Бош саҳифа / Жамият / Халқ қабулхоналари: муаммо ва ечим

Халқ қабулхоналари: муаммо ва ечим

Камчилик ва муаммо бор жойда ҳеч қачон ўсиш, ривожланиш бўлмайди. Айни шу жиҳатдан олиб қараганда республикамизнинг ҳар бир ҳудудида Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, ҳар қандай муаммо ва сўровга жавоб олинаётир. Юртимизнинг ҳар бир фуқароси мурожаат этаётган мазкур қабулхоналарда ходимлар сидқидилдан, масъулият билан фаолият юритаяпти.

Ўтган йилнинг сентабрь ойида ташкил этилган виртуал қабулхонада халқимиз томонидан 330 мингта шикоят аризаси келиб тушади. Юртимизнинг турли нуқталарида яшовчилардан келган шикоятлар ўша ҳудуднинг ўзида ўз ечимини топиши инобатга олиниб, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йил 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2721-сонли қарори ижроси юзасидан Сурхондарёда Президентнинг вилоят, туман (шаҳар) Халқ қабулхоналари ташкил этилди.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш, мувофиқлаштириш хизмати ва Президентнинг Сурхондарё вилоят, туман (шаҳар) Халқ қабулхоналарининг ваколатлари бир хил, – дейди, қабулхона бўлими мудири Б. Жамолов.
—Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб мунтазам равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг қабуллари ташкил этилиб, мутассади ташкилотлар иштирокида, соҳалар кесимида келиб тушган ариза, шикоят ва таклифларни тезкорлик билан ҳал қилиш чора-тадбирларини кўриб келмоқдамиз.

Вилоят миқёсида Халқ қабулхоналарида ҳозирги кунга қадар 3871 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари рўйхатга олинган бўлса, шундан 740 таси ёзма, 3130 таси оғзаки тарзда қабул қилинган. Мазкур шикоят ва аризаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар асосан жисмоний шахслар томонидан келиб тушган бўлиб, ижтимоий ва суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар кўпчиликни ташкил этади. Суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича 550 та, иш билан таъминлаш масалаларида 500 та, уй-жой, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш бўйича 494 та ҳамда сув, газ, электр таъминоти ва коммунал тўловларни ҳисоблаш масалаларида 432 та мурожаат рўйхатга олинган.

Бу мурожаатлар 15 иш куни ичида кўриб чиқилиб, муаммолар бартараф этилмоқда. Юқорида келиб тушган ариза ва шикоятларнинг 1066 таси қаноатлантирилди. 1019 мурожаат бўйича мутахассислар томонидан асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 70 та мурожаат бўйича рад жавоби берилган бўлса, 1716 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат ва хўжалик органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
—Вилоят Халқ қабулхонасида туманларда истиқомат қилаётганлар ҳам келишади. Ҳолбуки, уларнинг муаммолари туманнинг ўзида ҳал бўлади. Туман Халқ қабулхонасига бордингизми, деб сўрасак, бормаганлигини, улар ҳал қилиб беролмайди, талқинидаги фикрларни айтишади. Фуқаролардан шуни сўрардикки, аввало, ўзингиз яшаётган тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилинг, улар вилоят ёки республика миқёсида ҳал бўладиган муаммо бўлса, ўзлари йўналиш беришади,— дейди вилоят Халқ қабулхонаси мутахассиси Д. Ҳакимов.

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб мунтазам равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг қабуллари ташкил этилиб, келиб тушган мурожаатлар юзасидан ҳафта якунига қадар ариза ва шикоятларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароитлари таҳлил қилиниб, вилоят миқёсида муайян қарор қабул қилишга асос бўлаяпти.

Аҳоли сонининг йилдан-йилга ошиб бориши, кўп оилали хонадонларда ерга бўлган эҳтиёж, натижада келиб чиқадиган оилавий низолар, моддий аҳволи ва оилавий шароитидан келиб чиққан ҳолда ким ошди савдосидан ташқари ер участкаларини бепул ажратиш масалаларига қаратилган мурожаатлар умумий шикоятларнинг 25 фоизини ташкил этади.

Демак, вилоятда турар жой билан боғлиқ муаммоларнинг юқорилиги ва уй-жой қурилиши билан боғлиқ масалаларнинг ниҳоятда долзарб эканлигидан далолат беради. Аҳолини уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида кейинги беш йилда намунавий лойиҳа асосида 4400 дан ортиқ уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фактларга асосланадиган бўлсак, биргина уй-жой масаласи бўйича Термиз тумани ҳудудидан икки минг хонадонга мўлжалланган 155,4 га, Шеробод туманидан 400 та хонадон учун 23,6 га, Музработ туманидан 250 та хонадон учун 12,7 га, Бойсун туманидан 215 та хонадон учун 16,7 га, Жарқўрғон туманидан 200 та хонадон учун 10 га ер майдонлари ажратиб берилган. Халқ қабулхоналарида келиб тушаётган шикоятларни ўрганиб, уни бартараф этиш бўйича вилоят ҳокими номига таклифлар киритилиб келинмоқда.

Мурожаатларнинг ҳал қилиниши устидан доимий назорат ўрнатилиб, қаноатлантириш чоралари кўрилмоқда.
— Мен 1-гуруҳ ногирониман. 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Иш топа олмай юргандим, Халқ қабулхонаси очилганини билиб, шу ерга ташриф буюрдим. Аризам алоҳида назоратга олиниб, қисқа муддат ичида АТБ “Агробанк” республика бошқаруви орқали вилоят бошқармасидаги пластик карталар бўлимига 1-тоифали мутахассис лавозимига қабул қилинишим таъминлаб берилди. Бундай Қамхўрлик ва эътибордан жуда хурсанд бўлдим. Давлатимиздан, Халқ қабулхоналари ходимларидан миннатдорман,—дейди фуқаро З. Чориев.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқот қилишни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни сифат жиҳатидан тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.

Сайёра АЛЛАЕВА,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE