Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Халқимиз эртасидан эмас. Бугунидан рози бўлиб яшаши керак

Халқимиз эртасидан эмас. Бугунидан рози бўлиб яшаши керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида 30 апрель – 1 май кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди

Ташрифнинг иккинчи куни Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган сессияда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, нуронийлар, тадбиркорлар, фермерлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сессияни очиқ мулоқот тарзида ўтказишни таклиф қилди.

– Ҳақиқий аҳволни гапирган одам бизга дўст. Учрашувимиз ҳамма масалаларни жой-жойига қўйиш бўйича фойдали бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.

Фойдали қазилмаларга бой, табиий иқлим шароити йилига уч мартагача ҳосил олиш имконини берадиган, аҳолиси меҳнатсевар Сурхондарё вилояти салоҳиятининг ҳали ўндан бири ҳам ишга солинмагани қайд этилди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакатимиз кўрсаткичидан 2,3 баробар, хизмат кўрсатиш 2 баробар, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш 8 баробар кам экани кўрсатиб ўтилди. Вилоятда иқтисодий фаол аҳолининг 10 фоизи ишсиз, тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 54 фоиз экани танқид қилинди.

Шу каби масалаларни ҳал этиш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида 2019-2020 йиллар учун умумий қиймати 23 триллион 632 миллиард сўмлик 649 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. 2,2 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, 11,5 минг иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Сурхондарёнинг ўзига хос хусусияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, чет эл инвестициясини жалб этган ҳолда замонавий корхоналар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли ва маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш, ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Тўра Боболов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия қилди.

Тўра Боболов 1970 йилда туғилган. Меҳнат фаолиятини Давлат мулк қўмитаси вилоят бошқармасида ҳисобчиликдан бошлаган. Кейинчалик Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлигида ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Халқ депутатлари Тўра Боболов номзодини маъқуллади ва у Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Президентимиз Термиз шаҳридаги тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган «ZIF TEXTILE» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Ушбу замонавий корхонани барпо этиш учун 2017 йили Термиз темирйўл шифохонасининг қурилиши тугалланмаган тўрт қаватли биноси лойиҳа ташаббускорларига 16 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан «ноль» харид қийматида берилган эди. Ўтган қисқа вақтда мазкур иншоотда йирик ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тикув цехлари, омборхона ва бошқа қўшимча хоналар бунёд этилди. Ишчиларнинг унумли меҳнат қилиши ва дам олиши учун зарур қулайликлар яратилди. Германия, Италия, Туркиядан замонавий тикувчилик дастгоҳлари келтириб ўрнатилди.

Йирик лойиҳани ишга тушириш учун 16,6 миллион доллар сарфланди. Унинг 10 миллион доллари тижорат банкининг кредит маблағидир.

Давлатимиз раҳбари мазкур корхонада бўлиб, тикувчилик маҳсулотларини кўздан кечирди, ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашди.

Президентимиз бу каби замонавий корхоналарни кўпайтириш орқали пахта хомашёсини қайта ишлашни, тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 та иш ўрни яратилди. Корхона жорий йилда 29,4 миллион доллар қийматидаги болалар ва катталар кийими, жинси шим каби тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 8,8 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган. Келаси йили бу ерда 38,2 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва унинг қарийб ярми чет эллик буюртмачиларга етказиб берилади. Шу тариқа 2021 йилда корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 49,6 миллион долларга етади, йилига 34,7 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади.

Давлатимиз раҳбарига Термиз шаҳридаги “Nova pharm” Ўзбекистон – Ҳиндистон фармацевтика қўшма корхонаси, Термиз шаҳрининг бош режаси, Термиз туманидаги Султон Саодат зиёратгоҳини таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, шунингдек, вилоятга инвестиция киритишга масъул этиб белгиланган мамлакатимизнинг Австрия, Тожикистон, Япония ва Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Шу ерда “Киномобиль” – Ўзбекистондаги биринчи инновацион кинотеатр лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. MAN автомобилига ўрнатилган мобиль кинотеатр вентиляция, иситиш-совутиш тизими билан жиҳозланган. Томошабинлар фильмларни 2D ҳамда 3D форматида кўриши мумкин. Инновацион мобиль кинотеатрни ишга тушириш учун 30 дақиқа кифоя қилади. Кўчма кинотеатр 80 томошабинга мўлжалланган. Ушбу лойиҳа юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маданияти ва маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати ёшлар мазкур мобиль кинотеатрда “Экрандаги китоб” (экранлаштирилган бадиий асарлар) туркумида севимли фильмларни кўриш, жаҳон ва ўзбек адабиёти намояндалари ҳаёти ҳамда асарлари билан танишиш, китоб ва фильм муаллифлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу инновацион лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусга ҳамоҳангдир. Яъни, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг мутолаага меҳрини оширишга хизмат қилади.

“Cinema Servis” масъулияти чекланган жамияти бу лойиҳани Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Президентимизга мамлакатимиз ҳудудларида замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш лойиҳаси тўғрисида ҳам маълумот берилди. Куни кеча премьераси ўтказилган “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Бу фильм сурхондарёликларга Рамазон ойи туҳфаси сифатида вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам яна ўн кун намойиш этилиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларда замонавий кинотеатрлар тармоғини қуриш лойиҳасини ўз вақтида ва сифатли якунлаш юзасидан топшириқлар берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла Жонибеков,

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойсундаги М25 конида янги объект очилди

Хабарингиз бор, Президентимиз яқинда вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE