Бош саҳифа / Спорт / Гулжаной олимпиадага боради

Гулжаной олимпиадага боради

Ватанимизда ёшларга яратиб берилаётган шароит, спортга бўлган юксак эътибор ўз самарасини бермоқда.

Буни биргина Термиз шаҳридаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати мисолида ҳам кўриш мумкин.

Яқинда ана шу мактабнинг охирги босқич ўқувчиси Гулжаной Наимова халқаро мусобақаларда қатнашиш учун Эронга жўнаб кетди. Мураббийлари, ота-онаси бу гал ҳам халқаро мусобақадан муносиб совринлар билан келишига умид билдиришмоқда.

Гулжаной Наимова Узун туманидаги 3-умумтаълим мактабини тугатгач, олимпия захиралари мактаб-интернатида таэквондонинг WTF йўналиши билан жиддий шуғуллана бошлади. Вилоят ва мамлакат чемпионатида яхши натижаларга эришганлиги туфайли 2017 йил Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилиниб, Корея давлатида ўтказилган мусобақада иштирок этди ва фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Ўша йили Португалияда ўтказилган халқаро мусобақада учинчи ўринни забт этди.

Тинимсиз машқлар, ўз устида ишлаш билан бирга мураббийи Бодир Қўзиевнинг тажрибаси ҳам қўл келди. Ўтган йили Лондонда ўтказилган таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида учинчи ўринни нақд қилган бўлса, июнь ойида Вьетнамда бўлган мусобақада йилнинг энг яхши спортчиси йўналиши бўйича биринчи ўринга лойиқ топилиб, олтин медални қўлга киритди.

Жорий йил февраль ойида таэквондо бўйича Анталияда бўлган жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медаль совриндори бўлди. Энг муҳими, 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу хушхабар нафақат Гулжанойнинг оила аъзолари, ўқитувчи ва мураббийлари, балки бутун Ўзбекистон аҳлини қувонтириб юборди. Гулжаной ҳаётидаги яна бир янгилик, у олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзни нақд қилиб қўйди.

Биргина бу эмас, жорий йилда оғир атлетика бўйича Самарқандда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги мусобақада шу билим даргоҳининг ўқувчилари Самандар Бобоев 61 килограммда иккинчи, Дурдона Мейлиева 71 килограммда иккинчи, Маржона Норбоева 81 килограммда иккинчи, Озода Ҳайитова 76 килограмм вазнда иккинчи ўринни эгаллашди. Сузиш бўйича эса Ўзбекистон очиқ чемпионатида Муҳаммадқодир Соатов энг юқори натижа кўрсатиб, биринчи ўрин соҳибига айланди. Шунингдек, 800 метрга югуришда Алиакбар Алланазаров учинчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, ҳатлаб сакрашда Рушона Янгибоева иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медаль совриндори бўлди.

Ёшларимизнинг бундай натижаларни қўлга киритишида мураббийлар Абдужаббор Ботиров, Бодир Қўзиев, Даврон Тўхтаев, Диёра Рустамоваларнинг заҳматли ва тинимсиз меҳнатларини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Биз фурсатдан фойдаланиб, юқори натижаларга эришган спортчи қизларимизни байрам билан самимий табриклаб, бу йўлда юксак парвозлар тилаб қоламиз.

Матлуба ТУРДИЕВА,
Термиз ихтисослаштирилган олимпия
захиралари мактаб-интернати ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” суперлигада ўйнайди

Ўтган йили Ўзбекистон чемпионатининг пролигаси баҳсларида тўп сурган Термизнинг “Сурхон” жамоаси ёмон натижа кўрсатгани йўқ. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan