Бош саҳифа / Спорт / Гулнор – Осиё чемпиони

Гулнор – Осиё чемпиони

Яқинда Индонезияда бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида воҳадошимиз Гулнор Сулаймонова кураш бўйича финалда мутлақ ғолиб чиқиб, олтин медални қўлга киритгани ва Қитъа чемпиони бўлгани ҳақидаги хабар бир зумда тарқалди.

Ҳаракатга — барокат экан. Инсоннинг иродаси кучли, мақсади қатъий бўлса, албатта, ниятига эришади. Гулнор 10 йилдирки, кураш спорт тури билан жиддий шуғулланиб келади. Денов шаҳрида туғилган қизалоқ умумтаълим мактабини тугатгач, Термиз туманидаги “Халқобод” педагогика касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттирди. Коллежда ўқиш билан бирга Учқизил қўрғонида жойлашган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида моҳир мураббийлардан сабоқ ола бошлади. Мунтазам ва машаққатли машғулотлар ўз натижасини берди. У дастлаб, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган мусобақаларда бир неча бор ғолибликни қўлга киритди ва мамлакат терма жамоасига қабул қилинди.

Спортчи оилали, 2 нафар фарзанднинг онаси, уй бекаси бўлишига қарамасдан спорт билан шуғулланишни бир зум бўлсада канда қилмайди. Турмуш ўртоғи ҳам унга хайрихоҳ.

Индонезия давлатининг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада рақибларни енгиб финалга етиб борди. Финалда эса жаракарталик маҳоратли ва донгдор спортчи билан беллашишга тўғри келди. Гулнор Сулаймонова юртдошларига берган ваъдасининг устидан чиқиш учун тажриба ва маҳоратини ишга солди. 52 килограмм вазнда гиламга чиққан Гулнор ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмай, соф ғалабани қўлга киритди.

— Финалда ғолибликни қўлга киритгандаги ҳаяжонимни ҳозир сўз билан ифодалай олмайман. Менинг бундай ютуқларга эришишимда кураш бўйича тажрибали мураббий Ҳамро Пиримқуловнинг хизматлари катта, — дейди Осиё чемпиони Гулнор Сулаймонова. — У киши барча шогирдлари билан астойдил шуғулланади. Оддий бир усулни ҳафталаб ўргатишдан эринмайди. Шунинг учун ҳам туман БЎСМ спортчилари яхши натижаларни қўлга киритишмоқда. Ниятим олимпия ва жаҳон мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритиш.

Биз эса моҳир спортчи Гулнор Сулаймоновага келгуси халқаро мусобақаларда янада юксак парвозлар тилаб қоламиз.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сафардаги ҳужумкорлик самараси

Термизнинг “Сурхон” жамоаси бир неча тур аввал сафарда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини 3:0 ҳисобида енгганида, кўплар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan