Бош саҳифа / Жамият / Ҳадисларда – Рамазон фазилатлари

Ҳадисларда – Рамазон фазилатлари

Муборак Рамазон ойи якунланиб, юртдошларимиз ҳайит байрами билан бир-бирларини қутламоқдалар. Хонадонларга айём сабаб келаётган яқинларни, дўст-биродарларни ҳамма очиқ чеҳра билан кутиб олмоқда. “Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин”, дея табриклаб, шукроналарини айтишмоқда.

Дарҳақиқат, Рамазон Қуръон нозил қилинган ой бўлиб, ҳамиша ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси сифатида қадрланган. Бу ойнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда ҳам эътироф қилиниб, яхшиликлардан хабардор этилган. Шу боис, уларнинг айримларини ҳукмингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”. (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ.)

Абу Ҳурайра разийоллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наз дида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳурайра разийоллоҳу анҳу: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, бу ёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти). Саҳл разийоллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик разийоллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди: отанинг (фарзанд ҳақига) дуоси, рўзадорнинг ва мусофирнинг дуоси” (Имом Байҳақий ва Имом Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган).

“Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир” (Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва ҳокимлар ривояти. Ҳоким: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган.)

Б. Нормуродов

тайёрлади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE