Бош саҳифа / Таълим / Халқ ҳақини еган ҳалқумидан илинар

Халқ ҳақини еган ҳалқумидан илинар

ёхуд Музработдаги 25-мактабда қачон тартиб ўрнатилади?

Таҳририятимизга Музработ туман “Халқ йўли” маҳалласида яшовчи фуқаро, 25-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Шоҳиста Баҳромова томонидан директор Дилфуза Джўраеванинг устидан шикоят хати келди.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида 25-умумтаълим мактабига йўл олдик. Маълум бўлишича, бизга қадар бу масала вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси ҳамда туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, иш туман маъмурий судига оширилган экан.

Кузатув жараёнида аниқланишича, Ш. Баҳромовага 2017 йил декабрь ойида ҳам 600 минг сўм нақд рағбат пули чиқарилган. Аммо Ш. Баҳромова мутлақо бундан бехабар бўлган. Шу тариқа мактаб директори биргина Ш. Баҳромованинг ўзидан 1 022 000 сўм маблағни ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

“ИШ КЕРАКМИ, НАҚДИДАН ҚИСТИРИНГ!”

Минг афсуски, мактабда жабрланган битта Ш.Баҳромова эмас.

— Директоримиз 2018 йилда менинг маошимдан ҳам ўзлаштирган — дейди мактаб ўқитувчиси Мақсуда Асадова. — Имзоларни эса сохталаштирган. Буни “oylikbot” дастури орқали билиб олдик.

— 2017 йил 31 январда 25-мактабга фаррош вазифасига ишга киргандим, — дейди кимё лабораторияси лаборанти Ҳуррият Йўлдошева. — Иш сўраб келганимда директор Дилфуза Джўраева харажатлари борлигини, бир ойлик иш ҳақимдан воз кечишим кераклигини айтди. Шундай бўлди ҳам. Биринчи ойлигимдан 150 минг сўмни олиб қолди. Кейинчалик лаборантликка ўтаётганимда яна 250 минг сўм пулни талаб қилиб олди.

— Дарс соатимга қўшимча равишда якка тартибда ногиронлиги бўлган бир нафар ўқувчига дарс бераман, — дейди мактаб ўқитувчиси Гулноз Жўраева. — Бунинг учун эса директоримиз мендан харажатлари учун деб 200 минг сўм пул талаб қилиб олди.

— 2018 йил ноябрь ойида фаррошлик вазифасига ишга кирганман, — дейди Фазилат Нуриддинова. — Аммо кейин билсам, сентябрь, октябрь ойлари учун ҳам менга нақд пул шаклида иш ҳақи чиққан экан. Аммо мен бундан бехабар эдим. Бу ҳақида директоримизга айтганимда ҳужжатларимни тахлаш учун озгина харажатлари борлигини, пулни шунга сарфлаганини айтди. Лекин қайнотам ҳужжатларимни ноябрь ойида тўлиқ қилиб директорнинг қўлига топширган эди.

Мактаб фарроши Ф.Нуриддиновага ҳақиқатдан ҳам сентябрь, октябрь ойлари учун октябрь ойида 415 минг 259 сўм пул нақд шаклда чиқарилган. Музработ туман халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси Комил Абдуллаевнинг айтишича, нақд пуллар бўлим кассири томонидан ходимларга тарқатиш учун директорнинг ўзига берилган. Аммо директор хоним пулларни фаррошга бермаган. Бир ўйлаб кўринг-чи, 228 минг сўм оладиган фаррошнинг маошига кўз олайтириш учун инсон қай даражада виждонсиз бўлиши керак-а? Ахир халқимизнинг “Бировни алдасанг, юрган кўчангнинг боши берк”, деган ҳикматли сўзини ҳали унутганимиз йўқ.

Энг ачинарлиси, бу сингари ҳолатлар бир эмас, бир неча маротаба такрорланган. Мактаб ходимлари, ўқитувчиларнинг ҳасратидан дуд чиқади.

“КЎМИР ҚАЁҚҚАДИР ҒОЙИБ БЎЛАЯПТИ…”

Мактаб ўт ёқувчиси Жамила Элмуродованинг бу шубҳасини аниқлашга киришдик. Мактабга 2018-2019 ўқув йили учун туман халқ таълими бўлими томонидан жами 15 тонна кўмир берилган. Жами ёқиладиган 5 дона печни ҳисобга олсак, кунига 175 килограммдан кўмир ёқилиши зарур. Хўжалик мудирининг чиқим дафтарида ҳар бир кун учун 175 килограммдан кўмир чиқим қилинган. Бироқ ўт ёқувчи бунинг ёлғонлигини билиб қолган. Унинг айтишича, 2-3 кунга етказиш шарти билан 3 қоп кўмир берилиб келинган. Қишки таътил кунларида бирорта ҳам печ ёқилмаганига қарамай, белгиланган меъёрдаги кўмир ёқилган, деб чиқим қилинган.

— Мактабимизга текшириш келганида “Агар чиндан ҳам кунига 175 килограмм кўмир ишлатамиз, таътил кунлари ҳам печлар ёнди деб айтмасанг, директор маошингни камайтириб ташлайди”, деб хўжалик мудири дўқ қилди, — дейди Ж.Элмуродова. — Боқувчисини йўқотган ёлғиз онаман. Саккиз нафар фарзандим бор. Олган маошим кун кўришга зўрға етади, уни яна камайтиришмасин деб, айтганларига рози бўлдим. Ўтган йили ёз ойларида директоримиз 7 нафар фаррошга ортиб қолган кўмирни ҳар биримиз 10 тадан қопга жойлашимизни буюрди. Қора кўмирга беланиб бўлса-да, буйруқни бажардик. 70 қопга яқин кўмир йўқолиб қолганлигини кейин билиб қолдик. Бу кўмирларни директоримиз ғишт заводига сотиб юборгани маълум бўлди. Айни пайтда омборда 3 тоннага яқин кўмир қолган. Энг ажабланарлиси, директор суҳбат жараёнида ҳақиқатдан ҳам кўмирни сотганлигини тан олди. Унинг айтишига қараганда, пулини мактаб харажатлари учун ишлатган эмиш.

Январь ойидаги 12 кунлик таътилда 2 тоннадан зиёд кўмир ҳисоб дафтари орқали чиқим қилинган. Хўш, бу кўмирлар қаёққа учиб кетди экан?

Ж. Элмуродованинг яшаш шароитини бориб кўрдик. Аёл ижтимоий кўмакка муҳтож. Шундай бўлса-да, ҳовли супурувчиликни қўшиб бергани учун директор ундан пул талаб қилиб олган. Бундан хабар топган мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Мақсуда Асадова бу ҳақида орган ходимларига маълум қилишини айтгач, директор пулни қайтариб берган.

“ОДОБНОМА ДАРСИДА “БОШҚОТИРМА” ЕЧИШНИ ЎРГАНДИК…”

Д. Джўраевага директорликдан ташқари, одобнома фанидан дарс соатлари бириктирилган. Аммо 2017-2018 ўқув йилида унинг ўрнига синглиси (айни пайтда мактаб кутубхоначиси) Нилуфар Джўраева дарс ўтган. Буни мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳам тасдиқлашди. Қизиқ, ҳатто соҳа бўйича ўрта махсус маълумотга эга бўлмаган Н. Жўраева ўқувчиларга таълим беришни қандай уддалаши мумкин?

 Ўқувчилар билан суҳбат қурганимизда улар “Нилуфар устоз бизга “бошқотирма” ечишни ўргатган”, дея жавоб беришди. Ота-оналар жондан азиз фарзандларини билим олсин, дея мактаб муассасасига юборишади. Кутубхоначини қўя турайлик, аммо директорнинг ота-оналарнинг ишончини суиистеъмол қилиши қайси мантиққа тўғри келади? Дарвоқе, таълим масканидаги аравани тенг торта олмай, ўз манфаатини бурчидан устун қўйган раҳбар ҳар бир дарснинг муқаддаслигини ҳурмат қилса бўлармиди!

Шундан сўнг, мактаб кутубхонаси фаолиятини кўздан кечирдик. АРМ мутахассиси вазифасида ишлаётган Н. Джўраева шу кунгача қабул қилинган соҳага доир 12 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумотга эга эмас. Қолаверса, қайд қилиш кундалиги, кутубхона инвентар китобини ҳам бетартиб қоғозлар орасидан излаб топа олмади. Тақдим қилинган тадбирлар баённомалари эса ўтган йилгиси эканлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, ўзига юклатилган вазифа моҳиятини тўла англаб етмаган ходим унга берилган лавозимга муносибман, деб айта олишга нечоғлик ҳақли?

“…ЁМОН РАҲБАР ҲОВЛИ БЎЙЛАР”

Таълим масканида печлар ёқилса-да, ўқувчилар совуқ хоналарда қишки кийим-бошларини ечмай, жунжикиб ўтиришганига гувоҳ бўлдик. Иситиш қувурларида сув айланиши ёмонлиги боис 50 фоиз батареялар қизимайди. Мактаб миқёсида 20-30 фоиз чироқлар ёнмайди. Ҳатто ўқитувчилар хонасида ҳам электр лампалари ёнмас экан. Чироқ ёнмагани етмагандек, озодалик ҳам ҳамин қадар, афишалар чанг босиб ётибди. Синф журналларида камчиликлар бир талай. Ўқув-тарбиявий ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг ишини қониқарли деб бўлмайди. 23 январь куни 4-соатда ўғил болаларнинг ёппасига мажлис баҳона дарсдан қолдиришгани аянчли, албатта. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Улуғбек Ҳакимовдан ушбу ҳолатга изоҳ талаб қилганимизда, у “Участка профилактика нозири келиб, ўғил болалар ўртасида тартиб-интизом хусусида йиғилиш ўтказди. Мен ўқувчиларни таъминлаб бердим”, дея ўзини оқлади. Мактаб директори иш ўрнида бўлмаса, ўринбосарлар масъулият сезишмаса, қолганлардан нимани ҳам умид қилиш мумкин? Давлат ва жамоат мулкига,кишиларнинг ҳақига кўз олайтириш на ўзбекчиликка, на мусулмончиликка ва на қонун-қоидаларга тўғри келади.

Кўпга бош бўлишнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Зеро, “Яхши раҳбар элни ўйлар, ёмон раҳбар ҳовли бўйлар” дейди халқимиз. Ўзингиз ўйланг, мактаб раҳбари куппа-кундуз куни ўз ходимининг кўзига қараб нонини “туя” қилиб турса, бунга яна қандай изоҳ бериш мумкин. Ҳақиқат шуки, ўзганинг ҳақи асло бировга юқмайди. Аммо бу ҳақиқатни билган бор, билмаган бор.

Ушбу мақола юзасидан мутасаддилардан бирор жўялироқ жавоб кутиб қоламиз.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan