Бош саҳифа / Жамият / Гўшт нархини кимлар ошираяпти?

Гўшт нархини кимлар ошираяпти?

Оиламизда акам иккимиз Тошкентда университетда таҳсил оламиз. Ёзги таътилга чиқиб ота-онамиз бағрида бир биридан тотли таомлар пишириб, яқинларимизни хурсанд қилиш мақсадида пойтахтда пазандаликка ҳам ўқиб олгандим. Ота-онамга энг тансиқ гўштли таом пишириб бериш мақсадида гўшт дўконларини ораладим. Қассоблар бир килограмм гўштни тарозига қўйиб, «32 минг сўм» деди. «Ия гўштнинг нархи 23 минг эмасмиди?» деб эътироз билдирдим.

— Эй синглим, гўшт нархи қимматлашган, — деди қассоб амаки энсаси қотиб. — Дунёдан бехабармисиз дейман. Ем-хашакнинг нархидан хабарингиз борми ўзи, — деди кўзини лўқ қилиб.

Термизнинг энг зўр супермаркетига кирдим. Гўшт тур-тури билан расталарга териб қўйилган экан. 35 минг сўмдан 40 минг сўмгача. «Ия, нега бунча қиммат?», дедим ҳайрон бўлиб. «Биз белгиланган нархда сотамиз, бошқаси билан ишимиз йўқ”, деди совуққонлик билан хушбичимгина сотувчи қиз.

Кейин билсам ўқиш, стипендияни тежаб ишлатиш билан бўлиб, гўштнинг нархи осмонга чиқиб кетганидан бехабар қолибман. Кўпчилик севиб тановул қиладиган ушбу маҳсулотнинг нархи ошиб бораётганига мендан бошқа ҳамма гувоҳ экан. Шундай бўлсада гўштсиз овқат қилмайдиган юртдошларимиз бу маҳсулотни қимматлигига ҳам қарамай сотиб олаётгани, аксига олиб бозорларда ёхуд қассобхоналарда гўштнинг нархи осмонга чиқиб кетаётганлигига жавобгарнинг йўқлиги ташвишли ҳолдир.

Эринмасдан ўрганиб чиқдим, келишиб олишгандек бозорларда 1 килограмм суякли мол гўштининг ўртача нархи 27-30 минг сўмгача, лаҳм гўштнинг нархи 30-32 минг сўмга сотилмоқда. Супермаркетларда эса гўшт нархи бундандан қиммат.

Ҳатто, Термиз шаҳрида вилоят мутасаддиларининг ташаббуси билан алоҳида гўшт расталари ташкил қилиниб, 1 килограмм қўй гўштининг нархи 27 минг, қорамолники эса 25 минг сўм этиб белгилаб қўйилди. Бироқ бунга ҳам чидай олмаган айрим сотувчиларнинг мазкур гўшт растаси олдига келиб, “Бу нархда сотмайсан” дея жанжал кўтараётганига бир неча бор гувоҳ бўлдим.

Ахир шаҳар бедарвоза эмас, деган гап бор-ку? Ҳамма нарса тартибга солинаётган бир пайтда ушбу ҳолатни назорат қиладиган бозор назоратчиси ёки мутасадди идора ҳамда ташкилотлар наҳотки йўқ бўлса? Агар гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархлари шу тахлит ошиб кетаверса, аҳоли бунга эътироз билдирмайдими?

— Гўштнинг нархи ошган сайин бизга ҳам қийин бўлиб бормоқда, — дейди якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланаётган қассоб Акмал Дониёров. — Қўй ёхуд қора молни бозорда фуқаролардан сотиб оламиз. Отанг бозор, онанг бозор деганларидек, нархни бозор, белгилайди. Ахир молни қиммат нархга олиб гўштни арзон нархда сотолмаслигимиз оддий арифметика-ку. Таннарх деган қонуният ҳам бунга йўл қўймайди. Битта молни бир кунда сотиш имкони йўқлиги учун гўштни кўтарасига сотиб юбориш биз учун қулайроқда.

Акмал аканинг гапларидан кейин гўштнинг нархи ошиб бораётганининг сабабларидан биттасини англагандек бўлдим.

— Бугун чорвачиликни ривожлантириш учун вилоятимизда 2017 йил январь-июль ойлари давомида 130 миллиард сўмдан зиёд чорвачилик кредити ажратилган, — дейди вилоят Марказий банк кредит бўлими ходими Ш. Жўраев. Аммо шунча маблағ ажратилсада, сезиларли натижа йўқ экани дўппини бир четга қўйиб ўйлашга чорлайди.

Биз шу саволлар билан чорвачиликка бел боғлаган кредиторлардан бирини суҳбатга тортдик:

— Мен 2017 йилда чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида 7,5 миллион сўм миқдорда кредит олгандим. Лекин мен буни нақд пул шаклига келтириб бошқа тадбиркорликни бошладим, сабаби чорва моллари истеъмол қиладиган ем ва шелуханинг нархи анча қиммат экан. Бу эса тадбиркорликда кўзлаган фойдани олишимда тўсқинлик қиларди.

Чорвачилик учун кредит олган Сардор Юсуповнинг фикрлари билан танишдик.

Бозор ва биржанинг нархи ўртасидаги фарқ бартараф этилмас экан, юқоридаги кредитор каби йўл тутувчи сохта тадбиркорлар кўпайиши табиий.

Жорий йилда 1 килограмм шротнинг биржадаги нархи 1200 сўм, шелуха эса 600 сўм эканига гувоҳ бўлдик. Аксинча, бозорда бу маҳсулот нархи (яъни шрот)1500-1800га баҳоланмоқда. Шелуха эса 1000 сўмни ташкил этмоқда.

Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ходимлари билан суҳбатлашганимизда, улар қорамолни бўрдоқига боқиш учун камида 3 ой вақт кетади, ҳар куни унга ўртача миқдорда 9 килограммдан ем бериш талаб этилади. Биржа нархидаги емни топиш эса амримаҳол, — де- йишади.

Шундай экан, нега ем, шелуха ва шрот каби маҳсулотлар нархи биржада белгиланадию, гўшт нархи биржада белгиланмайди, деган савол туғилади?

Агар гўшт маҳсулотлари бозор расталарида белгиланган нарх асосида сотилганида, бу ҳолат келиб чиқмаган бўларди. Бу ҳол аҳолининг турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатаётганини ҳам инкор этолмаймиз.

Бунинг учун Муҳтарам Президентимиз айтганидек, ҳар бир юрт дошимиз хонадонида қорамол, қўй, товуқ боқишни йўлга қўйсалар, нархнинг арзон бўлишига, турмуш тарзининг фаровонлашишига маълум даражада ҳисса қўшган бўлардилар.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА,
ЎзМУ журналистика факультети 4-курс талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan