Халқаро алоқалар – тараққиёт таянчи

0
52

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш, инвестицион муҳитни янада яхшилаш, илғор технологиялар, инновацион ғояларни халқ хўжалигига кенг тадбиқ этиш борасидаги кўрсатма ва топшириқларига асосан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов раҳбарлигидаги делегация аъзолари бир неча кун Хитой Халқ Республикасининг Сичуань провинциясида бўлишди.

Сичуань Хитойнинг замонавий, саноати юксалган ҳудудларидан бири саналади. Ташриф давомида ушбу провинция губернатори Инь Ли ҳамда Чэнду шаҳар мэри Ло Цян билан ҳудудлараро савдо-иқтисодий, сайёҳлик ва бошқа муносабатларни янада кенгайтириш юзасидан мулоқот ўтказилди.

Сурхондарёликлар ҳамда элликдан ортиқ хитойлик йирик ишлаб чиқарувчилар иштирокида ўтказилган, икки томонлама муносабатларни янги мазмун билан бойитишда муҳим аҳамиятга эга бўлган бизнес-форумда вилоятимизнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти, инвестициявий муҳит, сармоя жалб этиш бўйича пухта ва ишончли стратегияси, қулай жўғрофий жойлашуви ҳақида маълумотлар берилди.

Хитойлик тадбиркорларда вилоятимиз иқтисодиёт тармоқларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, инвес торлар учун яратилган имтиёз, шароит ва қулайликлар, ҳудуднинг ўзига хос табиий бойликлари катта қизиқиш ўйғотди. Улар томонидан саноат ва қурилиш моллари, энергия тежовчи технологиялар, электроника, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш йўналишларига сармоя киритиш истаги билдирилди. Йирик саноат корхоналари билан лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан истиқболли шартномалар имзоланди.

Шунингдек, вилоят делегацияси аъзолари Сичуандаги қатор йирик саноат корхоналарида ҳам бўлишиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Хусусан, Чэнду шаҳридаги “Tongwei Solar (TW SOLAR) Co., Ltd” компаниясига ташриф давомида қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи ушбу йирик компаниянинг қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги муваффақиятли лойиҳалари, энергия манбаларини яратадиган замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлиги билан танишилди.

Компания раҳбарияти билан ўтказилган мулоқот чоғида вилоятимизнинг муқобил энергия манбалари соҳасидаги салоҳияти, қуёш энергетикасини ривожлантириш, шу жумладан, қуёш электрстанцияларини бунёд этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги мавжуд имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Компания билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

Вилоятимиз делегациясининг Хитой сафари тафсилотлари тўғрисида газетанинг келгуси сонида батафсил сўз юритамиз.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг