Бош саҳифа / Маданият / Халқаро танлов ғолиблиги кимга насиб этди?

Халқаро танлов ғолиблиги кимга насиб этди?

5-10 апрель кунлари илк бор Термиз шаҳрида ташкил этилган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали ғолиблари аниқланди.

Дунёга донғи таралган ушбу халқаро фестивалда 20 та давлатдан жами 58 нафар иштирокчи ўз ижодий имкониятини синовдан ўтказди. 10 апрель куни фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унга ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Фестивалнинг олий соврини, 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти қозоғистонлик Улжан Байбусиновага насиб этди. Биринчи ўрин ва 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан эса Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган Абдуназар Поёнов ҳамда қўшни Туркманистон давлатидан келган иштирокчи Керван Ёвбосаровлар тақдирланишди.

Иккинчи ўринга Озарбайжондан ташриф буюрган иштирокчилар Ашиқ Али ва Ашиқ Шамира, шунингдек, россиялик Илгам Бойбулдиновлар муносиб кўрилди. Уларга 3,5 минг АҚШ доллари пул мукофоти насиб этди.

Учинчи ўринни кореялик “Hanmyra Art” гуруҳи ва Қорақалпоғистон Республикаси иштирокчиси Гулнара Алламбергеновалар эгаллашди. Учинчи ўрин соҳиблари 2,5 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва барча совриндорлар сингари Халқаро бахшичилик санъати фестивали статуэткаси, дипломлари билан тақдирланишди.

— Қозоқ ҳалқ шоири ва оқинларидан Жамбил бахши “Манас”, “Гўрўғли” ҳамда ўзи яратган “Ўтаган ботир”, “Суранчи ботир” каби достонларни, яна улуғ оқинлардан Қулмамбет, Сағимбек, Сарбас, Дўстмағамбет, Шошубойлар миллий термалардан ташқари туркий халқлар дўстлиги ва биродарлиги мадҳ этилган достонлари билан машҳур бўлишган, — дейди Улжан Байбусинова. — Янада жозибадор ўзбек “Алпомиш”ининг эса ғоявий-тарбиявий жиҳатлари жуда катта. Айнан бахшилар фестивалининг Сурхондарёда, Алпомиш ва Барчинлар юртида ўтаётганида ҳам рамзий маъно бор. Халқаро танловда ғолиблигим аслида фестивалнинг ғолиблиги, қадимий халқ оғзаки ижодининг ғолиблиги, деб ўйлайман. Қозоғистонга Ўзбекистондан энг гўзал, бир-биридан ширин хотираларни, таассуротларни олиб кетаяпман.

Шунингдек, иштирокчиларнинг яна 12 нафари қатор номинациялар бўйича ташкилий қўмитанинг эсдалик совғалари, махсус диплом ва ҳар бири 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланишди.

Бахшичилик санъати фестивалининг рағбатлантирувчи совринлари “Энг ёш иштирокчи” номинацияси малайзиялик Қамарул Байҳақи Бин Қамарул Баисахга, “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинацияси Отахон Матяқубовга насиб этган бўлса, меҳр-оқибатни тараннум этгани учун Тожикистондан келган Азизбек Зиёев, бахшичилик санъати жонкуяри сифатида эса Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди Болтаевлар эътироф этилди.

Қолаверса, совринлар анъаналарга содиқ бахши — Қаландар Норматовга, қадриятлар давомчиси — афғонистонлик Шерван Арна Жумага, халқларнинг қадимий мерос тарғиботчиси болгариялик Салих Ибрагим Буковян ва Шабан Муса Косинларга насиб этди.

Аждодларнинг унутилаётган урф-одатларини тараннум этгани учун монголиялик Авермед Балдандорж, дўстлик ришталарини тараннум этгани учун Сербиядан Зоран Самард зичлар ҳам тақдирланишди.

Фестиваль давомида ҳайъат аъзоларининг меҳрини қозонган Қирғизистондан Асилбек Маратов, мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчилар Эрондан Али Риза Сулаймони, Ҳамид Сулаймонилар эсдалик совғаларига ва пул мукофотларига сазовор бўлишди.

 Санъат саройи ёнидаги 32 гектарли майдондаги бири-биридан ажойиб қўрғонлару улардаги миллий ҳунармандчилик намуналари, кўргазмаларни батафсил ёритиб борган энг яхши оммавий ахборот воситалари ҳам алоҳида рағбатлантирилди. Бундай эътирофга эса “Ўзбекистон 24” телеканали ҳамда “Хабар.Уз” ахборот канали ижодкорлари сазовор бўлишди.

Тантанали ёпилиш маросимида ажойиб концерт дастури санъат байрами кечасига йиғилган меҳмонларни хушнуд қилди. Улар халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан куйланган куй-қўшиқларга рақсга тушишди. Ушбу халқаро фестиваль том маънода яна бир бор элларни элларга, дилларни дилларга боғлади. Турли миллат вакиллари билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлади. Санъатимиз ва қадим анъаналаримиз яна бўй кўрсатди. Турли рангларда атрофни ёритган мушакбозлик кўтаринки кайфиятларга янада завқ берди.

Санъат байрамига келганлар Сурхон воҳасида муқаддас қадамжолар кўплигига амин бўлишди. Бу диёрнинг тили бийрон, сўзи элга ёқувчи, ҳақиқатдан сўзловчи шоирбахшилари борлигини билишди. Энди уларнинг давомчилари ҳам кўпайишини, бахшичилик моҳиятидаги эзгу фазилатлар мурғак болаларимиз қалбинида забт этаётганини кўришди. Бундай эътибордан эса ҳар бир юртдошимизнинг юрагида чўғ ёнди. Бу чўғ ҳали маънавий ҳаётимизда янги эврилишлар ҳосил қилишига ишонамиз.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА,
А. РАЖАБОВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қизиқарли дастурлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan