Бош саҳифа / Жамият / Халқ ижодиётининг катта байрами

Халқ ижодиётининг катта байрами

Академик Тўра МИРЗАЕВ: — Бахшилар мингйилликлар давомида халқимизнинг орзу умидларини куйлаб келган. Эҳтимол, ингсониятнинг бадиий тонгидаги биринчи ижодкор ҳам бахши бўлгандир. Афсуски, улар ҳақида ёзма манбалар етиб келмаган, борлари ҳам кам. Яқин даврларгача достонларимизни ёзиб олиниши ҳеч кимнинг ҳаёлига келманган. Қувонарлиси, бахшиларимиз достонларни хотирасида қақлаб, эл аро ижро этиб, уни янада сайқал топишига беқиёс хизмат қилганлар. Фозил Йўлдош, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пулкан шоир, Абдулла шоир, Ислом шоир, Шерна бахши, Умир Сафар ўғли, Марданоқул бахшилар шулар жумласидан. Улардан ёзиб олинган достонлар сўнгги 70-80 йил давомида нашр қилинди. Ўтган асрда ўзбек фольклори намуналари кўпжилдлигининг 37 томи нашрдан чиққанлиги фикримизнинг исботидир.

Президентимизнинг Термизда биринчи маротаба мана шундай Халқаро бахшичилик фестивалини ўтказиш тўғрисидаги қарори бу санъатни сақлаб қолиш, келажак авлодларнинг ижросида унинг давом эттиришга катта имконият яратади. Фестиваль бир томондан санъатимиз, адабиётимиз, маданиятимизни кўрсатиш баробарида бахшичилик санъатимизни жонли ижрода кейинги даврга етказилишида асосий омилдир. Ишонч билан айтаманки, дунёдаги бизгача етиб келган эпослар — Эллиада, Одессея, Рамаяна, Маҳабҳорат достонларининг ёзувдаги шакллари пайдо бўлиши билан уларнинг ижроси мингйиллар аввал сўнган эди. Лекин “Манас”, “Ботирлар жири”, “Гўрўғли” каби достонлар яқин қардош халқларимиз талқинида жонли ижрода бизгача етиб келаяпти. Бунинг ўзи катта гап.

Санъат — тарихий категория. Бирининг ўрнида доимо иккинчиси ривожланган. ХХ аср охири ХХI аср бошларида бизнинг юртимизда ҳам бахшичилик сўна бошлади. Шунга қарамай, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Қорақалпоғистонда башиларимиз ижоди, ижрочилиги давом этаяпти. Тўғри, бугун бахшиларимиз 40-50 та достонни билмас, аммо 4-5 та достонни билиб, уни ижро қилиш маҳоратига эга бўлиши ва санъат сифатида сақлаб қолаётгани ниҳоятда қувонарлидир. Қарорнинг аҳамияти ҳам шунда. Фестивалда фақатгина бахшичилик санъати эмас, балки халқ ижодиётининг барча жанрлари, оғзаки санъат намуналари, амалий санъатимиз намойиш этилаётган катта санъат байрами дея айта оламиз.

Фольклоршунос олим Маматқул Жўраев Фарғонада қачонлардир бахшичилик санъати бўлган, дейди.

Кўпчилик ҳайрон қолиши мумкин, Фарғонада ҳам бахшичилик санъати бўлганми, деб. Ҳа, бир неча достончилик мактаблари шу жойда бўлган. “Ёзи билан Зебо” номли халқ достонимизнинг энг яхши намунасини Раҳим Мўмин избосканлик Ёрмат бободан (афсуски отасининг исми маълум эмас) 1922 йилда олган.

Бахшичилик бугунги кунимизгача жонли ижрода етиб келганлиги — бу бизнинг энг катта бойлигимиз. Ҳамон бахшиларимизнинг бадиҳагўйлик маҳорати сақланиб тургани мени ҳайратлантиради. Ўтган йили 12 апрелда Қашқадарёда Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимовдан “Алпомиш” достонини ёзиб олдим. Шу ойнинг 30 санасида достоннинг дастлабки 1 соат 40 минутлик қисмини қайта ёзиб олдим. Матнни солиштирганимда катта фарқ борлиги сезилди. Демак, баҳшининг ҳар бир ижроси оргинал ва такрорланмасдир.

Бахши ижро жараёнида катта шоирга айланади, биз бадиҳагўйлик санъатини шу ерда кўрамиз. Биринчи бор ўтказилаётган фестивалда нафақат юртимиз ва қардош халқларнинг бахшилари, балки дунёда эпик ижрони сақлаб қолган бошқа миллат вакилларининг чиқишларига ҳам гувоҳ бўлаётганимиз ниҳоятда қувонарли.

Санъатдаги бу ранг-баранглик уни аслича сақлаб қолишдек эзгу истакларни ҳам ифода этади.

Суҳбатдош: Баҳром Нормуродов,
”Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan