Бош саҳифа / Жамият / Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот идораларида хизмат қилаётган ходимлар, ҳарбий хизматчиларимизнинг нафақат жанговар тайёргарлиги, балки уларнинг маънавий камолоти, юксак билим ва тажрибаси ҳам ниҳоятда муҳимдир.

“Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” танловларининг ўтказилишида ҳам ана шундай эзгу мақсад, орган ходимларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш ётади.

Мазкур танлов орган ходимларини жисмоний тарбия билан фаол шуғулланиши, уларни бахшичилик, чанқовуз чалиш, тасвирий санъат ва китобхонликка кенг жалб этиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.Чунки, китоб ўқиган, достон куйлаган, она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини санъат асарларида намоён эта олган инсон кучли ва бардошли бўлади. Бу эса айнан Ватан тинчлиги ва осойишталиги учун бел боғлаган мард хизматчилар ва ходимларга хос бўлган фазилатдир.

Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмда  кўрик-танловда 3 минг иштирокчи ичидан сараланган ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Т.Боболов ҳамда вилоят Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи О.Ҳақназаров, Жанубий оператив йўналиш бошқарув гуруҳи командири Қ.Турсунов, ИИБ бошлиғи А.Исмоиловлар иштирок этди.

— Китоб мутолааси инсонни маънан ва руҳан юксалтиради, — дейди “Китобхонлик ва китоб мутолааси йўналиши” ғолиби, муддатли ҳарбий хизматчи курсант Руслан Хусанов. — Ҳаётдаги ҳар қандай синовни енгишда унинг кўмагига суяниш мумкин. Бугун мен ҳарбий хизматчилар орасида энг яхши китобхон сифатида эътироф этилганимдан жуда мамнунман. Ота-онам ҳам менинг бу ютуғимдан фахрланишмоқда. Шундай имкониятни берган танлов ташаббускорларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

— Бахшичилик ва достончилик санъати йўналишида фахрли 2-ўринни эгалладим, — дейди Ички ишлар вазирлиги махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича махсус отряди 1-гуруҳ портлаш хавфи бўлган предметлар бўйича катта мутахассиси, майор Жўрабек Хўжақулов. — 7 миллион сўм пул маблағи билан тақдирландим. Бундан жуда хурсандман.

— От миниш маҳорати бизга бобомерос бўлиб ўтган, — дейди Жарқўрғон тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори, лейтенант Икром Маматмўминов. — Ўнлаб иштирокчилар орасида мазкур йўналишда учинчилик менга насиб этди. Насиб этса кейинги танловларда бунданда юқори натижаларни қайд этишга ҳаракат қиламан.

Ғолиблар 1-ўрин учун 10 миллион, 2-ўрин учун 7 миллион, 3-ўрин учун эса 5 миллион сўмдан пул мукофотлари, диплом, кубок ҳамда китоблар билан тақдирланишди.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабалар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий қилинади

Ёшлар фестивали доирасида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Санъат саройи атрофидаги боғда ўтган учрашув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan