Бош саҳифа / Маданият / Халқидан қадр топган шоир

Халқидан қадр топган шоир

Ўтиб кетди деманглар,
Эслаганда тирикмиз.
Яхши ёмон кунларда,
Мададкормиз шерикмиз.
Вужудимиз тупроқдир,
Гул руҳимиз ҳавода.
Бизни эслаганларнинг,
Умри бўлсин зиёда.

Бахт — мана шу биргина сўз замирида олам-олам қувонч мужассамлашган, у инсонлар қалбига завқ ва шавқ улашадиган манбадир. Мен бахтли инсонман, сабаби тириклигидаёқ ажойиб шеърлари билан ўзига ҳайкал қўя олган шоир Муҳаммад Юсуф билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги “Адабиёт ва санъат” нашриётида устоз-шогирд сифатида бирга меҳнат қилдик. Мен доимо устознинг ёнида бўлишга ундан кўпроқ нарса ўрганишга ҳаракат қилардим. Шоир Муҳаммад Юсуф ўта камтарин, камсуқим оддий инсон эди. У шаҳар кўчаларини томоша қилишни ва яёв юришни хуш кўрарди. Биз шеър ва шеърият ҳақида узоқ суҳбатлашардик. Устоз ибораси билан айтганда “Шоир  ёмон шеър ёзмаслиги керак”, деб доим уқтирарди.

Устоз шоирнинг ўзига хос фазилатларидан бири кўплаб ёш шоирларнинг биринчи китобларини нашр этиш ишларида муҳаррир сифатида ҳам бош-қош бўлди. У ўз олдига мақсад қўйдими, унга эришгунча асло тинчимас эди. Устознинг яна бир очилмаган қирраларидан у спортнинг волейбол турини жуда севарди ва чаққон ўйнарди.

У шеъриятда ўзи туғилиб ўсган юртни ва волидаи муҳтарамасини барча нарсадан устун қўярди.

Шоирлик бу менга асло орзумас.
Шу ҳам иш бўлдими йигит бошимга,
Барча шоир зотин йиғса арзимас,
Онамни соғиниб тўккан ёшимга…

Муҳаммад Юсуфнинг ўзига хос фазилатларидан яна бири у кўнгил кечинмаларини оқ қоғозга шеърга солиб ёзарди. У умуман қўшиқ ёзишга интилмасди. Унинг шеърлари ўз-ўзидан куйга тушиб, қўшиққа айланиб кетарди.

Шоир бу ҳаётда катта армон билан ўтди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, марҳум Шукур Холмирзаев унинг сўнги кунларини шундай хотирлаган эди. “Муҳаммад Юсуф Сурхон воҳасида оммалашиб кетган миллий кураш ва кўпкари мусобақаларига мухлис сифатида ниҳоятда қизиқарди. У мендан овчилик санъатидан сабоқ беришимни илтимос қилган эди. Афсуски, унинг бу орзулари армонлигича қолиб кетди!”

Шоир Муҳаммад Юсуф гарчи 50 ёшга ҳам тўлмасдан бу фоний дунёни тарк этди. Лекин у ҳаётлик чоғидаёқ кексаликни ва унинг барча хислатларини қадрлаган эди.

Ҳар кимнинг ҳам сочларга оқ тушсин,
Ажин тушсин, юзларга доғ тушсин.
Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан,
Қўлларига асо бир таёқ тушсин…

Ҳар йили 26 апрелни, яъни шоирнинг таваллуд топган кунни шеърият мухлислари катта шоду хуррамлик билан кенг нишонлайди. Шу куни унинг табаррук номи яна бир карра ёдга олиниб, ўлмас асарлари қўшиқ сифатида куйланади. Бунинг боиси  Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф қисқа, лекин сермазмун умри давомида мухлислари қалбидан мангу жой олишга улгурган эди.

Тўрамурод РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan