Бош саҳифа / Сиёсат / Халқ қабулхонаси – жамият кўзгуси

Халқ қабулхонаси – жамият кўзгуси

У ёки бу масалада халқимиз ишончи комил бўлган муассасага мурожаат қилади. Шу ўринда айтиш лозимки, вилоят марказлари, шаҳарлар ва туманлардаги халқ қабулхоналари қисқа вақт ичида жамиятимизнинг ижтимоий ва маданий кўзгусига айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда жорий этилган бу тартибни кўплаб илғор мамлакатларнинг раҳбарлари, сиёсий арбоблари, экспертлари давлат бошқарувида янги тамоил, янгича тартиб сифатида қабул қилишмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2721-сонли қарори асосида вилоятимизда Президентнинг халқ қабулхонаси ўтган йил 28 февралдан бошлаб фаолият юритиб келмоқда. Фуқаролар мурожаатлари белгиланган муҳлатда ҳал этилаётгани туфайли ҳам бу даргоҳга келувчилар сони кўпайиб бормоқда. Ўтган вақт мобайнида 4548 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинган. Бошқача қилиб айтганда, шикоят ва аризаларнинг 3640 таси ёки 80 фоизи қаноатлантирилган.

Халқимизда турналар илиқ гўшаларни излайди, деган гап бежиз айтилмайди. Музработ туманидаги “Меҳригиё” маҳалласида яшовчи Дилором Қурбонмуродова фарзанди Султонмурод Шамсиевнинг юрак пороги борлиги ва зудлик билан Франция давлатида даволатиш мақсадида хорижга чиқиш учун паспортини тайёрлаб бериш масаласида вилоят халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди. У кишининг талаби қисқа вақтда ҳал этилди. Ёки бўлмаса Термиз шаҳридаги “Саховат” маҳалласида яшовчи Гулноза Абдуллаева турмуш ўртоғи С. Жумаев алимент тўламаётганлиги туфайли шикоят қилганди. Биз эр-хотинни қабулхонага таклиф қилиб, ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш ишлари олиб бордик. Хайриятки, ажрашган оила яна биргаликда яшайдиган бўлди. Бизнинг ҳам хотиримиз жам, оила аъзолари ҳам хурсанд бўлишди. Шунингдек, Термиз тумани “Тинчлик” маҳалласида яшовчи Баҳодир Файзуллаевнинг АТ Халқ банки Термиз филиалидан 101 миллион сўм ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаётганлигидан шикоят қилганди. У кишининг ҳам қарздорлик пулларини ундириб бериш таъминланди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Халқ қабулхонасига фуқароларимиз томонидан келган 583 та мурожаатга қаноатланарли тушунтиришлар берилди. Агар фуқаролар мурожаатларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг 821 таси жойлардаги ходимлар хатти-ҳаракати, 546 таси газ, 454 таси алимент ундириш, 249 таси судлар фаолияти, 246 таси бандлик, 236 таси уй-жой таъминоти, 196 таси электр энергияси, 182 таси банк ва кредит ажратиш, 181 таси ичимлик суви, 160 таси паспорт ва фуқароликни расмийлаштириш, 155 таси ер ажратиш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, 134 таси суриштирув ва тергов, 84 таси моддий ёрдам ва бошқа масалалардаги мурожаатлардан иборатдир.

Халқ қабулхонаси жамоаси жойларда ҳудудий раҳбарлар билан биргаликда 41 марта сайёр қабул ташкил этишди. Қабуллар жараёнида 3900 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 64 фоизи ижобий ҳал этилди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Демоқчимизки, жойлардаги камчилик ва муаммоларни ҳал этишда сайёр қабуллар муҳим омил бўлмоқда. Биринчидан, фуқароларнинг вақти, маблағи тежалмоқда. Иккинчидан, камчилик ва муаммолар ўша жойнинг ўзида ҳал этилаяпти. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда давлат ва бошқарув органлари раҳбарлари билан икки асосий мезонга, муддат ва сифатга риоя қилишлари, мурожаатлар синчиклаб кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши шартлигига қатъий амал қилинмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқишда муддат бузилиш ҳолатларига йўл қўйган олти нафар масъул шахсга маъмурий жавобгарлик ҳамда 35 нафар шахсга интизомий чоралар қўлланилди. Бу ҳам фуқароларнинг мурожаатлари ўз муддатида ва сифатли ҳал этилишига жиддий эътибордан дарак беради.

Яна шу нарсани таъкидламоқчиманки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этишда вилоят ҳокимининг сайёр қабуллари муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Узун туманидаги “Боботоғ”, Бойсун тоғидаги ”Мачай”, Музработ туманидаги “Шаффоф” маҳаллаларида ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролар мурожаатларини ҳал этишда яхши натижаларга эришилди. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг жойлардаги халқ қабулхоналари фуқароларнинг энг ишончли манзили, жамиятнинг ҳақиқий кўзгусига айланиб бормоқда. Бу эса халқ ва давлат бирлигининг олий намунасидир.

Абдуҳаким ЭШМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Сурхондарё вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Давлат фуқаролик хизматчилари ўқув соати

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида давлат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan