иш ўрни йўқлиги туфайли ишламайди. Бошқа туманларда ҳам тахминан 120-150 нафар тиббиёт ҳамшираси бўш иш ўрни йўқлиги сабабли фаолият юритмаётганлиги табиий.

Агар ҳар бир туманда ўртача 150 нафар ҳамшира ишламаётган бўлса, вилоят бўйича тахминан 2100 нафар ўрта махсус маълумотли тиббиёт ҳамшираси ишсиздир.

Шўрчи тумани тиббиёт бирлашмасида жами 686 нафар ўрта тиббиёт ходими ишлаши керак. Ноиложликдан битта ўрнига 2 нафардан кўпроқ тиббиёт ҳамшираси ишга қабул қилиниб, натижада 1468 нафар ходим ишламоқда. Қолган тиббиёт хамшираларини ишга жойлаштириш эса муаммо бўлиб қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ўрта-махсус маълумотли тиббиёт ҳамшираларини иш билан банд қилиш учун қуйидаги таклифларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчидан, тумандаги 15-20 дан ошиқ ходим ишлаётган ташкилот, корхона ва муассасаларда, хусусан, туман ҳокимлиги, ДСЭНМ, ХТБ, 63 та умумий ўрта таълим мактаби ва мактаб-интернатлар, мактабгача таълим муассасалари бўлими, банк идораларида «Тиббиёт кабинети» ташкил этилиб, бир нафардан тиббиёт ҳамшираси ва тозаликбон иш ўринлари ташкил қилиб, уларга шу ташкилот, корхона ва муассасалар ҳисобидан иш ҳақи берилишини йўлга қўйиш даркор. Йирик корхоналар, масалан, «Шўрчидонмаҳсулотлари» АЖ, «Шўрчипахта» АЖ каби корхоналарда биттадан ҳамшира ва тозаликбон ҳамда 0.5 ставка врачлик вазифаси ташкил қилиб, уларнинг иш ҳақини ҳам шу корхона ҳисобидан берилишини йўлга қўйса бўлади.

Бундан кутилаётган мақсад ташкилот ва корхонада ходимларга тиббиёт билан боғлиқ шароит яратиш, ишчи-хизматчиларга ғамхўрлик, улар соғлом бўлишини таъминлаш, ходим бетоб бўлган такдирда поликлиника ёки касалхонага бормасдан, вақтини тежаб иш жойида даволанишини таъминлашдан иборат.

Ушбу йўналишда тахминан 100-120 нафар тиббиёт ҳамшираси иш билан таъминланади. Чунки ташкилот, корхона ходимлари амбулатория шароитида даволаниш учун бир иш кунида 2-3 марта поликлиникага бориб, 2-3 соатлаб вақт йўқотиши иш унумини пасайтиради. Ишхонасида “Тиббиёт кабинети” хизматидан фойдаланганда узоғи билан 30 дақиқа вақт сарфланади.

Иккинчидан, ишга жойлаша олмаётган ҳамширалар ўз яшаш жойларида норасмий равишда фуқароларни дори-дармон билан даволашмоқда. Беморлар уларга кўрсатган тиббий ёрдами учун ихтиёрий равишда хизмат ҳақи беришмокда.

Ишсиз юрган тиббий ҳамшираларнинг бундай хизматларини қонунийлаштириб, якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга қилиш “хусусий тиббий ҳамшира” ёки “пуллик хизмат кўрсатувчи ҳамшира” тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш, ҳамшираларга сертификат ёки лицензия орқали фаолиятига рухсат этиш лозим. Низомда хусусий тиббий ҳамшираларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, хизмат кўрсатиш турлари ва тўлов миқдорини, тўловларнинг маълум қисмини иш ҳақи сифатида олиш тартибини белгилаб қўйиш керак. Сертификат ёки лицензия тўловини тахминан энг кам иш ҳақининг 50 фоизи 101.365 сўм миқдорида ҳар ойда бюджетга тўланиши белгиланса, 200 нафар хусусий ҳамширадан ҳар ойда 20 миллион 273 минг сўм, бир йилда 243 миллион 276 минг сўм маблағнинг маҳаллий бюджетга тушиши таъминланади. Тушган 243 миллион 276 минг сўм пул маблағини тиббиёт соҳасини ривожлантириш ёки моддий жиҳатдан ёрдамга муҳтож фуқароларнинг даволанишига йўналтириш мумкин бўлади.

Юқорида илгари сурилган таклифлар маъқулланиб, бу ҳақда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинса, ишсиз юрган тиббиёт ҳамширалари иш билан таъминланиб, уларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳимоя қилинади.

Р. ХЎЖАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Шўрчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE