Бош саҳифа / Таълим / Гўзаллик дунёни қутқаради

Гўзаллик дунёни қутқаради

Бола дунёга келган кунданоқ оналаримиз алла айтиб ором олдирадилар. Алла оҳангига сармаст бола эса мириқиб ухлайди.

Онанинг майин овози ва қўшиқдаги эзгу сўзлар таъсирида ул- ғайган гўдак, албатта меҳрибон, атрофдагиларга ғамхўр бўлиши тайин. Фарзанд улғаявераркан, уни  санъатга, мусиқага ошно қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бир ўйлаб кўрингга, қўшиқ куйлаётган, рақс тушиб ёки сурат чизаётган болакайдан ёмонлик чиқармикан. Аксинча, уларда ўзига хос дид, одоб ва маданият шакллана боради. Табиатидаги ҳислатлар, ижодкорлик ва яратувчанлик, уларнинг ҳарактери сифатида юриш-туришида акс эта бошлайди.

Ёшлар тарбияси ва уларнинг келажаги давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Истеъдодли ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Айниқса, болалар мусиқа ва санъат мактабларига қаратилаётган эътибор ва қилинаётган ишлар бежизга эмас.

Айни вақтда биргина вилоятимизда 19 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари мавжуд бўлиб, уларда 3500 дан ортиқ истеъдодли ёшга 550 нафардан ортиқ малакали ўқитувчи-мураббий мусиқа ва санъат сир-асрорларини ўргатиб келаётир. Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастурининг ҳаётий самараси ўлароқ 17 та мактабнинг 14 таси янгидан қуриб битказилган бўлса, 3 таси капитал реконструкция қилинди. Улар ҳар томонлама қулай ва сифатли, замонавий мебел ва ускуналар билан жиҳозланиб, турли чол- ғу асбоблари билан таъминланди. Натижада, 2008 йилга нисбатан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг қуввати 1,2 баробарга, ўқитувчилар таркиби 1,3 баробарга ошди. Республиканинг ёш истеъдодли мусиқачилари томонидан нуфузли халқаро танловларда кўпгина совринли ўринлар қўлга киритилди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларини барпо этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бошланган ишлар мантиқий давом эттирилмоқда. “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури” ҳам бунинг ёрқин исботидир. Мазкур дастур доирасида вилоятда яна 11 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, яъни 6 тасини янгидан қуриш, 5 тасини капитал реконструкция қилиш режалаштирилган. Ўтган йилнинг ўзида Олтинсой туманида 18-БМСМ янгидан қурилди. Қумқўрғонда 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Яратилган шароит натижасида фарзандларимизнинг жаҳон саҳналарида эришаётган муваффақиятлари кундан-кунга ортиб бораётир. Масалан, республика миқёсида 2015 йилнинг ўзида истеъдодли ёшларимиздан 137 нафари хорижий давлатларда ўтказилган нуфузли танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Бир неча ўн йил олдин эса бу кўрсаткич  саноқли эди, холос.

Тиниб-тинчимас ёшларнинг тинимсиз изланишлари бесамар кетмаётганлигини шу йилнинг ўзида “Камалак юлдузлари” кўрик-танловининг республика босқичида “Афғон рубоби” йўналишида 1-ўринга сазовор бўлган Умрзоқ Хурсанов (Шўрчи туман 7-БМСМ)ни, М. Қориёқубов номидаги республика кўрик танловида “Дутор прима” йўналишида Малоҳат Акромова (Музработ туман 10-БМСМ) ва чанг йўналишида Тарона Ражабова (Олтинсой туман 18 -БМСМ)ларнинг 1- ўринга лойиқ кўрилгани, Озарбайжон Республикаси Боку шаҳрида ўтказилган “Ёш ижрочи” халқаро кўрик-танловида Ҳилола Музробова (Термиз шаҳар 1-БМСМ) фортепианонинг сеҳрли оҳанги билан барчани мафтун этиб 3-ўрин соҳибига айлангани мисолида кўриш мумкин. Айниқса, шаҳримиздаги 2-БМСМнинг ўқувчиси Камила Астанақулованинг “Юлдузча”  республика болалар вокаль телевизион танловидаги иштироки кўпчилик юртдошларимиз ёдида ҳали-ҳамон сақланиб қолгани аниқ. Воҳамизда ҳам мана шундай истеъдодли ёшлар бўй кўрсатаётгани Камила ижодида тасдиғини топмоқда.

Ёш юлдузлар етишиб чиқаётган болалар мусиқа ва санъат мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик қандай кетаётганига қизиқиб, Термиз шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрдик. Мактаб биносига киришимиз билан фортепиано ва бошқа чолғуларининг садолари янграб турганидан билдикки, таътил бўлишига қарамай ўқувчилар машғулотлар билан банд.

— Фортепиано чалишга болалигимдан қизиқишим баланд бўлганлиги сабабли ҳам мени шу ерга олиб келишган. Таътил бўлишига қарамай жонажон мактабимга келиб, машғулотларни бажаряпман. Жуда кўп танловларнинг вилоят ва республика босқичларида фаол иштирок этиб келаяпман, — дейди ўқувчи М. Абдумўминова.

— Мактабимиз 2010 йилда қайта таъмирланди. 246 нафар ўқувчига 33 нафар ўз касбининг усталари бўлган ўқитувчи 9 йўналишда сабоқ бериб келаяпти. Мактабимизда барча шароитлар яратилган. Дарсхоналаримиз махсус мусиқа асбоб-ускуналари билан жиҳозлангани, дарслар сифатини яхшилашга хизмат қилаётир. Айни кунларда янги ўқув йилига тайёргарлик билан бандмиз. Худо хоҳласа, бу йил ўтган йилгидан-да яхши натижаларга эришамиз деган, ният билан ўқув йилини бошлаяпмиз, — дейди 2-БМСМ директори О. Давлатов.

Мусиқа ва санъатга ошно бўлган инсон ҳар жиҳатдан етук, қобилиятли дунёқараши кенг шахс бўлиб камол топишини унутманг!

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan