Бош саҳифа / Жамият / Халоскор

Халоскор

ёки акасига бир буйрагини ҳадя этиб, уни ҳаётга қайтарган қиз

Қудрат Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида ўқир эди. Дарсдан бўш вақтларида шаҳарнинг марказида жойлашган ошхона буфетида ишларди. Айни пайтда спорт билан шуғулланишга ҳам вақт топарди.

Хуллас, ғам-ташвиш нималигини билмайдиган соғлом, бақувват, шашти баланд йигит эди.

Талабалик даври кўз очибюмгунча шамолдек ўтди-кетди. Қудрат чўнтагида диплом билан Сурхондарёга — ўз қишлоғи, Музработ туманидаги “Дарбанд” маҳалласига қайтди. Бироқ ҳар қанча уринмасин, ўзига яраша иш топа олмади. Бу орада уни уйлантириб қўйишди. Барибир, йигитнинг кўнгли таскин топмади. Бекорчилик, ночорлик жонига текканди. Охири яна Тошкентга қайтишдан ўзга чора тополмади.

Аввалига тонг қоронғусида бозорлардан кўтарасига гўшт олиб, ошхона ва ресторанларга тўрт-беш сўм қимматига тарқатиб юрди. Кейинчалик эса гавжум чойхоналардан бирини ижарага олди. У кеча-кундуз тирикчилик ташвишида елиб-югурди. Заҳматлари эвазига иши тобора юришиб, топганининг баракасини берарди. Йиллар ўтиши билан қаддини ростлаб, шаҳардан уй сотиб олди. Машинали бўлди.

 Афсуски энди оғзи ошга текканда, Қудрат ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Кундан-кунга мадорсизланиб, ранги сарғайиб борарди. Шифокорлар обдон текширгач, оғир буйрак касаллигига чалинганлигини айтишди. Буйрак етишмовчилиги туфайли пешобнинг бир қисми тўғридан-тўғри қонга ўтиб кетаркан. Қудрат кутилмаган бу кўргиликдан бутунлай гангиб қолганди. Унинг кўнгил дунёсини зулмат чулғаганди. Наҳотки пешонаси шу қадар шўр бўлса? Ахир, у эндигина рўшнолик кўраётган эди-ку?!

Бошингни минг тошга урсанг ҳам худонинг буюргани бўлади. Тақдирга тан бермай илож йўқ. Осмон йироқ — ер қаттиқ. Шу-шу Қудратнинг оёғи касалхонадан узилмай қолди. Аввалига дори-дармон билан даволаниш илинжида бўлди. Бир йил мобайнида олган катта-кичик уколининг ҳисобини ҳеч ким билмайди. Афсуски, муолажалар сира кор қилмасди. Шу боис, диалез буюришади. Диалезнинг турган-битгани азоб эди. Диалез инсон танасидаги қонни томчилаб-шопириб, пешобдан тозалайдиган нажотбахш, айни замонда нохуш тиббий ускуна. Ҳар гал тўрт-беш соат осмонга термулиб ётади. Ана шу ҳол ҳафтада икки бор такрорланарди. (Илоҳим, бундай кун ҳеч кимнинг бошига тушмасин.)      

Тақдир ҳазилини қарангки, бу муолажа йўли бўлиб, бемор катта харажат қилишга мажбур эди. Қудрат касалхонага ипсиз боғланиб қолган, умуман шаҳардан ташқарига чиқа олмасди. Ҳар уч кунда диалез олмаса, аъзои-бадани шишиб, уйқуси қочар, иштаҳаси бўғилиб, бетоқат бўлиб қоларди. Шу зайлда кунлар-ойлар ўтаверди. Қилган ташвиш — харажатининг устига бу муолажанинг унга ёқмай қолгани ҳаммасидан ошиб тушди. Негадир баъзан иситмаласа, баъзан қон босими ошиб кетадиган, гоҳида эса юраги безовта қиладиган бўлиб қолди. Бу эса яхшилик аломати эмас эди. Шифокорлар ҳам очиғини айтиб қўя қолишди: “Бундай аҳволда диалезни узоқ давом эттириш мумкин эмас. Ягона нажот йўли буйрак кўчириб ўтказиш. Ҳаракатингизни кўринг!”

Бу совуқ хабар нафақат беморни, балки унинг қариндош-уруғларини ҳам сескантириб юборди. Тушунадиган-биладиган одамлар Москвага боришни маслаҳат беришди. У ерда инсон аъзоларини кўчириб ўтказишга қонун йўли билан рухсат берилганлигини, шифокорларнинг малакаси юқори эканлигини, донор масаласи муаммо эмаслигини айтишди.

Қудрат ҳамма нарсага рози эди. Фақатгина дарддан халос бўлишни ўйларди, холос. Москвага боришди. Шу турдаги фаолият билан шуғулланадиган шифохоналардан бирортаси қолмади. Ҳаммасига бош суқишди. Уларда хорижий мамлакат фуқаролари учун бундай жарроҳлик амалиёти нархи қирқ мингдан эллик минг долларгача экан. Яна минг бир муаммо — тўсиқ. Беморнинг бу йўл билан боғлиқ умиди пучга чиқди. Бутун мол-мулкини сотса ҳам бунча пул тополмасди.

Қудрат энди ўттиздан ошган, иймонли, мўмин-қобил, меҳр-оқибатли, беғараз йигит эди. Бировга озор бермаган. Беморнинг ота-онасига, айниқса, қийин бўлди. Мушфиқ-меҳрибон онасининг кўз ёшлари қуримасди. Ҳатто, бир мунча дийдаси қаттиқ отасининг ҳам бўкириб йиғлаган кезлари бўлган.

Қудратга ачинмаган одам йўқ эди. Ҳатто, етти ёт бегоналар ҳам “Эй Аллоҳ, ёш жонига раҳминг келсин, дардига ўзинг шифо бергил!” дея дуо қилишарди. Бироқ ҳеч ким унинг жонига оро кира олмасди.

Тошкентдаги 1-республика клиник шифохонасида ҳам худди шундай мураккаб жарроҳлик амалиёти амалга оширилар экан. Ана шу даргоҳда кўплаб инсонларни ўлим чангалидан асраб қолган тажрибали ва оқкўнгил профессор ишлар экан. Аммо битта муаммо кўндаланг турарди. Гап шундаки, бизнинг мамлакатимиз қонунчилигига кўра фақат яқин қариндошларнинггина тана аъзоларини бир-бирига кўчириб ўтказилишига йўл қўйилади, холос. Бундай жарроҳлик амалиётларига бегоналарнинг донор сифатида жалб этилиши эса тақиқланган. Ҳар доим гап келиб донорга тақалганда, баҳс-мунозара авж олар, лекин “Буйрак керак бўлса, мана мен бераман”, дегувчи мард топилмасди.

Қудратнинг икки укаси бор. Улардан бири мансаб-мартабали ҳарбий эди, яна бирининг эса соғлиғи мақтанарли даражада эмас. Беморнинг отаси битта буйрагини бермоқчи эди. Аксига олиб, тиббий текширишларда унинг бу аъзоси тўғри келмаслиги аниқланди. Яқин оғайниларидан бири аввал ваъда қилиб, кейинчалик фикридан қайтди. Қисқаси, барча саъй-ҳаракатлар зое кетди. Ахир, бундай қалтис ишга рози бўлишни ким ҳам хоҳларди. Кўнгилхираликларнинг сира охири кўринмасди. Хусусан, онаси шўрлик ўзини қўярга жой тополмасди. Гўё кенг олам унга тордек туюларди. Қайғуравериб адойи тамом бўлди.

Қудратнинг синглиси эндигина Музработ туманидаги 6-мактабни тугатган Мавлуда Тўраназарова ҳам бу ғалвалардан яхши хабардор эди. У меҳрибон ва кўнгилчан қиз бўлиб, бу ҳақда кўп ўйлар, акасига қаттиқ ачинарди. Онаси чекаётган ранжу аламларни кўриб, эзилиб кетарди. Акаси соғайиб кетиши ва хонадонларига яна қувонч ва хотиржамлик қайтишини ниҳоятда орзу қиларди.

 — Эна, акамга мен буйрагимни бераман, — деди у бир куни. — Айтинг, текширтириб кўришсин.

Онаси бир пас Мавлудага ҳайрон бўлиб қараб турди. У қизидан бу гапни кутмаган, шу топда унга нима дейишни ҳам билмасди.      

— Нима?! — деди у бир оздан сўнг ўзига келиб.

— Буйрагимни бераман?! Эшитмадингизми? — деди Мавлуда.

Онаси қизининг феълини яхши биларди. У ўта камгап ва жиддий қиз. Ҳар бир оғиз сўзини ўйлаб гапирарди.

— Ҳа, меҳрибон қизим-а, қизимжон-а!!! Ўзинг нимжонгина қиз бўлсанг?  

— Илож қанча, акамнинг ҳам ёш жонлари бор. У киши тортаётган азобларга кандай чидаймиз, ахир?!

— Қўрқмайсанми, қизим?!

— Йўқ.

 Мавлуданинг фикри қатъий эканлиги сезилиб турарди.

— Ўзимнинг ботир қизим, меҳрибоним, — онаси Мавлудани бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди. — Акангга айтиб кўрай-чи, нима деркин?

Она Тошкентга борганда, ўғлига синглисининг гапини айтди.

— Э, қўйсангиз-чи?— деди Қудрат тажанглиги тутиб. — Мавлуда ҳали ёш. Бунинг устига, нозиккина. Жонига жабр қилиб нима керак.

Қудратнинг гапида жон бор эди. Синглиси эндигина ўн тўққиз ёшга қадам қўйган, ўн гулидан бир гули очилмаган эди.

— Гапинг тўғри. Лекин сенга бошқа ким ҳам буйрак берарди. Мавлушгина ҳам ёш бола эмас. Бу унинг ўзидан чиққан фикр.

— Ўзи айтаверади-да.

— Мавлушжонни биласан. Тил учи гапирмайди.

 Қудрат анчагача ўйланиб ўтирди.

— Нима дейсан?    

— Бўлмаса телефон қиламиз. Отам олиб келсин-чи!

Мавлудани ҳар хил ускуналар ёрдамида чуқур тиббий кўрикдан ўтказишди. Қон олиниб, ҳар тарафлама таҳлил этиш учун Москвага жўнатилди. Ниҳоят, “Ака-сингилнинг қон таркиби худди эгизакларникидек бир-бирига мос. Донорнинг буйраги бутунлай соғлом. Умумий аҳволи яхши. Буйрагини кўчириб ўтказиш мумкин”, деган якуний хулосага келинди. Шундан сўнг тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрила бошланди.

***

— Эна, Мавлудага кўнгил беринглар, қўрқмасин, — дейди операция куни Қудрат онасига.

Бошқалар ҳам худди шундай хавотирда эди.

“Мавлушжон, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Илоҳим, акангниям, сениям мушкулингни осон қилсин. Аллоҳга таваккал қил! Қўрқма, хўпми! Худди бир ухлаб тургандай бўласан”, — насиҳат қилишди унга.

Мавлудани операция хонасига олиб ўтишаётганда, беихтиёр уни зимдан кузатишди. Унинг чеҳрасида ним табассум кўриб, барча ҳайратда қолди.

“Ё, тавба! Шундай қалтис пайтда жилмайишга ўзида қандай куч топди экан?! Иродангга балли-е!” дейишди.

Нияти холис бўлгани учундир балки, ҳар қалай шу топда чиндан ҳам Мавлудага Худонинг ўзи сабр ва хотиржамлик ато этган эди.

Қўли енгил жарроҳ, профессор томонидан Мавлуданинг битта буйраги акасига кўчириб ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди.

— Мавлуданинг аҳволи қандай? — кўзини очиши билан сўради Қудрат.

— Худога шукур, яхши.

— Унга яхши қарашинглар.

Мавлуданинг руҳи тетик эди. У индини оёққа туриб кетди.           Қудрат ҳам кун сайин ўзини яхшироқ ҳис қиларди.

***

Орадан кўп ўтмай, иккаласи ҳам ўйнаб-кулиб, шифохонадан чиқиб кетишди. Қудрат оғир дард дан, диалез азобидан қутулди. Елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди гўё.

— Буйрагингни акангга берганингдан пушаймон эмасмисан? — сўрадим қизиқиб Мавлудадан.

— Йўқ, эсимдан ҳам чиқиб кетди, — дейди у ийманибгина.

Шифокорларнинг айтишича, Қудратга кўчириб ўтказилган буйрак жуда яхши ишлаяпти.

***

Йиллар кетидан йиллар ўтди. Бу воқеага ҳам ўн беш йил бўлибди. Қудратнинг саломатлиги яхши. Ҳаёти аллақачон изга тушиб кетган. Ҳозир катта тадбиркор. Югуриб-елиб ишлаб юрибди. Мавлуда бу борада ҳам акасининг ишончли ҳамкори, суянчиғи.

Ака-сингилнинг бир-бирига меҳри чексиз. Бир-биридан жонини ҳам аямайди. Қудрат доим синглисига ғамхўрлик қилади. Намунали уйлардан биттасини олиб, Мавлудага совға қилди.

Қудрат яқинда икки қаватли бино қурдирди.

— Шу бинода Мавлудага келин либослари дўкони ва гўзаллик салони очиб, жиҳозлаб бераман, — дейди у.

Илоҳим, ака-сингилнинг умрини узоқ қилсин.

Қурбон ЖЎРАНАЗАРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE