Гулдаста билан кузатилди

0
91

Халқимизда минг ишчига бир бошчи, деб бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, қаерда бўлмасин меҳнат интизоми, ютуқлар, амалга оширилаётган ишлар кўлами кўп жиҳатдан биринчи раҳбарнинг тажрибаси, билими, тадбиркорлиги ва бошқариш санъатига боғлиқ бўлади.

Буни Сурхон воҳасида бир йилу етти ой вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Эркинжон Турдимов фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Юртбошимиз фармонларига кўра, Эркинжон Турдимов Самар- қанд вилояти ҳокими этиб тайинланганлиги туфайли вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида фаоллар йиғилиши, тўғрироғи, хайрлашув ва кузатув тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, бошқармалар, корхона, ташкилот раҳбарлари, жамоатчилик  вакиллари,  оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Залга Э. Турдимов кириб келаркан барча ўрнидан туриб  қарсаклар билан қарши олди.

— Мен қисқа вақт ичида қандай ишларни амалга оширган, қандай ютуқларга эришган, мақтовлар эшитган бўлсам, бунинг ҳаммаси сурхондарёликлар туфайлидир. Уларнинг бир ёқадан бош чиқариб, мақсад йўлида дадил ҳаракат қилгани, меҳнаткашлиги ва фидойилиги самарасидир. Сурхон аҳлидан қисқа вақт ичида жуда кўп нарсани ўргандим. Умримнинг охиригача сурхондарёликлардан қарздорман ва бу ердан олган сабоқларимни унутмайман. Ишонаманки, янги раҳбар атрофида жипслашиб, бундан-да катта ютуқлар қўлга киритилади, — деди Э. Турдимов.

Унинг хайрлашув нутқи бир неча бор миннатдорчилик қарсаклари билан эътироф этилди.

Шундан сўнг, Сурхон аҳли номидан вилоят ҳокими ўринбосари Р. Чориев Эркинжон Турдимовга тўн ёпиб, дўппи кийгизиб, гулдаста тақдим этди. Сўзга чиққанлар чин дилдан миннатдорчилик билдириб, мустаҳкам соғлиқ, келгуси ишларига улкан муваффақиятлар тилашди.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида эътироф этишим керакки, қутлуғ ёшга кириб, 13 та вилоят ҳокими билан ишлаган бўлсак, ишга тайинланганда қарсак ва гулдаста билан кутиб олинган, ишдан кетаётганда жамоатчиликнинг  юраги титраб, раҳмат, ол- қиш ва гулдасталар билан хайрлашиб кузатилган раҳбарни Сурхон воҳасида биринчи бор кўришим. Бу эса Эркинжон Турдимов Сурхон воҳасининг етти ёшдан етмиш яшаригача қисқа вақт ичида туғишганлардек бўлиб қолганлигининг яна бир исботидир.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг