Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан Ангор туманидаги “Новшаҳар” маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, сиёсий партиялар зиммасига белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида халқ билан мулоқот ўтказилди. Тадбирда партиянинг мақсад ва вазифаларини тарғиб этишда тумандаги тадбиркор ва ишбилармон аёллар ва фаол ёшларни қамраб олиш, жамоат ишларида доимий қатнашиб келаётган ҳудуд ёшларини партиянинг кадрлар захирасига жалб қилиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
— Мулоқотда маҳалла худудида мактабгача таълим муассасаси йўқлиги, аҳолига тижорат банкларидан кредитлар ажратиш борасидаги муаммолар борлиги таъкидланди, — дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Алишер Рўзиев. — Ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, давлат идораларига тақдим этиш вазифасини партиямиздан сайланган туман Кенгаши депутати Эркин Жабборовга бириктирдик. Албатта, бу борада Президентимизнинг “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик” деган гаплари бизни янада фидоийлик билан иш олиб боришга ундамоқда.
Сарвар ТЎраев