Бош саҳифа / Жамият / Халқнинг оғирини енгил қилаётганлар

Халқнинг оғирини енгил қилаётганлар

25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар
идоралари ходимлари куни

Орамизда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш идорасига юмуши тушмаганлар бўлмаса керак. Чунки ички ишлар тизимида фаолият юритаётган мазкур муассаса ходимлари фуқаролик паспорти ва виза бериш, доимий рўйхатга қўйиш каби масалаларда барчамизнинг оғиримизни енгил қилиб келишмоқда. Шунинг учунми, бу идорада доим иш қизғин.

Айни пайтда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари ва манзил-маълумот бюросида жами 95 нафар офицер, сержант ҳамда сафдорлар аҳолига хизмат қилмоқда.

Хабарингиз бор, сўнгги беш йил ичида фуқароларга янги биометрик паспорт олиш тартиби жорий қилинди. Ҳозирги кунда вилоятда 1 696 900 нафар фуқаро биометрик паспорт олиши лозим бўлса, шу кунга қадар уларнинг 1 552 101 нафарига шахсни тасдиқловчи ҳужжат расмийлаштириб берилган. Бу эса биометрик паспорт олиши керак бўлган аҳолининг 91 фоизини ташкил этади. Белгиланган режани бажариш учун эса яна 144 799 нафар аҳолига биометрик паспортлар расмийлаштириш ишлари давом этмоқда.

— Вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати тизимларида 17 та биометрик маълумотларни йиғиш пунктлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг барчаси тегишли ахборот алмашиш каналлари орқали ягона тизимга уланган, — дейди вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Одил Ваҳобов. — Шунингдек, 2 дона мобиль қурилмаси мавжуд бўлиб, улар вилоят миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг Денов тумани бўлимида ўрнатилган. Ушбу қурилма имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда шу кунгача Сариосиё тумани “Эҳтиром” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Фарҳод” аёллар мурувват интернат уйида яшовчи жами 176 нафар, Денов тумани “Лолазор” маҳалласида жойлашган эркаклар мурувват интернат уйида яшовчи 141 нафар фуқаронинг биометрик паспорт олиши учун яқиндан кўмак берилди.

Айтиш керакки, шу кунга қадар “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига асосан, жами 1 568 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бўйича миграция ва фуқаролигини расмийлаштириш идораларига мурожаат этган. Улар орасидан 54 нафар воҳадошимиз Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниб, уларга биометрик паспорт расмийлаштириб берилди.

Бундан ташқари, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни тасдиқлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Тошкент шаҳридан Сурхондарё вилоятига олиб келинган 53 нафар фуқаронинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, 42 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли, уларнинг фуқаролик паспортлари йўқотилганлиги юзасидан йиғма иш жилдлари юритилди. Шундан сўнг, 42 нафар фуқаро биометрик паспортга эга бўлишди.

Ўтган тўққиз ой давомида вилоятимизда паспорт тизимини мустаҳкамлаш бўйича ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида, 24 071 нафар «паспорт-виза» тизими қоидаларини бузган шахслар аниқланди. Қоидаларни бузган шахсларнинг 97 нафари огоҳлантирилган бўлса, яна 23 802 нафари жаримага тортилди. 168 нафари эса Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиб яшаганлиги учун республикамиз ҳудудидан чиқариб юборилди.

Бугун қай бир давлатда яшамайлик, у ерда жорий қилинган қонун-қоидаларга амал қилиб яшаймиз. Қоидалар эса бевосита барчамизнинг хавфсизлигимиз ва тинчлигимизни таъминлашга хизмат қилади. Демак, бу йўлда толмай меҳнат қилаётган вилоят миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам халқнинг осойишта яшаши учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

ФАКТ ВА РАҚАМЛАР

2018 йилнинг 9 ойи давомида:

 вилоят ҳудудида доимий яшовчи 11 956 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳамда 1082 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга хорижга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.

вилоятимиз ҳудудига хорижий давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сони 34 348 нафарга етди. Улар орасида 13 392 нафари сайёҳ сифатида ташриф буюрган.

чегара зонаси деб эълон қилинган ҳудудларда вақтинча яшаш ҳуқуқини берувчи қайд қилиш варақаси МДҲ фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятларидан келган фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 1128 нафарига расмийлаштириб берилди.

Ф.УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қўриқлашда нима гап?

Шаҳардаги ресторанларда қўриқлаш пункти орқали “ташвиш” сигнали ўрнатилган бўлса, нохуш ҳолатда, масъул ходим “ташвиш” тугмасини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE