Бош саҳифа / Сиёсат / ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

Соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида

Бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу соҳада фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш масаласи нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилигини ўйлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 2 миллиард (26 фоиз) инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли 155 миллион бола (7 фоиз) ўсиш ва ривожланишда орқада қолмоқда, 52 миллион бола (2 фоиз) эса сурункали чарчашдан азият чекмоқда.

Мазкур ташкилот Европа минтақаси мамлакатларида ўлим ва ногиронликка сабаб бўлувчи 4 та асосий юқумсиз касалликни аниқлаган. Бунда юрак-қон томир касалликлари, диабет, саратон ва сурункали касалликларнинг умумий юки 77 фоизни (бу эса эрта ўлимнинг қарийб 86 фоизини) ташкил этиб келмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 миллиард (21 фоиз) инсон темир танқислигига чалингани қайд этилган. Ушбу касалликлар алоҳида гуруҳга ажратилиб, улар камҳаракатлилик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқдир.

Мамлакатимизда мазкур масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб,       2017-2021 йилларда Ўзбекистон  Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларга сифатли тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш, оила саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Халқимизнинг соғлом турмуш тарзига, хусусан, миллатимиз тақдирига дахлдор долзарб масалалар юзасидан мамлакатимизда зарур чоралар кўрилиб, ушбу соҳадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари яратилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соғлом овқатланишини ташкил этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бироқ мамлакатимизда бу соҳада қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, муаммолар тўлиқ ҳал этилмаяпти. Аҳоли орасида ҳали ҳам овқатланиш рационига тўлиқ риоя қилмайдиганлар сони кўплигича қолмоқда.

Аҳоли овқатланиш рационида ёғ ва қанднинг улуши юқори бўлиб, микроэлементлар, айниқса, йод ва темир моддаси танқислиги кузатилмокда.

Юртимизда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 16,4 фоизида жисмоний фаолликнинг камлиги, 25 фоизи тамаки маҳсулотларини, 19 фоизи спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги бу борадаги ҳолатни янада ёмонлаштирмоқда. Натижада, мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг 50 фоизи ортиқча вазндан, 34 фоизи қон босими ошишидан азият чекмокда. Бу эса ўз навбатида, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғин касалликлари ва бошқа бир қанча хасталикларнинг ривожланишига олиб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 40 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 34 фоизини қон айланиши тизими касалликлари ривожланиши билан ўн йилдан ортиқ вақт хасталанганлар ташкил қилади.

Ушбу йўналишда вилоятда қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Жумладан, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан Ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда бир қатор профилактик тадбирлар ўтказилиб, аҳоли ўртасида кенг қамровли тар- ғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган.

Хусусан, 2017 йил давомида вилоят телевидениеси орқали 3 маротаба, вилоят радиоси ҳамда деҳқон озиқ-овқат бозорларида мавжуд радиоузеллар орқали 173 маротаба чиқишлар қилинган. Шунингдек, маҳаллий матбуотда 49 та мақола чоп этилган.

Бундан ташқари, овқатдан заҳарланиш ва ўткир юқумли ошқозон-ичак касалликларини олдини олишга қаратилган мавзудаги 6200 дона эслатма ва буклетлар тарқатилган, 7 170 маротаба аҳоли ўртасида суҳбатлар уюштирилиб, шундан 2 607 та давра суҳбатлари ўтказилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 889 та тадбиркорлик субъектлари ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилиб, санитария-гигиена ҳақида ва овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилган ва керакли тавсиялар берилган.

Шунингдек, жойларда аҳоли хонадонларида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида уй шароитида қўлбола усулда тайёрланган ва сифати кафолатланмаган 3 521 та банка консерва маҳсулоти аниқланиб, “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан истеъмолдан олиниб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 7 ойи давомида “Аҳолининг санитария эпидемиология осойишталиги тўғрисида”ги қонунда белгиланган талабларни бузган 1 003 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли чоралар кўрилган. 157 та халқ хўжалиги объектларининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган бўлса, 5 190 нафар шахслар вақтинчалик ишдан четлаштирилган.

Шу билан бирга, вилоятда бир қатор ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Хусусан, вилоятда жами 328 та мактабгача таълим муассасаси бўлиб, шундан ҳозирги кунда 280 таси фаолият юритмоқда. Қолган 48 та мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу мактабгача таълим муассасаларининг айримларида болаларни санитария қоида-меъёрларига мос равишда овқатланиш, ҳафталик ва кунлик таомномаларнинг мавжудлиги, хом ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши ва сифати ҳамда шу борада амалга оширилган яна бошқа масалалар ўрганилганда қуйидагилар аниқланди:

хусусан, Термиз шаҳридаги 23-сонли МТМ фаолияти ўрганилганда муассаса ошхонасида барча шароитлар яратилганлиги, озиқ-овқатлар амалдаги меъёрий талабларга мос равишда сақланаёттанлиги ва овқатлар тасдиқланган таомнома асосида тайёрланаётганлиги маълум бўлди.

Бироқ вилоятда бу борада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим МТМларда ҳанузгача аҳвол ёмонлигича қолмокда.

Жумладан, Термиз шаҳридаги 24-сонли МТМ ошхонаси 2015 йилда бузилганлиги ва қайта қурилмаганлиги сабабли ушбу 280 ўринли ошхона болалар гуруҳига мослаштирилган бинога кўчирилган. Бу эса санитария қоида-меъёрларига умуман жавоб бермайди.

Термиз туманидаги 1-сонли МТМ ошхонаси ичимлик сув тармоғига уланмаган, ичимлик суви ташиб келтирилади. Шу билан бирга, ошхонадаги ифлос ҳавони сўриш учун вентиляция тизими мавжуд эмас.

Бундай камчиликларни Термиз туманидаги 12-сонли МТМда ҳам учратиш мумкин.

Қишлоқларда жойлашган аксарият мактабгача таълим муассасаларида озиқ-овқатларни сақлашда қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, совутгичлар эскирган, кўпчилиги ишламайди, баъзи бир жойларда маҳсулотлар ертўлада сақланади (кўпинча қиш мавсумида), омборхоналар эса жиддий таъмирга муҳтож бўлиб, санитария қоидаларига умуман жавоб бермайди.

Вилоятда 852 та умумтаълим мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг 452 тасида ошхона ва буфетлар мавжуд эмас. Шу билан бирга, 400 та мактабда ошхона ва буфетлар мавжуд, бироқ 299 тасида ошхона ва буфетлар фаолият юритмайди. Қолган 101 та мактабда эса фаолият юритаётган ошхона ва буфетлар санитария қоида-меъёрларига умуман жавоб бермайди.

Ўрганишлар давомида мактабларда ошхоналарнинг ишламаслиги ёки талаб даражасида фаолият кўрсатмаслигига бир қатор омиллар сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди. Булар:

ошхоналар фаолият юритиши учун аксарият мактабларда санитария қоида-меъёрларига жавоб берадиган хоналар ва жиҳозларнинг мавжуд эмаслиги;

мактаблардаги мавжуд ошхоналарни ижарага бериш бўйича уч томонлама ижара шартнома тўловлари ва солиқларининг юқорилиги;

2016 йил 2 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг 132-сонли қарорига асосан ошхоналарни ижарага бериш бўйича шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан танловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича танлов жараёнининг мураккаблиги ҳамда туман марказлари ва қишлоқ жойларида ошхоналарни ижарага олиш учун тадбиркорларда хоҳишнинг йўқлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этиб ўтилган қарори билан тасдиқланган “2017-2020 йилларда таълим муассасаларида ошхоналар фаолиятини ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш кўрсаткичлари”ни бажариш учун умуман зарур маблағларнинг ажратилмасдан келинаётганлиги.

Бугунги кунда вилоятда жами 22 та спорт таълим муассасаларидан атиги 3 тасида ошхона ва буфетлар фаолият кўрсатади.

Вилоятда жами 185 та тиббиёт муассасаси бўлиб, шундан 31 тасида ошхона мавжуд бўлиб, уларнинг 29 таси фаолият кўрсатмоқда.

Аксарият тиббиёт муассасаларининг ошхоналари етарли даражада жиҳозланмаган. Мавжуд ускуналар ва жиҳозлар ҳам маънан эскирган.

Хусусан, Ангор туман тиббиёт бирлашмасининг ошхонасида 2 та музлаткич мавжуд бўлиб, сут маҳсулотлари учун мўлжалланган музлаткич ишламайди. Ошхонанинг овқат тайёрлаш бўлими ва озиқ-овқат сақлаш омборхонаси таъмирга муҳтожлиги аниқланди.

Шунингдек, Олтинсой ва Бойсун туман тиббиёт бирлашмаларининг ошхоналари ва озиқ-овқат сақлаш омборхоналари умуман санитария қоида-меъёрларига жавоб бермайди.

Вилоятдаги 6 та олий таълим муассасаларининг барчасида ошхоналар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг барчаси фаолият юритиб келмоқда.

Ҳудуддаги 119 та ўрта махсус таълим муассасаларининг фаолияти ўрганилганда, уларнинг 75 тасида ошхоналар мавжуд бўлса, қолганларида ошхона ва буфетлар йўқлиги маълум бўлди.

Ўрганишлар мобайнида маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тўғри ташкил этиш борасида тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Бу борада фуқаролар ўртасида йиғилишлар ўтказилмаган. Ўтказилган бўлса-да, баённомалар номигагина расмийлаштирилган.

Шу билан бирга, аксарият МФЙлари соғлом турмуш тарзини ташкил этиш учун жисмоний тарбия ва спорт иншоотлари билан таъминланмаган. Маҳаллалар ҳудудида велосипед ҳайдовчилари учун махсус йўлаклар ташкил этилмаган.

Ўрганишлар вилоятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзини тўғри ташкил этиш соҳасида олиб борилган ишлар умуман қониқарсиз аҳволдалигини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллаларда олиб борилаётган тадбирлар ҳам номига ўтказилган холос.

Сўнгги 5 йил давомида вилоятда жами 17 та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Шундан, 2014 йилда 5 та, 2015 йилда 1 та, 2016 йилда 1 та, 2017 йилда 6 та ва 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 4 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилган.

Бундай ҳолатлар сабаблари ўрганилганда, уларнинг 14 таси уй шароитида тайёрланган қўлбола консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида содир этилганлиги аниқланган.

Юқоридаги таҳлиллар овқатдан заҳарланиш ҳолатининг охирги икки йилда (2017-2018 йиллар) сезиларли даражада ошганлигини кўрсатмоқда. Бу ҳолат эса ушбу масалага мутасадди ташкилот ва идораларнинг ўз ишларига совуққонлик билан ёндашганлигидан далолат беради.

Вилоятдаги деҳқон, озиқ-овқат бозорларида ва дўконларда озиқ-овқат маҳсулотларини белгиланган расталарда эмас, балки ерларга қўйиб сотилаётганлиги ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Шунингдек, озиқ-овқатларни сотишга мўлжалланган дўконларда гўшт ва сут маҳсулотлари битта музлаткичда сақланмоқда, бироқ санитария қоида-меъёрлари асосида ушбу маҳсулотлар алоҳида музлаткичларда сақланиши лозим. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга мўлжалланган дўконларда хўжалик маҳсулотлари ҳам қўшиб сотилмоқда. Бундай ҳолатлар Термиз марказий деҳқон озиқ-овқат бозори, Денов деҳқон озиқ-овқат бозори, Ангор деҳқон бозори, Шўрчи деҳқон бозорларида кузатилган.

Шу билан бирга, вилоятдаги умумий овқатланиш корхоналарининг фаолияти ўрганилганда, улар аксариятининг фаолияти умуман санитария қоида-меъёрларига зид эканлиги маълум бўлди. Хусусан, деярли барча туманлардаги бозорлар ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш объектларининг аҳволи ачинарли ҳолатда.

Вилоятда аҳолининг нотўғри овқатланиши натижасида келиб чиққан касалликларнинг охирги 2 йиллик ҳисоботи таҳлил қилинганда, айрим касалликлар йилдан йилга ортганлигини кўриш мумкин.

Жумладан, ички секреция безлари, овқатланиш ва модда алмашинувининг бузилиши касаллиги 5,7 фоиздан 5,8 фоизга, қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари умумий механизмига алоқадор айрим бузилишлар касаллиги 9,7 фоиздан 10,3 фоизга, қон айланиш тизими касалликлари 5,5 фоиздан 5,7 фоизга ҳамда овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари сони 2016 йилга нисбатан 2017 йилда 11,4 фоиздан 11,5 фоизга ортган.

Вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида 15 та диетолог шифокор ўринлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 11,5 ўринда диетолог шифокор фаолият юритиб келмоқда. Шундан, фақатгина 5 нафар шифокор мутахассислиги бўйича малака оширган холос.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоятда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Муйдинханович Исмоиловнинг «Соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Сурхондарё вилояти аҳолисининг соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларнинг жисмоний фаоллик даражасини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин.
  3. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Норқобиловга ва Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори А.Мустановга:

вилоятда патронаж таҳлиллари, овқатланиш ва жисмоний ҳаракат билан боғлиқ касалликларни барвақт олдини олиш, соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги фаолияти бўйича аниқланган муаммо ва камчиликлари кўрсатиб ўтилсин;

бу борада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ишларни янада кучайтириш вазифаси юклансин.

  1. Соғлиқни сақлаш бошқармасига, марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар бош шифокорларига:

патронаж жараёнида оилаларда тиббий маданиятни ошириш ва ҳар бир кишининг ўз саломатлиги ва болалари саломатлиги учун масъулиятини оширишга қаратилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш;

аҳоли ўртасида баркамол авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, оқилона овқатланиш қоидаларига риоя этиш, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирлари режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

вилоятда соғлом овқатланиш маданияти ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли ўртасида овқатланишнинг бузилиши билан боғлиқ турли касалликларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

соҳада юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш орқали аҳоли ўртасида турли касалликка чалиниш, уларни эрта аниқлаш, хусусан, ногиронликни барвақт профилактика қилиш ишларини жадаллаштириш;

ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, 3 ёшгача бўлган болаларнинг тўлиқ овқатланишини ташкил этиш, даволаш жараёнининг ажралмас қисми сифатида даволаш-профилактика муассасаларида парҳезли (даволаш ва профилактик) овқатланишни тизимли равишда босқичма-босқич яхшилаб бориш;

малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда клиник, биокимёвий лаборатория ва инструментал тадқиқотлар ўтказиш, аҳолининг бевосита яшаш жойларида профилактик тиббий кўриклар ташкил этиш орқали уларни сурункали ва хавфли касалликлардан профилактика қилиш чора-тадбирларини амалга оширсин.

  1. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, давлат солиқ бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, халқ таълими бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бош қармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, маънавият-маърифат маркази соҳа мутахассислари билан биргаликда:

вилоятда соғлом овқатланиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида аҳоли орасида соғлом овқатланиш маданиятини оммавийлаштириш жараёнига, жамоат, фан-таълим, санъат арбоблари ва спортнинг таниқли усталарини жалб этиш;

ҳар бир маҳаллада аҳоли орасида, энг аввало, ёшлар орасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни тарғиб этиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли соғлиқ учун зарарли оқибатларга олиб келишини тушунтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш, таълим, спорт ва диний муассасалардан 500 метр- дан кам радиусда жойлашган савдо объект ларида реализация қилишга йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувларни жойлаштириш;

овқатланиш билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтиришга йўналтирилган соғлом овқатланиш масалалари бўйича аҳоли учун буклет ва бошқа тарқатма материалларни ишлаб чиқиш ҳамда бу борадаги тадбир ва тушунтириш ишларини оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар билан ёритиб бориш вазифаси юклансин.

  1. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқларига:

таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш учун санитария қоида, норма ва гигиена нормативлари асосида кунлик ва ҳафталик таомномаларни тузиш, соғлом овқатланишга йўналтирилган овқатланиш рационлари ва маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлаш;

мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари, эпидемияга қарши чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва унинг қатъий бажарилишини таъминлаш;

умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Саломатлик”, “Соғлом овқатланиш” каби очиқ дарсларни ташкил этиш орқали ўқувчиларда саломатликнинг қадри ва уни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш, уларни соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш қоидалари билан таништириш билан боғлиқ билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш;

таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, жумладан, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида мунтазам равишда сўровномалар ўтказиб бориш;

таълим муассасаларида ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссиялар ишини жонлантириш, бириктирилган ҳамшира, соғлом овқатланишни ташкил этиш масалалари учун масъул ходим ва ўқувчиларнинг ота-оналари таълим муассасаси ошхонасида тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб бориш ва ўрганиш натижаларини алоҳида юритиладиган махсус журналда қайд этиш;

мониторинг натижаларини ҳар чоракда мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари раҳбарлари ҳузуридаги йиғилишларда ва таълим муассасаларининг педагогик кенгашларида мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш вазифалари юклатилсин.

  1. Вилоят давлат санитария эпидемиология назорат маркази, таълим муассасалари раҳбарларига:

таълим муассасасидаги ошхоналарда ижарачилар томонидан ўқувчилар учун соғ лом овқатланишни ташкил этиш, соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар савдосига йўл қўймаслик, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаш, таълим муассасасида ижарага олинган ошхонадан фойдаланиш бўйича санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифати, таълим муассасаси ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларнинг санитария қоида, норма ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилиш, бу борада назоратни янада кучайтириш чора-тадбирларини кўрсин.

  1. Вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбарларига:

оилалар, маҳалла, таълим муассасалари, тиббиёт масканларида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спорт маданиятини ривожлантириш борасидаги тарғибот-тушунтириш тадбирларини янада кучайтириш;

таълим муассасаларидаги жисмоний тарбия залларида бепул спорт секциялари ва тўгаракларини ташкил этиш ҳамда уларни кенгайтириш;

ёшларни жисмонан соғломлаштириш мақсадида маҳалла ёшлари, таълим муассасаси ўқувчилари ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиш ва унинг натижаларига кўра, уларни мунтазам равишда рағбатлантириш чораларини кўриш вазифалари топширилсин.

  1. Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссиясига:

аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғ- лом турмуш тарзини шакллантириш устидан депутат ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш;

ҳар ойнинг 10-санасигача тегишли мутасаддиларнинг вилоятда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботларини олиш ҳамда ҳар чорак якунида вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, таълим муассасалари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирокида вилоят Кенгашининг сессиясида танқидий-таҳлил асосида муҳокама қилиш чораларини кўрсин.

  1. Вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда олимлар, мутахассислар, шифокорларнинг чиқишларини ташкил этиш чоралари кўрилсин.
  2. Вилоятда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига таҳлилий ахборот такдим этиб борилсин.
  3. Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг ушбу қарори «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталарида ва вилоят ҳокимлигининг интернетдаги расмий веб-сайтида ёритилсин.
  4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Чориев зиммасига юклансин.
  5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Сессия раиси А.Чориев
2018 йил 18 август, Термиз шаҳри

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра БОБОЛОВнинг воҳа тадбиркорларига

МУРОЖААТИ Азиз воҳадошлар!Ҳурматли тадбиркорлар! Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE