Бош саҳифа / Иқтисодиёт / ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚАРОРИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚАРОРИ

Сурхондарё вилоятида солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадларни кўпайтириш, уларнинг манбаларини аниқлаб сафарбар қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қайд қиладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган “Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш имконини бермоқда.

Солиқ тизимини янада ривожлантириш бўйича Муҳтарам Президентимизнинг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя килиш, уларга янада эркинликлар яратиб бериш борасида 2 та Фармонлари (ПФ-5490, 27.07.2018й, ПФ-5552, 30.10.2018 й), Солиқ тизимини ислоҳ қилиш борасида 2 та Фармонлари (ПФ-5468, 29.06.2018 й, ПФ-5499, 01.08.2018 й) ҳамда битта қарори (ПҚ-3802, 26.06.2018 й) қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 4 апрель куни ўтказилган видеоселектор мажлисида бюджетга қўшимча даромадларни сафарбар қилиш бўйича маҳаллий ҳокимият органлари, молия ва солиқ идоралари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорига мувофиқ, 2019 йил учун бюджет даромадларига 2016,5 млрд. сўм прогноз кўрсаткичлар белгиланган бўлиб, жорий йилнинг I чорак учун белгиланган 420,5 млрд. сўм прогноз, амалда 479,4 млрд. сўмга (114%) бажарилган яъни 58,8 млрд. сўмга кўп тушум жалб қилинган. Бюджет бўйича II чорак учун белгиланган 484 млрд. сўм прогноз апрель-май ойи якуни билан 366 млрд. сўмга (75%) таъминланган. Чораклик даромад кўрсаткичларини бажариш учун июнь ойида жами 183 млрд. сўм (шундан прогнозни бажариш учун 118 млрд. сўм, қўшимча даромад режаси бажариш учун 65 млрд. сўм) тушум тушириш лозим бўлади.

Президентимизнинг топшириқларига асосан, вилоятда 2019 йил якунига қадар 500,0 млрд. сўм қўшимча даромад жалб қилиниши белгиланган эди.

Шуни таъкидлаш лозимки, 2019 йил бюджет параметрлари ҳамда параметрни орттириб бажариш (500,0 млрд. сўм) топшириғи билан белгиланган 2 трлн. 516 млрд. сўм режа кўрсаткич 2019 йилнинг 1 июнь ҳолатига 845,0 млрд. сўмга ёки 33,6 фоизга бажарилмоқда. 2019 йилнинг қолган даври учун 1671,0 млрд. сўм маблағ ундиришга қолмокда. Шу билан бирга бюджетга белгиланган режаларни ортиғи билан бажариш, маҳаллий бюджетга қўшимча манбаларни жалб қилиш борасида вилоятда фойдаланмаган имкониятлар етарли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2019 йил 4 апрелда ўтказилган йиғилиш баёнига асосан жорий йилнинг 21 май 4 июнь кунлари ҳисоб палатаси ишчи гуруҳи томонидан вилоятда бюджетга қўшимча даромадларни жалб этиш бўйича ҳисоб палатаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда туман (шаҳар)ларда ишларни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганиш натижасида қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Бюджетга ундирилиши бевосита солиқ, молия органлари ва маҳаллий ҳокимликларга боғлиқ бўлган айрим солиқ турлари бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаган. Жумладан:

жисмоний шахслар мол-мулк солиғи бўйича 2,8 млрд. сўмга (28 %);

жисмоний шахслар ер солиғи бўйича 1,8 млрд. сўмга (13 %);

жарималар 5,3 млрд. сўмга (57 %);

маҳаллий йиғимлардан 274 млн. сўмга (21 %) бажарилмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3928-сонли қарори ижроси юзасидан хатлов натижасида жами 2 213та бўш турган, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ер майдонлари аниқланган. Шундан, «Тармоқ жадвал»да белгиланган ишга тушириш муддати ўрганилганда 160 та объектлар белгиланган муддатларда ишга тушмаган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан ўрганилганда, 54 та махсус техника эгалари белгиланган тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаганлиги ҳисобига 190,0 млн. сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоблаш имконияти мавжудлиги аниқланган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан 1147 та юк ташувчи транспорт эгалари белгиланган тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳисобига 2019 йилнинг июнь-декабрь ойларида 3 509,0 млн. сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундириш имконияти мавжуд.

Мажбурий ижро бюроси томонидан 12 та ҳолатда мол-мулки мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг 31,6 млн. сўм солиқ қарзини ундириш бўйича ижро ҳужжатлари ижро этилмасдан қайтарилган.

Корхоналар томонидан статистика органларига топширилган ҳисоботларини солиқ органларига топширилган ҳисоботлари билан солиштириб ҳаққонийлиги ўрганилганда, 1 477 та корхоналар 2016-2018 йилларда маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотишдан тушган соф тушум 206 312,7 млн. сўмга кам кўрсатганлиги натижасида 8 287,8 млн. сўм ягона солиқ тўлови ҳисобланмаганлиги аниқланган.

Қўшимча даромадлар ҳисобидан молиялаштирилган харажатларнинг амалга оширилиши аҳволи ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.

Сурхондарё вилоятида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилаётган харажатларнинг таҳлилига кўра, ҳукумат топшириғига асосан, қўшимча манбаларнинг камида 40 фоизини биринчи навбатда аҳолини иш билан таъминлаш тадбирларига ажратиши лозим.

Лекин, вилоятда ушбу мақсадларга 2018 йилда камида 132 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилиши ўрнига атиги 2 млрд. сўм ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг январь-апрель ойларида ушбу мақсадлар учун маблағ йўналтирилмаган.

Шунингдек, қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 21 млрд. сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Масалан, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 6 та туманларда давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган уй-жойлар доирасида 23 нафар фуқароларга ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлари учун 2,5 млрд. сўм компенсация тўловлари нотўғри тўланган.

Вилоятдаги 13 та бюджет ташкилотлари томонидан молиявий манбаси аниқ бўлмаган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича етказиб берувчилар билан асоссиз шартномалар тузилган ва улар ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказилмаган.

Вилоятда солиқ сиёсати концепциясини амалга ошириш, бюджетга қўшимча даромадларни сафарбар қилишда маҳаллий ҳокимият органлари, молия ва солиқ идоралари раҳбарлари, мутасадди ташкилотларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши қарор қилади:

1. Сурхондарё вилояти бўйича 2019 йилда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш, солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадлар захираларини аниқлаш бўйича вилоятдаги ҳар бир мутасадди корхона ва ташкилотлар раҳбарларига маҳаллий бюджетни ортиғи билан бажариш бўйича масъулиятини янада ошириш топширилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси томонидан Сурхондарё вилоятида бюджетга қўшимча даромадлар манбаларини аниқлаш ва уларни сафарбар қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини ўрганиш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича иловага мувофиқ чора-тадбирлар режаси тасдиқлансин.

3. Чора-тадбирлар режасида масъул қилиб белгиланган ташкилот ва корхоналар томонидан белгиланган муддатларда камчиликларни бартараф қилиш юклатилсин ва амалга оширилаётган ишлар ҳар ойда вилоят ҳокимлигида муҳокама қилиб борилсин.

4. Вилоят солиқ ва молия органлари бошлиқлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда:

вилоят бўйича 2019 йилда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш ҳисобига бюджетга қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича 29 та йўналишда тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган тадбирларнинг жойларда амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиш, дастурнинг ҳар бир бандини тўлиқ ижросини таъминлаш;

вилоятда бюджетга қўшимча даромадларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишда аниқланган бюджетга қўшимча даромадлар тушириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилсин ва ҳар бир йўналиш ижроси бўйича масъуллар белгилаб олинсин.

Жумладан, жорий йилнинг июль ойи якунига қадар:

Вилоят молия бош бошқармаси (Б.Худойберганов), вилоят ғазначилик бошқармаси (Р.Хамраев) билан биргаликда:

бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлардан 9,2 млрд. сўм ер ва мол-мулк солиғидан қарздорликларни ва жорий йил учун ҳисобланган солиқларни ўз вақтида ундирилишини;

бюджет ташкилотларида ишловчиларнинг меҳнат таътили ва июнь ойи иш ҳақидан 29,0 млрд. сўм даромад солиғини тўлаб берилишини таъминласин.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси (У.Зокиров), тижорат банклари раҳбарлари билан биргаликда тижорат банклари мижозларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 8,6 млрд. сўм қарздорлигини шакллантирилган рўйхат асосида тўлаб берилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

Вилоят мажбурий ижро бюроси (Р.Намозов):

ҳисоб палатаси томонидан аниқланган, мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжатлари асосида 10,5 млрд. сўм солиқ қарздорлиги ва жарималарнинг ундирилишини;

Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган, мажбурий ижро бюроси томонидан давлат фойдасига мусодара қилинган товар-моддий бойликлар, кўчмас мулк ва транспорт воситалари сотилиши ҳисобидан 7,5 млрд. сўм маблағларни қонунда белгиланган тартибда ундирилишини;

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ундирилган, ижро ҳужжатига кўра маҳаллий бюджетга тўланиши лозим бўлган 15,0 млрд. сўм зарар суммаларини ваколатли органлар томонидан қабул қилинган қарорлар асосида такдим этилган ижро ҳужжатларига кўра (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар депозит ҳисоб рақамида турган маблағларни) жиноят ишлари бўйича судлар билан таққослаган ҳолда аниқлик киритиш ҳамда маблағни маҳаллий бюджетга ундирилишини;

2018-2019 йиллар учун иш юритувида бўлган жами 2,6 млрд. сўм маъмурий жарималарнинг ундирилишини таъминласин.

Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бошқармаси (С.Шоймардонов) шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда ҳисоб палатаси томонидан аниқланган турар-жойлар учун кадастр ҳужжати тайёрлаш учун маҳаллий бюджетга тушадиган 10,3 млрд. сўм йиғимларнинг ундирилишини таъминласин.

Вилоят молия бошқармаси (Б.Худойберганов), ғазначилик бошқармаси (Р.Хамраев), вилоят «Сувоқова» ДУК (А.Абдусатторов), вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи» инжиниринг компанияси (А.Арамов) билан биргаликда бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш, таъмирлаш ишларини бажараётган, хизмат кўрсатаётган корхоналарнинг солиқ қарзи ва жорий тўловлари ҳисобидан бюджетга 11,4 млрд. сўм маблағларнинг ундирилишини таъминласин.

Вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси (З.Қаюмов) 2018-2019 йиллар учун ундирилмаган 4,0 млрд. сўм маъмурий жарималарнинг ундирилишини таъминласин.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси (С.Эшматов) «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури бўйича таъминотчи корхоналардан 6,0 млрд. сўм солиқларнинг ўз вақтида ундирилиши чораларини кўрсин.

Вилоят молия бош бошқармаси (Б.Худойберганов), вилоят ғазначилик бошқармаси (Р.Хамраев) ва ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда қўшимча манбалардан самарали ва қонуний фойдаланишни, ортиқча ва асоссиз харажатларга йўл қўймаслик чораларини кўрсин.

Ҳар ойда вилоят ҳокимлигида ишчи-гуруҳлар ва масъулларнинг амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлари эшитиб борилсин.

5. Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари бюджет ва мақсадли жамғармалар олдида солиқ мажбуриятини бажаришга, солиқларни тўлиқ микдорда ва ўз вақтида тўлаб боришга масъул эканликлари, солиқ қарздорлигига йўл қўймасликлари лозимлиги таъкидлансин. Солиқ қарздорлигига эга корхоналар эса ушбу қарздорликларни қисқа муддатда, йил якунига қадар тўлиқ бартараф қилишлари лозимлиги бўйича шахсий жавобгар бўлишлари белгилаб қўйилсин.

6. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси У.Тошбоев, халқ депутатлари туман Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари билан биргаликда бюджетга қўшимча тушумларни ошириш борасидаги белгиланган чора-тадбирлар бажарилишини мунтазам назоратини ўрнатсинлар ва доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилиб борсинлар.

7. «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари таҳририяти (Р.Раҳимова), Сурхондарё телерадиокомпанияси (Б.Мингбоев) ҳудудларда бюджетга қўшимча тушумларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган тадбирларни кенг ёритиш мақсадида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил қилсинлар, мақола, рукнлар бериб борсинлар.

8. Мазкур қарор «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари саҳифаларида ҳамда вилоят ҳокимлигининг интернетдаги расмий веб-сайтида чоп этилсин.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари в.б. Р.Пардаев ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси У.Тошбоевлар зиммасига юклатилсин.

10. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан кучга киради.

Сессия раиси А. АРТИҚОВ

2019 йил 12 июнь, Термиз шаҳри

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муқобил энергия-даромад манбаи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика Вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекцияси» Сурхондарё ҳудудий бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE