Халқ дарди – ҳақ дард

0
36

Хабарингиз бор, вилоятимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнини ўрганиш, аҳоли турмуш шароити билан яқиндан танишиш ва уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида “Жамоатчилик назорати” гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

Вилоятдаги жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларивакилларидан иборат 4 та “Жамоатчилик назорати” гуруҳи навбатдаги 10 кунликда Қизириқ туманидаги ҳудудларга бириктирилган сектор раҳбарлари ва аъзолари иштирокида хонадонларда бўлишди. Ўрганишлар давомида 36 минг 180 нафар оила истиқомат қилиб келаётган 49 та маҳалла фуқаролари томонидан билдирилган турли масаладаги мурожаатлар, аниқланган муаммолар холисона бартараф этилишига эътибор қаратилди. Мурожаатлар асосан турар жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, йўл, бандлик, банк соҳаси ва электр энергияси, газ, тоза ичимлик суви таъминоти каби масалаларга оид бўлиб, уларнинг ҳар бири тегишлича мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан назоратга олиниб, айримлари жойида ҳал этилган бўлса, ечими маълум муддатни талаб этадиган масалалар юзасидан билдиришлар берилди.

Қизириқ туманидаги “Бағрикенг” МФЙда истиқомат қилувчи Элмурод Мўминовнинг мурожаатига асосан туман ҳокимлиги унга уй қуриш учун томорқа ажратиб берди.

— Ер участкаси ажратилиши бунчалик тез бўлади, деб ўйламагандим,— дейди Э. Мўминов. — Қурилиш учун маҳсулотлар деярли тайёр. Отамнинг оқ фотиҳасини олдим, яқин орада уй қуришни бошлаб юбораман. Аҳолининг мурожаатини холис ўрганиб, яқиндан ёрдам бераётгани учун давлатимизга минг раҳмат.

Тумандаги мутасадди идора раҳбарлари томонидан бирма-бир ҳал бўлаётган муаммолардан аҳоли мамнун. Биргина “Работак” маҳалласида газ баллони билан таъминлаш ва саломатлигини тиклаш бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг деярли барчасининг муаммоси ижобий ҳал этилди.

— Газ баллонига эҳтиёжимиз борлигини ишчи гуруҳи келиб ўрганиб кетганди, — дейди шу маҳаллада яшовчи Моҳира ая Ғаффорова.— Туман газ таъминоти ходимлари келиб, мурожаатимизни ўрганишди ва эртаси куни янги газ баллони билан таъминландик. Турли ташкилот раҳбарларининг, айниқса, 4-сектор аъзоларининг уйма-уй юриб, аҳолининг турмуш шароитини, камчиликларини ўрганаётганидан қўшниларимиз ҳам жуда хурсанд. Илоҳим элпарвар Президентимиз омон бўлсин.

Маълумки, Қизириқ тумани вилоятнинг чўл ҳудудларидан бўлиб, аксарият аҳоли томорқалари ва экин майдонларида зах кўтарилиш даражаси юқорилигича қолмоқда. Шунингдек, қишлоқларнинг тарқоқлиги, улар орасидаги масофанинг узоқлиги ҳам йўлсозлик, ичимлик ва томорқа суви масалаларида алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис, давлатимиз томонидан қишлоқлар инфратузилмасини ҳам тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилашга қаратилган Давлат дастурлари доирасида самарали ишлар йўлга қўйилган. Энг чекка қишлоқларда ҳам қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, спорт майдонлари ва заллари, шунингдек, бошқа коммунал инфратузилма иншоотлари аҳолининг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилиб келмоқда.

Аммо ўрганишлар доирасида айрим маҳаллаларда йиллар давомида ечимини топмай келаётган муаммоларга мутасадди идора вакиллари ҳамон жўяли жавоб беришмай келаётганига гувоҳ бўлдик. Жумладан, туманнинг қоқ марказида жойлашган “Работак” МФЙнинг “Қурувчилар” кўчаси ва хонадонларини сув босиб, жиддий зарар етказган. 7 йилдан буён давом этиб келаётган бундай хунук манзара юзасидан мутасадди ташкилотларга битилган аҳолининг “эътироз”лари бирон амалий натижа бермаган. Ҳатто бу хусусида халқнинг ишончли вакили бўлган туман Кенгаши депутатлари ҳам андиша қилиб, мум тишлаб келишган. Вилоят “АмуСурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги вилоят гидрогеология мелиоратив экспедицияси Қизириқ туман “Қорасув-ВСТ” мелиорация ва туман ирригация бўлими мутасаддилари 2018 йил Давлат дастури асосида “Работак” МФЙнинг ерости ва ерусти сизот сувларини чиқариш мақсадида ёпиқ, ётиқ деренаж қуриш ишлари бошланишини, бунинг учун 4,5 миллиард сўм ажратилганини, яқин 10-15 кун ичида “Қизириқ давсувмахсуспудрат” туман қурилиш ДУК иш бошлашини таъкидлади. Бу хушхабар ҳам 7 йиллик “тонгни яна оттириш” учун айтилган бўлса, нафақат аҳолининг томорқа ва уйлари обод бўлади, балки марказий катта йўл ёқаси ҳам секин-аста алвон гулларга бурканиб кетиши аниқ.

“Бағрикенг” маҳалласи эса туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган. Маҳалла кўча бошиси Алишер Ражабовнинг таъкидлашича, туман “Сувоқова” ДУК корхонаси томонидан аҳолидан истеъмол қилинган сув учун тўлов ўз вақтида мунтазам йиғиб борилган. Аммо аҳолининг айтишича, қарздорлиги бўлмасада, туман “Сувоқова” ДУК аҳолини турли миқдорда сунъий қарздорлик билан сийлаган. Боз устига 7 километр масофадаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган насоснинг сув чиқариш миқдори талаб даражада эмас. Насосни сақлаш ҳолати ва назоратчи хонаси жуда ачинарли аҳволда. Сув тортиш укунасини ҳам аҳоли ўз ҳисобидан таъмирлаб келишади.

“Қишлоқозон” МФЙ-да электр қувватининг жуда пастлиги, ҳатто, ҳудуддаги 21умумтаълим мактаби ўқувчиларининг компьютер жамланмаси ва замонавий монитордан фойдаланишининг имкони бўлмаётгани ҳам мутасаддилар эътиборидан четда қолган масалалардан. Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарининг айтишича, вилоят электр таъминоти корхонасидан трансформатор учун эҳтиёт қисмлар етказиб берилмаган, натижада аҳоли электр симларини қўшни кўчалардан турли ноқонуний, мутлақо яроқсиз тиргакларда тортиб олишга мажбур бўлган. Бу аячли ҳолатни “Работак”МФЙ да ҳам кузатиш мумкин.

Асосан одамлар гавжум бўладиган марказий бозор ичида ва ёнидаги марказий кўчадаги савдо шахобчаларида турли касаллик келтирувчи ҳашоратларни ташувчи эски ёғоч маҳсулотлари дезинфекция қилинмаган. Шундоққина туманнинг кўрки саналган, меҳмонлар кўзига яққол ташланадиган бу марказий ҳудуд йўл ёқасида чиқиндига айланган ёғочларнинг бетартиб ётиши, сув йўлакларининг ёпилиб қолгани, санитария ва ободонлаштиш ҳолати ўз ҳолига ташлаб қўйилгани мутасадди раҳбарларнинг эътиборсиз ва лоқайдлиги натижасидир.

Ҳукуматимизнинг “2018-2019 йилларда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу туманда иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, янги иш ўринларини яратиш борасида аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга қаратилган. Қизириқ тумани учун жуда муҳим бўлган ушбу қарор асосида тузилган дастур ижросини таъминлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика ишчи гуруҳи ҳам тузилди. Дастурда жами 298 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг 146 таси саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги, 103 таси йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникация, 25 таси эса ижтимоий соҳа инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.

Албатта, ушбу лойиҳалардан кўзланган мақсад Президентимиз таъбири билан айтганда, фақат халқни рози қилиш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиб беришдир.

Модомики, битта туманнинг муаммоларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган экан, бундан тумандаги лоқайд айрим раҳбарлар ҳам оқилона хулоса чиқариб олишлари лозим.

Алиёр РАЖАБОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг