Бош саҳифа / Жамият / Халққа яқин бўлайлик

Халққа яқин бўлайлик

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакат ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Хўш, стратегиянинг мақсади нима? Уни ким ва қачон амалга оширади? Айтиш керакки, Ҳаракатлар стратегияси бу — мамлакатни қадамба қадам тараққий эттириш режасидир. Чорак аср мобайнида мамлакат иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жиҳатдан оёққа турди, ўз давлатчилиги асосларини яратди. Бугун замон эртанги кунга жиддий тайёргарликни, глобаллашиб улгурган дунёдаги ўзгаришлар, кураш ва қарама-қаршиликларга синов ва тўсиқларга қатъият билан қарши тура оладиган иммунитет яратган ҳолда боришни тақозо этмоқда.

Шу маънода, Ҳаракатлар стратегияси, бир сўз билан айтганда, жамиятнинг нафақат юқори қатлами деб юритиладиган давлатни бошқарувчилар, балки унинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир фуқароси учун ҳам ўзига хос чақириқ, ундов ва илҳом манбаидир. Шундай экан, миллионлаб кишиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган касаба уюшмалари жамиятдаги бундай инқилобий жараёнда ўз сўзини айтиши зарур ва шарт деб ўйлайман.

Ишончимиз комилки, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг энг эзгу режаси — халқни рози қилиш, ватан равнақи йўлида ҳисса қўшиш, юртдошларимизнинг турмушини фаровонлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларига баҳоли қудрат мададкор бўлишдир. Биз аҳолини мамлакатнинг энг оммавий, энг йирик жамоат ташкилоти сифатида Ватанимиз равнақи, эл фаровонлиги, бир сўз билан айтганда, юрт тараққиёти йўлида муҳтарам Юртбошимиз атрофида бирлашишга даъват этамиз!

Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!“ деган қатъий талаби бевосита касаба уюшмалари олдига ҳам улкан вазифа қўймоқда. Бу ўз-ўзидан касаба уюшмалари халқ хизматида бўлиши зарурлигини англатади. Ҳозир барча ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари халқ билан бевосита мулоқотни кучайтирмоқда. Аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш мақсадида “Ишонч телефонлари” ва “Фуқаролар қабулхоналари” фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек “murojaat.kasaba.uz” марказлашган онлайн тизими ташкил этилган. Касаба уюшмалари давлат идоралари билан ишчи-ходимлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўташи зарур. Биринчидан, бундан буён раҳбарлар фуқароларни қабул қилиш, уларнинг қонуний ва адолатли талабларини бажариш учун барча амалий чораларни кўриши зарур! Иккинчидан, мамлакат иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини кўпайтиришда тадбиркорликни янада рағбатлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар бир раҳбар ходимнинг масъулиятли вазифасига айланиши шарт! Учинчидан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари бошқа жамоат бирлашмалари аъзолари билан ҳамкорликда кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини излаши даркор.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, агарки, оила тўқ яшаса, дастурхон тўкин бўлса, бу оила тинч бўлади, бу оиладан ёмонлик чиқмайди, ундан жамиятга наф тегади. Бу эса фақатгина шу оиланинг эмас, балки у яшайдиган қишлоқ ва кўчанинг, шаҳар ва туманнинг, бир сўз билан айтадиган бўлсак, шу жамият ва мамлакатнинг ютуғидир.

Тўртинчидан, касаба уюшма ташкилотлари ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда муайян ишларни амалга оширмоқда. Аммо, мен ўйлайманки, ушбу муҳим ва аҳамияти жиҳатидан стратегик масалада иштирокимиз етарли бўлаётгани йўқ. Мисол учун, коллежлар, олий ўқув юртларини тугаллаган ёшларнинг муносиб иш билан таъминланишига эришишда бизнинг жамоатчилик назоратимиз янада қатъий, изчил ва албатта ҳаққоний бўлиши керак. Бешинчидан, яратганнинг бебаҳо мўъжизаси бўлган азиз аёлларимизни фақат муносиб иш шароити билан таъминлабгина қолмасдан, оғирини енгил қилиш учун ҳар томонлама имконият яратиш, уларнинг ижтимоий-сиё сий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиш зарур.

Бир сўз билан айтганда, олиб бораётган барча ишларимиз, белгиланаётган режаларимиз пировард натижада халққа хизмат қилиш сифатини яхшилаш, одамларнинг ҳаётини янада мазмунли қилишга қаратилган. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Одамларга муносиб шароит яратиш доимо эътиборимизда бўлмоғи зарур!”.

Бугун Ўзбекистон улкан меҳнат, интилишлар, ўрганишлар, ҳаракатлар мужассам бўлган, шу замин аҳлининг кўпдан-кўп орзу-ниятларига элтувчи катта йўлда турибди. Шундай синовли йўлда юртимизнинг халқпарвар, фидойи раҳбари ёнида жипслашмоғимиз шарт.

А. АХМЕДОВ,
вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE