Бош саҳифа / Маданият / Ғурурларни юксалтирган атласим

Ғурурларни юксалтирган атласим

2018 йил 14 сентябрь куни Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” тўртинчи халқаро фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дандев Бадарч, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, қўмита раиси Акмал Саидов, Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат фонди бош қаруви раиси Ботир Убайдуллаевлар иштирок этди ва сўзга чиқди.

Анъанавий тарзда бу йил ҳам 60 нафардан ортиқ иштирокчилар ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида билим ва кўникмаларни ўзлаштирдилар. Машғулотларда фаол иштирок этган қатнашчиларга ташкилотчилар томонидан гувоҳномалар топширилди.

— Испания ва Ўзбекистонни кўплаб халқаро масалаларда нафақат якдил фикрлар ва позициялар, балки маданиятлар умумийлиги ҳам бирлаштириб туради. Чунки бизда ҳам тарихий анъаналарга ҳурмат билан қаралади ва қадрланади, — дейди фестивалда илк маротаба иштирок этаётган испаниялик меҳмон Анник Зебиа-Мелсан. — Ранг-баранг матоларни кузатиб жуда ҳайратландим. Юртингизга ташриф буюрганимдан ниҳоятда хурсандман. Келгуси йилда ҳам, албатта, шу анжуманга келишни мақсад қилиб қўйдим.

Ўзбекистоннинг дунё сари очиқлик сиёсати инвестициялар, туристлар оқимини жалб этиш учун ноёб имконият тақдим этади. Юртимиз табиий ресурслар, тарихий ва меъморий ёдгорликларга, энг муҳими, интеллектуал салоҳиятга бой мамлакатдир. Айни шу жиҳатлар туфайли ҳам бу йилги миллий матолар байрамида иштирокчи давлатлар сони янада ортди.

— Матоларни дунёга танитишда салмоқли ишлар олиб борилаётгани нафақат ҳунармандларнинг, балки ўзининг меҳнатсеварлиги, қатъияти ва меҳмондўстлиги билан ном қозонган бутун марғилонликларнинг ҳам хизматидир, — дейди Мадагаскардан келган ҳунарманд Андрее Матилде.

— Бу фестивалнинг эътирофга арзирли яна бир жиҳати шуки, анжуман дўстлик ва ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкам бўлиши, ўзаро алоқаларнинг ривожида муҳим роль ўйнайди.

Байрам шукуҳи Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғида давом этди. Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳунарманд-усталар ўзларининг сара маҳсулотларидан тайёрланган кўргазмани намойиш эт-дилар. Кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, тикувчилик ва бошқа ҳунар турларининг ёрқин намуналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида ош танлови ҳам ўтказилди. Унда Марғилондаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ошпазлари гуруҳларга бўлинган ҳолда беллашдилар. 10 та гуруҳ томонидан тайёрланган тансиқ ва ўзига хос паловлар меҳмонларга тортиқ қилинди.

— Фарғона паловларидан тановул қилдик, мазаси оғзимизда қолди, — дейди қорақалпоғистонлик ёш дизайнер Гулдона Аҳмедова. — Маҳорат дарс лари давомида қорақалпоқ ва ўзбек нақшлари уйғунлигида либослар яратиш бўйича сабоқ олдим. Етук соҳа вакилларидан тажриба ўргандик. Фаол иштирокимиз учун сертификат билан тақдирландик.

“Буюк ипак йўлида Шарқ ва Ғарб маданиятининг ўзаро таъсири: Ханчжоу, Марғилон, Валенсия” мавзусида илмий конференцияда хитойлик Чжоу Янг, россиялик Татьяна Емиляненко, испаниялик Анник Зебиа-Мелсан ва соҳанинг бошқа мутахассислари абрли матоларни тиклаш ва тайёрлаш, халқ амалий санъатини ривожлантириш бўйича маъруза қилдилар.

Ёш дизайнерлар томонидан тайёрланган либослар намойиши байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шерзод ҚОРАБОЕВ

олган сурат

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мактабимизда миллий бурчак

Юртимизда баҳор фаслининг ташрифи қалбларимизга илиқлик, байрам кайфиятини бахш этади. Урф-одатларимиз ва анъаналаримиз ҳам айни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan