Бош саҳифа / Маданият / Халқ орзиқиб кутган шодиёна

Халқ орзиқиб кутган шодиёна

Достонлар халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинаси, эртак, мақол, афсона, қўшиқ ва термалар каби оғзаки ижодимизнинг ажойиб дурдоналаридан ҳисобланади.

Уларда халқимизнинг юксак орзу-ўйлари, жўшқин ҳаёти ва тарихи, урф-одат ва тафаккури, тасаввури, маданияти мужассам.Достонлар асрлар давомида ота-боболаримизга илҳом ва завқ бағишлаган, уларнинг ҳаёт машаққатларини енгиб ўтишига ёрдам берган, иродасини тоблаган, келажакка умид кўзи билан қарашга ундаган, ёш авлодни ватанпарвар ва элсевар, мард ва жасур, ота-боболар анъаналарига содиқ қилиб тарбия лаган. Шунинг учун улар асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб, бойиб, такомиллашиб, мазмунан теранлашиб бораверган. Халқимизда достонлар ижрочилари хусусида бежиз «Бахшили эл — ботир эл» деган ҳикмат айтилмаган.

Барча туркий халқлар қатори ўзбек халқи ўртасида, айниқса, «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Орзигул», «Ёдгор», «Хўрсуна», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Ёзи билан Зебо» ҳамда Гўрўғли туркумидаги 40 дан кўпроқ достонлар жуда машҳур бўлган. Бахши ва оқинларимиз, шоир-жировларимиз уларни халқимиз бошига оғир кунлар тушганда ҳам айтиб, руҳий мадад бўлганлар, кўнглини кўтарганлар, байрам ва тантаналарда, тўй-базмларда ижро этиб, барчага шодлик, кўтаринки кайфият бағишлаганлар. Достонлар халқ маънавияти, қадриятининг ажралмас қисми сифатида ҳамиша эъзозланган, бахшиоқинлар эса элнинг энг суюкли фарзандлари сифатида юксак обрў-эътиборга, ҳурматга сазовор бўлишган.

Афсуски, достонларимизнинг катта қисми узоқ йиллар давомида тор-маҳдуд маънога эга, миллатчилик руҳи билан суғорилган деган баҳонада ўрганилмай келди, ҳатто, ижро этиш, чоп этиш манъ қилинди. Шўролар даврида «Алпомиш» достони бошига бир неча бор шундай кунлар тушганлигини эслаш кифоядир. Бахшилар ижоди қадрланмади, улар ўртасида кўрик-танловлар ўтказиш кўпинча эътибордан четда қолди.

 Фақат мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейингина халқ достонларига, бахши-оқинлар ижодига эътибор кучайди. Достонларни бахшилардан ёзиб олиш, ўрганиш, чоп этиш, бахши-оқинлар ўртасида турли даражадаги кўрик-танловларни ўтказиш кенг йўлга қўйилди. «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонининг таъсис этилиши ва кўплаб бахшиларнинг муносиб такдирланиши ҳам бу йўлда қўйилган катта қадам бўлди.

Асрлар давомида ўлмас қадриятларимизни эъзозлаб келган халқимиз мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорини катта қониқиш ва хурсандчилик билан кутиб олди. Таъкидлаш жоизки, бу муҳим ҳужжатдан бахшичилик ривожланган қардош халқларнинг ҳам шодланганлиги табиий. Чунки қарор халқимиз ардоқлаб келган ана шу бебаҳо санъатни янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан эътиборга молик эди.

Халқаро бахшичилик санъати фестивали биринчи марта ўзига хос бахшичилик-достончилик мактабларига ва услубига, теран илдизларга, бой анъаналарга эга Сурхондарё вилоятида — мамлакат жануби Термиз шаҳрида ташкил этилмокда. Эндиликда у ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ўтказиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 16 ноябрдаги 01-11-03-7944-сонли қарори бўйича қилинган мурожаатга жавобан жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ташкил этиладиган халқаро бахшичилик санъати фестивалини ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш бўйича бу нуфузли ташкилот Бош директорининг расмий розилик мактуби олинди.

Қониқиш билан айтиш ўринлики, ушбу санъат байрамини мамлакатимиз аҳолиси ва сурхондарё ликлар катта тайёргарликлар билан кутиб олдилар. Фестивалга 80 дан ортиқ давлатдан хорижий иштирокчилар таклиф этилди. Тошкент ва Термиз шаҳарларида фаолият юритувчи ишчи гуруҳлари (штаби) ташкил қилинди. Улар таркибига юксак касбий маҳоратга эга бўлган сценарийчи ва режиссёрлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилди.

Тайёргарлик жараёнида халқаро бахшичилик санъати фестивалига хорижий иштирокчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Дастурда бошқа оммавий-маданий тадбирлар билан бир қаторда фестиваль кунлари кечки пайтларда хорижий ва маҳаллий иштирокчиларнинг концертларини ташкил қилиш белгиланди. Хорижий иштирокчиларнинг ташрифи дастури лойиҳаси инглиз ва рус тилларига таржима қилинди. Чет эллик меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун Термиз давлат университети хориж филологияси факультети ўқитувчилари ва талабаларидан 100 нафар (90 нафари инглиз ва 10 нафари немис тилида) таржимон тайёрланди.

Фестивалда юртимиз ва хорижлик бахшиларнинг якка чиқишлари, бахши-шоир, оқин, жиров ҳамда фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови, сайиллар бўлади, бахшичилик санъатига оид турли тиллардаги илмий-тадқиқот асарлари, илмий-маърифий адабиётлар кўргазмалари, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, фотосуратлар намойиш этилади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, иштирокчиларнинг чиқишлари малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олим ва тадқиқотчилар, иштирокчи давлатларнинг соҳа бўйича намояндаларидан ташкил топган халқаро ҳайъат томонидан достонлар ижрочилиги ва чолғу асбоблари ижрочилиги йўналишлари бўйича баҳоланади. Албатта, баҳолаш жараёнида достончилик санъати намояндаларининг асл миллий хусусиятлари, куй, нағма ва термаларнинг бадиий эстетик жиҳатлари, ўзига хослиги, халқ ижрочилиги усулларини эгаллагани даражаси, кийиниши, саҳна маданияти, либослардаги бадиий безакларнинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш жиҳатларига алоҳида эътибор берилади.

Танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофоти — Гран-При 7 000, 1-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 5 000, 2-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 3 500, 3-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 2 500 АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади. «Бахшичилик санъатининг энг ёш иштирокчиси», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу ижрочиси» каби номинациялар бўйича ҳам пул мукофотлари ва махсус дипломлар таъсис этилган.

Биз меҳмонлар ва журналистлар учун барча қулай шарт-шароитларни яратиш чораларини кўрдик. Адиб Собир Термизий номидаги ахборот-ресурс марказининг янги биносида матбуот маркази, Термиз Археология музейида эса Республика ташкилий ва ижодий штаби ташкил этилди. Улар зарур жиҳозлар, компьютерлар, принтер, нусха кўчириш аппаратлари билан таъмиланиб, интернет тармоғига уланди.

Термиз шаҳри ва унга ёндош ҳудудларда жуда катта ҳажмдаги қурилиш, реконструкция, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Термиз аэропорти вокзалининг янги биноси қуриб битказилди, Алпомишнинг ҳайкали мукаммаллаштирилган ҳолда санъат саройи биноси яқинига ўрнатилди. Санъат саройи ҳудудида томошабинлар учун йиғма ва асосий амфитеатр барпо этилди. Кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли кўплаб турар-жой бинолари жорий таъмирланди. Фестивалга оид панно ва рекламалар, суратлар, электр нури билан ёритиладиган ёзувлар ўрнатилди. Бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар тайёрланди, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари фестивалга тахт қилинди.

Вилоят марказидаги «Амударё» болаларни соғломлаштириш оромгоҳи, «Термиз марвариди» санаторийси, Термиз давлат университетининг 2-, 3ва 4-ётоқхоналари (жами 1053 ўринли) тадбирга келадиган маҳаллий меҳмонлар учун ажратилди ва қайта жиҳозланди. Бундан ташқари, оилавий меҳмон уйлари тайёрланди. Қўшимча янги автобуслар ва енгил автомашиналар ажратилди. 63 нафар шофёр, 123 нафар гид-экскурсовод, 70 нафар меҳмонхона ходими ва ошпазлар қайта тайёргарликдан ўтказилди. Меҳмонларга 250 нафар официант, 68 нафар ошпаз, 70 нафар техник ходим хизмат кўрсатади.

Ўзбек, инглиз ва рус тилларида воҳадаги 37 турдаги туристик диққатга сазовор жойлар ҳақидаги буклетлар, бахшичилик санъатига бағишланган рисола ва Термиз шаҳрининг сайёҳлик харитаси тайёрланди. Вилоят тарихи ва маданиятига оид 2 та китоб, 6 турдаги буклет, «Кўҳна Термиз»,»Замонавий Термиз» ҳамда бахшилар тўғрисида фотоальбомлар чиқарилди. Бахши Шоберди Болтаевнинг «Малла савдогар», Абдуназар Поёновнинг «Олтин қовоқ», бахшиларнинг «Алпомиш» достони 1000 нусхадан қилиб нашрдан чиқарилди. Фаёзтепа, Кампиртепа, Султон Саодат ва Ал Ҳаким ат Термизий мақбараси каби тарихий обидалар қайта таъмирланди. Хуллас, халқаро бахшичилик санъати фестивалининг юксак савияда ўтиши учун барча чоралар кўрилди. Умид қиламизки, бу фестиваль халқимизнинг ва юртимизга ташриф буюрган хорижлик дўстларимизнинг чинакам байрамига айланади, халқларимиз ўртасидаги биродарликни, маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, қадриятларимизни янада юксак поғонага кўтаради ва барчада унутилмас таассурот қолдиради.

Райҳон РАҲИМОВА,

Халқаро бахшичилик санъати

фестивали тадбирларини ОАВ да

ёритувчи ташкилий гуруҳ раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мард ўғлонлар хотираси қалбимизда

Жанубий оператив қўмондонлик ҳарбий хизматчилари қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan